Жамият | 16:21 / 25.08.2023
50989
7 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: “перашкачи”нинг вундеркинд қизи

Ўткир ака Йўлдошев тонг саҳарлаб турмуш ўртоғи пиширган “перашка”ларни велосипедида сотиб келиб оила камчиликларини бутлайди. “Перашкачи”нинг 4 қизи бор. Дилшода оиланинг учинчи фарзанди. У бу йил Бешариқ туманидаги 1-мактабнинг 11-синфига ўтди. Дилшода муддатидан аввал Англия, Финландия, Япония халқаро университетлари талабасига айланди. Меҳрибон ота рўзғордан орттириб қизининг тайёрлов курсларига қатнаши учун пул топиб бера олмади. Оила шароитини тўғри тушунган ўқитувчилар эса билимга чанқоқ қизга бепул таълим берди.

Дилшода Ўктамова бир карра халқаро, бир неча карра ички олимпиадалар ғолиби. Яхши ният ва меҳнатлар ўз мевасини бериб, у муддатидан аввал 6 университет талабасига айланди.

Отам “перашка” сотиб ўқишим учун шароит қилиб берди...

“1-синфдаёқ чет тили ўқишни бошладим. Қўшнимиз инглиз тили ўқитувчиси эди. 3-синфдан бошлаб қўшнимизнинг уйига қатнаб грамматика ўқиб юрдим. 5-синфга ўтганимда мактабдаги устозим олимпиадага тайёрлашни бошлади. Қисқа қилиб айтганда, қўшнимиз сабаб чет тилига қизиқиш бошланган.

Оилада тўрт опа-сингилмиз. Мен 3-фарзандман. Онам тонг саҳарда туриб перашка пиширади. Отам уни кўчада сотиб келади.

Болалигимдан ота-онам ўзлари емай-ичмай, яхши кийинмай бир сўм орттирса ҳам китоб олиб беришарди. Улар ўқишимга алоҳида эътибор қаратишди. Айниқса, китоб сотиб олмоқчи бўлсам қаердан бўлса ҳам пул топиб беришган. Ота-онам “перашка”дан тушган суммадан орттириб китобим учун доим пул ажратишган.

Отам фақат олға интилишим, ўқиш учун барча қийинчиликларни енгишим кераклигини доим уқтириб келади. Онам ҳам мени доим қўллаб-қувватлаб келган. Керак бўлса уй юмушларидан ҳам озод қилиб қўйган.

5-синфдан 9-синфгача туман олимпиадаларида 1-ўринни олиб келганман. Дастлабки ютуқларим шундан бошланди. Пандемия вақтида онлайн олимпиадалар бўлди. Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ўтказилган олимпиадада ҳам 1-ўринни қўлга киритдим. Кейинчалик 10-синфга ўтиб қўлимга телефон тушганидан кейин университетлар ҳақида маълумот олиб имтиҳонларда қатнашиб кўрдим. Етарли балл тўплаб университетларга ўқишга қабул қилиндим. Шу йилнинг январ ойида Халқаро Япония университети талабаси бўлишга муваффақ бўлдим. Ундан кейин Финландия билан ҳамкорликдаги Nordis университети талабасига айландим. Орадан бир ой ўтиб Наманган халқаро университетига қабул қилиндим. Ундан кейин эса SamMed университети талабасига айландим. Куни кеча эса Лондондаги Ғарбий Шотландия университетининг (UWS London) талабалари сафидан жой олдим.

Отам бизларга олий маълумотли бўла олмагани учун ҳаётда кўп қийинчиликларга дуч келгани ҳақида гапириб берарди. Онам ҳам фарзандлари билим олиши учун тиним билмай “перашка” пиширди.

Оилавий шароит туфайли репетиторга боришга имконият бўлмаган.

Дилшода Ўктамова яшаётган хонадон

Синф раҳбарим Зулайҳо Тоштемирова ҳолатни тўғри тушуниб 6 йил давомида инглиз тилини бепул ўқитди. Барча ютуқларимнинг сабабчиси шу устоз бўлади. Зулайҳо опа ҳозир уйида инглиз тилидан дарс ўтади. Устоз менга ҳам 22 нафар ўқувчини бириктирган.

