«Барселона» ва «Ливерпул» учун жиддий синов, Ҳусанов Мбаппега қарши майдонга тушиши мумкин
Кеча Жуд Беллинҳэм Мадрид тахтининг янги вориси ким бўлиши ҳақидаги саволларга чек қўйишда давом этди, «Челси» бир неча ойлардан бери АПЛ даги илк ғалабасига эришди, Нантда эса жуда кўп гол урилган жанговор дуранг қайд этилди. Умид қиламизки, дам олиш кунлари ҳам жума оқшоми бошлаб берган трендни давом эттирган ҳолда воқеаларга бой кечади.
ПСЖ – ЛАНС (26 август, 23:55)
Франция чемпионати учинчи турга етиб келган бўлса-да, ҳақиқий «ПСЖ»ни биз энди кўришимиз мумкин. Неймар кетди, Мбаппе қайтди, Усмон Дембеле ҳам ўтган ўйинда иккинчи таймда майдонга тушди. Луис Энрике қўл остида Париж клуби илк бор оптимал таркибда, Мбаппе – Рамуш – Дембеле ҳужум учлиги билан ҳаракат қилиши мумкин. Дастлабки тажрибалар унча ўхшамади – жамоа икки ўйинни ҳам дуранг билан якунлаб, атиги бир гол, у ҳам бўлса пенальтидан киритишга муваффақ бўлди. Аммо ўйин борасида Энрикенинг чизгилари сезиларли. Жамоа жуда кўп узатмаларни амалга оширмоқда, тўпни ва ўйинни тўлиқ назорат остида ушлаб турибди. Энди бу тизим олдинги чизиқдаги ижрочилар ёрдамида қандай қилиб голларга айланади, кузатиш қизиқ бўлса керак.
Уларга Абдуқодир Хусановнинг жамоадошлари қаршилик қилади. Ҳамюртимиз ҳозирча захирада қолмоқда, мураббий ҳимояда Данзо – Градит – Медина учлигига ишониб турибди, аммо ҳар қандай паллада Хусановни имконият туғилиши мумкин. «Ланс» дастлабки ўйинларни ёмон ўтказган бўлса-да (бир мағлубият, бир дуранг) ўтган мавсумда парижликларга муносиб чемпионлик пойгасини ташкил қилиб берган, атиги бир очкога кам жамғарганди холос. Ўзаро ўйинларда ҳам «Ланс» бўш келмади – ҳар икки ўйинда мезбон жамоа 3:1 ҳисобида устун келган. Парижда ҳам одатда «Ланс» ёмон ўйнамайди: охирги беш учрашувнинг иккитасида меҳмонлар бир очко олиб кетишга муваффақ бўлган.
Мезбонлар сафида Бернат, Мендес, Ли Кан Ин каби футболчилар жароҳат туфайли майдонга туша олмайди. Аммо Мукиеле ва Кимпембе машғулотларга қайтгани, ҳамда бу ўйинда қатнашиши мумкинлиги мухлисларни хурсанд қилиши мумкин. «Ланс» эса, Пореба, Саид ва Фаринесларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Ушбу футболчилар ўтган мавсумдан бери сафга қайтгани йўқ.
НЬЮКАСЛ – ЛИВЕРПУЛЬ (27 август, 20:30)
«Ньюкасл» ҳам, «Ливерпул» ҳам аввалги турларда марказий ўйинда қатнашиб улгуришди. Биринчи турни «Ливерпул» «Стемфорд Бриж»да ўтказган бўлса, «Ньюкасл» ўтган ҳафта «Этиҳад»га сафар қилди. Яъни ҳар икки жамоа ҳам мавсум бошланиши бўлишига қарамасдан, жиддий синовлар тажрибасини бошдан кечириб бўлишди. Бу фактор ҳам ушбу баҳсни янада муросасиз қилиши турган гап. Ҳар икки жамоа ҳам ўша ўйинларда очко йўқотгани яна бир туртки бўлиб хизмат қилади, зеро мавсум бошидан пешқадамлар орасидаги фарқ катталашиб кетиши кейинчалик, айниқса еврокубоклар бошланганда анча қийнаб қўйиши мумкин.
«Ньюкасл» ўтган мавсумда айниқса катта ўйинларда анча муносиб иштирок этиб, топ-клублардан очко олишнинг уддасидан чиққан бўлса-да, айнан «Ливерпул» ноқулай рақиб бўлиб қолаверганди. Сўнгги икки мавсумда «Ливерпул» рақибидан ҳамма очколарни олиб қўймоқда, умуман 2015 йилдан бери, жами 13 ўйин «Ньюкасл» «Ливерпул» устидан ғалаба қозона олмаяпти. Қизиғи, ўша ўйинда майдонга тушган футболчилардан ҳозирда жамоаларда ҳеч ким қолмади, янаям қизиғи, «Ньюкасл»нинг голларидан бирини Вейналдум киритган. Маълумки, нидерландиялик футболчи кейин «Ливерпул»га ўтиб, барча совринларни қўлга киритишга ҳам улгурди. Хуллас, «қарғалар» анча узоқ давом этаётган серияга чек қўйишларига тўғри келади.
Таркибларга келадиган бўлсак, «Ливерпул» ҳимоя чизиғида муаммоларга дуч келган. Конатенинг майдонга тушиши сўроқ остида. Клопп эса, таркибга тўлиқ ишонишини ва ушбу чизиққа трансфер ойнаси якунига қадар янги номлар бўлмаслигини айтиб ўтди. Шунингдек, Трент Александр-Арнолднинг ҳам учрашувда қатнашиши аниқ эмас. Яхшиямки «қизиллар» «Борнмут»га қарши ўйинда майдондан четлатилган Макалистернинг жазосини бекор қила олишди. Акс ҳолда муаммолар майдон марказига ҳам кўчиши турган гап эди. «Ньюкасл» сафида Жоэлинтон ўйнай олмаслик эҳтимоли бор. У «Манчестер Сити» билан ўйинда ҳам алмаштирилган эди. Шунингдек, Жо Уиллок келаси ойгача шерикларига ёрдам бера олмайди.
ВИЛЬЯРЕАЛ – БАРСЕЛОНА (27 август, 20:30)
«Барселона» ўтган мавсумнинг қолган жойидан давом этмоқда. Тер Стегер дарвозаси ҳали ишғол қилингани йўқ, жамоа деярли барча жабҳада, яратилган имкониятлар, тўп назорати, берилган зарбалар, аниқ узатмалар бўйича Лигада пешқадамлик қилмоқда. Аммо яна шуни айтиш керакки, «Барселона» гол уриш борасида муаммолари кўпайган. Ўтган икки ўйинда «Барселона» атиги икки гол урди, у ҳам бўлса, «Кадис» билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалаба голлари урилди. Сафардаги «Хетафе» билан учрашувда тўртта яққол голли вазият яратилган бўлса-да, ҳисоб очилмади.
Дембеленинг кетиши, Рафиньянинг дисквалификацияси жамоа натижаларига ўз таъсирини ўтказаётгани сир эмас. Бунинг устига Роналд Араухо ҳам жароҳатланди, янги харид қилинган Иньиго Мартинес ҳам жароҳатда, натижада Френки Де Йонг марказий ҳимояда ўйнашига тўғри келяпти. «Вильяреал»га қарши ўйинда эса, ўтган учрашувда ғалаба голини урган Педри ҳам қатнаша олмаслиги мумкин. Шундоқ ҳам муаммолар бор, яримҳимояда янги футболчиларнинг киришиб кетиши ҳам муҳим бўлган ҳозирги паллада асосий таркиб футболчиларининг сафдан чиқиши Хавига қўшимча бошоғриғи бўлиши турган гап.
Бу сафарги рақиб анойи эмас. «Вильяреал» мавсумни «Бетис»дан мағлубият билан бошлаган бўлса-да, ўтган турда «Мальорка»ни сафарда енгди. Одатда «Барселона» «сариқлар» учун анча ноқулай рақиб ҳисобланиб, сўнгги 25 ўйинда атиги бир маротаба ғалаба қозонилган бўлса-да, Кике Сетьен собиқ жамоасига қарши анча жиддий тайёрларлик кўришини кутамиз. Жамоани Пау Торрес, Чуквезе, Жексон каби асосий футболчилар тарк этган, аммо Александр Сёрлот, Бен Бреретон каби футболчилар ҳужум чизиғида эскиларнинг ўрнини босиши лозим бўлади.
«Вильяреал» сафидаги энг истеъдодли футболчилардан бири Йереми Пинонинг жароҳати балким яхшиликка бўлди, у учун навбатда турган бир қатор топ-клубларнинг режаларини бироз кечиктирди. Бу эса, «Вильяреал» учун яхшиликка хизмат қилиши ҳам мумкин. Пино жамоа билан машғулотларга қайтган, илк дақиқалардан бўлмаса-да, бу учрашувда майдонга тушиш эҳтимоли бор.
АТЛЕТИК – РЕАЛ БЕТИС (28 августга ўтар кечаси, 00:30)
Баскония ва Андалусия жамоалари доим пешқадамлар ва пойтахт жамоаларига муносиб қаршилик қилиб келиш билан бир қаторда, уларнинг ўзаро тўқнашувлари ҳам анча кескин ва томошабоп ўтишига ўрганиб қолганмиз. «Атлетик»нинг «Бетис» билан ўйинлари ҳам шулар жумласидан.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда «Севилья»нинг барқарор эмаслиги туфайли, Ла Лигадаги «Реал», «Барселона» ва «Атлетико»дан кейинги 4-жамоа мақоми бўшаб қолган ва бу ўринга даъвогарлик қилувчи жамоалар кўп. Ўтган мавсумда бу ўрин «Сосьедад»га насиб қилган, аммо «Атлетик» ҳам, «Бетис» ҳам мавсум давомида юқори ўринлар учун курашишди. Илк турлардан яхши очко тўплаган ҳар қандай ўртамиёна бемалол Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашиш имкониятига эга бўлишини инобатга олсак, бу ўйин айнан турнир нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
«Бетис» жуда оғир тақвимда дуч келган бўлса-да, яхши очко йиғмоқда: «Вильяреал» билан сафарда ғалаба ва «Атлетико» билан дуранг. Жамоанинг кейинги сафари «Барселона»га бўлади. Агар мана шу қийин палладан ўтиб олинса, Пеллегрини шогирдлари анча қулай тақвимга тушиб олишлари ва анча ижобий серияни ҳам амалга оширишлари мумкин. «Атлетик» ҳам анча қийин рақиб устидан (Осасуна) ўтган турда ғалаба қозонди. Биринчи турда эса «Реал»дан мағлубият алами тотилганди. Хуллас анча яхши формадаги, таркиб ва салоҳият жиҳатидан бир-бирига тенг бўлган рақиблар тўқнашуви жуда қизиқарли ўтиши шубҳасиз.
Таркиблар борасида меҳмонлардан Вильям Карвалью ҳали қайтмади, Фекир катта эҳтимол ноябрда қайтади. Табиийки, Пеллегрини бу йўқотишларга бошидан тайёр бўлган ва ҳозирда Иско, Айозе Перес каби янги номлар жамоа ўйинини белгилаб бермоқда. «Атлетик» сафида эса йўқотишлар кўпроқ. Дани Гарсия, Оскар де Маркос, Юри Берчиче, Йерай Алвареслар шулар жумласидандир. Оян Сансет эса «Осасуна»га қарши ўйинда ҳакам томонидан майдондан четлатилган ва дисквалификацияга эга.
Яна бир факт. Уч ўйиндан буён бильбаоликлар «Бетис» дарвозасини ишғол қила олишмаяпти. Ўтган мавсумдаги уй ўйинида 0:1 ҳисобида бой берилган, Андалусиядаги учрашувда эса ҳисоб очилмаганди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
26 август. Борнмут – ТОТТЕНҲЭМ (16:30),Бохум – БОРУССИЯ Д (18:30), АРСЕНАЛ – Фулҳэм (19:00), МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Ноттингем Форест (19:00), БРАЙТОН – Вест Ҳэм (21:30), Фрозизоне – АТАЛАНТА (21:30), Верона – РОМА (23:45), МИЛАН – Торино (23:45)
27 август. Шеффилд – МАНЧЕСТЕР СИТИ (18:00), БАВАРИЯ – Аусбург (20:30), ЮВЕНТУС – Болонья (21:30), ЛАЦИО – Женоа (23:45), НАПОЛИ – Сассуоло (23:45).
28 август. ИНТЕР – Кальяри (23:45).
Мавзуга оид
15:03 / 24.12.2024
Абдуқодир Ҳусанов — CIES талқинига кўра 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида энг яхши марказий ҳимоячи
17:22 / 23.12.2024
Ҳусанов – йилнинг энг яхши ёш спортчиси, Дўсматов ва Келдиёрова йилнинг энг яхши спортчилари. «Миллий спорт мукофоти-2024» ғолиблари эълон қилинди
12:33 / 23.12.2024
Ҳусановнинг «ўғирланган» голи ва Лондонда теннисча ҳисоб. Кун ўйинлари
12:02 / 22.12.2024