Ўзбекистон | 10:27 / 25.08.2023
15075
2 дақиқада ўқилади

Ургутда «Малибу-2» уриб юборган пиёда ҳалок бўлди

Ижтимоий тармоқларда ҳодиса тасвирланган видео тарқалди. Унда максимал тезлик соатига 60 км бўлган жойда «Малибу-2» жуда катта тезликда ҳаракатланиб келганини кўриш мумкин.

Фото: Ургут тумани ҳокимлиги

Ҳодиса 2023 йил 20 август куни тунги соат 00:36 лар атрофида Ургут шаҳри марказидан ўтувчи Навоий шоҳкўчасида содир бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Малибу-2» машинаси Навоий шоҳкўчасининг «Боғишамол» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳаракатланиб келаётган вақтида йўлнинг чап томонидан ўнг томонига ҳаракатланиб ўтаётган пиёдани уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.

Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олган ва ҳайдовчи томонидан зудлик билан тиббиёт бирлашмасига етказилган. Бироқ тиббиёт ходимлари кўрсатган муолажаларига қарамасдан пиёда вафот этган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан бир неча кун аввал Ургут тумани Алгар маҳалласида ҳам ЙТҲ содир бўлган ва ҳодиса туман ҳокими иштирокида муҳокама қилинганди. Бироқ мазкур ЙТҲ ҳақида масъул ташкилотлар томонидан расмий маълумот берилмади.

Мавзуга оид