Бу йил 1-мактабнинг 11-синфига ўтдим. Келажакда таржимон бўлмоқчиман. Туризм соҳасини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман”, – дейди Дилшода.

Ўқитувчилар шароитимизни тушуниб қизимни бепул ўқитишди...

“Жуда кўп ташкилотларда ишладим. 4-синфдан сандиқ-жавон ясаб сотдим. Кейин боғбончилик, ҳокимият ошхонасида “буфетчи”лик қилдим. 

Ўткир Йўлдошев. Дилшода Ўктамованинг отаси.

“Сокрашения”ларга тушиб бозорга “грузчик”ликка ишга кирдим. Ёғоч юклардик, туширардик. Турли юмушларда кунбай ишладим. Тахта бозорида кўп танишлар орттирдим. Ўша пайтда турмуш ўртоғим бозорда “перашка” сотарди. “Перашка”ларни тахта бозорига олиб бориб сотишни йўлга қўйдим. Шу-шу аёлим “перашка” пиширади, мен атрофда айланиб юриб сотиб келаман. “Перашка” сотиб юриб тўйлар қилдик, қизларни ўқитяпмиз.

4 қизим бор. Тўнғичини турмушга узатдим. 2-қизим Қўқондаги педагогига институтида шартнома асосида ўқийди. Қизим Дилшода 3-фарзандим. У ёшлигидан интилувчан эди. Қизимни қўшним ва синф раҳбари инглиз тилидан яхши тайёрлашди. Қизларимга ўқисанг нонинг бутун бўлади, келажакда оиланг, фарзандларингга яхши бўлади деб уқтирардим.

“Перашка” сотиб келиб бир қисм пулни рўзғор харажати учун алоҳида ажратаман. Камчиликлардан орттириб 10-20 минг қилиб тўплаб бораман. Тўпланиб қолган пулга қизларимга китоб олиб бераман. Эрталаб кўчани айланиб 100 минг сўм ишлаб келаман. Мусиқа мактабида қоровуллик ҳам қиламан. 

Турмуш ўртоғим билан бирга фарзандларимиз келажаги учун курашяпмиз. Оддий “перашкачи” бўлсам ҳам қизим яхши натижаларни қўлга киритди. Хурсандчилигим ичимга сиғмай кетяпти.

Қизим Дилшодахон Япония Халқаро университетининг 1-курсини онлайн тамомлади. 11-синфни битириб олса, яна орзулари амалга ошади. У ҳали мактабни тамомламай 6 университет талабасига айланди. Мен бугун дунёдаги энг бахтиёр отаман”, – дейди Дилшода Ўктамованинг отаси Ўткир Йўлдошев.

Перашка” сотиб тўй қилдик, қизимизни контрактда ўқитяпмиз...

Тонг саҳар 4:30 ларда уйғониб перашкаларни пишириб, қизларимга чой тайёрлаб иссиқ перашкалар билан мактабга жўнатаман.

Дилдорахон Йўлдошева. Дилшоданинг онаси

3-қизим Дилшодахон 5 ёшида ёзиш-чизишларни мустақил ўрганди. Қўшнимиз инглиз тилидан дарс беради. Шу сабабли ҳам қизимда 3-синфлигидаёқ тилга иштиёқ шаклланди. Бугунги кунда қизим ҳар қандай ютуқни қўлга киритса отаси кириб қўшнимизга раҳмат айтиб чиқади.

Аввал кийим бозорида “перашка” сотар эдим. Эндиликда бу юмушни турмуш ўртоғим бажаряпти.

Дилшода Ўктамова яқинлари билан

Тўй қилдик, орқасидан 2-қизимизни институтда шартнома асосида ўқитяпмиз. “Перашка” сотиб ҳаммасини амаллаяпмиз. Ҳар куни 100 та “перашка” пишираман. Қўни-қўшнилар ҳам эрталабки нонушталарига олиб чиқиб кетишади. Мактабда ўқиб юрган кезларимда инглиз тилига қизиқиб олимпиадаларга борардим. Оилавий шароит туфайли ўқишга кира олмадим.

Ўша қизиқиш қизимга ўтди. Дилшодахон ишончимизни оқлади. Ҳар куни эрта тонгда дастурхон бошида қизларимга ризқ сўрайман”, – дейди Дилшоданинг онаси Дилдорахон Йўлдошева.

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид