Жамият | 12:08 / 26.08.2023
30981
7 дақиқада ўқилади

«Горио ота» – ваҳший жамият «ўлжа»сига айланган ота фожиаси

Бу ҳаётда мол-дунё, ҳашамат нималарга қодир эмас? Бойлик инсониятнинг ҳиссиётларигa ҳам ўз таъсирини ўтказолади. Баъзан яқинларидан узоқлаштирса, баъзида бегоналар билан яқинлаштириб қўяди. Гоҳи қулларни озод бўлишига ёрдам берса, гоҳи одамларни ўзига қул қилади. 

Хуллас, бойлик дея аталмиш нарсанинг яхши-ёмон; ҳикматли ва ҳикматсиз; фойдали ҳамда зарарли тарафлари бисёр. Унинг қай томонидан баҳра олиш эса инсоннинг ўзига, ақлий ва ахлоқий фазилатларига боғлиқ. 

Француз адиби Оноре де Балзакнинг «Горио ота» асари айни шу бойлик, мол-давлат ва ҳашаматнинг ХIX аср француз жамиятида қандай рол ўйнагани, инсонлар орасида қанчалик аҳамиятга эга бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.

Сюжет:

«Горио ота» романи 1834 йил ёзилган. Ўзбек тилига Султон Муҳаммаджонов томонидан таржима қилинган.

Асар қаҳрамонлари – Горио ота, Анастази, Делфина , Эжен де Растиняк, Бяншон, Максим де Траер ва бошқалар.

Горио ота – собиқ тадбиркор, сармоядор шахс. У ўз вақтида бадавлат шахс бўлган. Рафиқаси вафотидан сўнг бутун ҳаётини, бор меҳр-эътиборини икки қизи – Анастази ва Делфинага бағишлайди. Уларни маликалардек вояга етказади. Афсуски, қизлар бемеҳр чиқди, уларга фақат отасининг пуллари керак эди, холос…

Асарнинг яна бир бош қаҳрамони Эжен де Растиняк – шаҳарга ўқиш мақсадида келган, ҳуқуқшунослик факультети талабаси. Оддий оиланинг фарзанди бўлган Эжен шаҳарда яшаш, обрў орттиришнинг ягона осон йўли – киборлар жамиятига яқинлашиш деб ҳисоблайди. Шу сабаб ўзининг узоқ қариндоши де Босеан хонимдан маслаҳат олади ва базмларга қатнаш орқали секин-аста киборлар жамиятига кириб боради. 

Растиняк энди Горио отанинг бой-бадавлат қизлари билан танишади. Вақтлар ўтиб ўзи танишган, яқин муносабатлар ўрнатган бу икки аёл ижарадоши бўлмиш Горио отанинг қизлари эканини билиб қолади. Аслида талаба йигит Горио ота билан Воке пансионида ғариб ҳолатда яшарди. Растиняк қизлари шунчалар бой бўла туриб отасининг бунчалар хароб ҳолатда яшашидан ҳайратланади. Билишича, қизлари ҳатто отасининг борлигидан орланишарди.

Зодaгонлар ҳаётига ошуфта бўлган, кўзларини ҳашамат кўрки қамаштирган, қандай қилиб бўлмасин бойиш орзусида бўлган йигитча бу иккала бемеҳр қизнинг ҳаракатларини кўриб афсусланади. Ҳар икки қиз ҳам оилали, фарзандлари бор, лекин шунга қарамай, улар турли балларга боришни, маишат қилишни, қимматбаҳо тақинчоқлар тақишни, маъшуқлари билан қимор ўйнашни севади. Маъшуқларидан ажралиб қолмаслик учун бор-будини беришга тайёр. 

Қизларнинг барча қарзларини шўрлик Горио ота тўлайди. Ўзи бир хароба уйда ижарада турса-да, қизлари учун энг охирги пулларини беришга ҳам рози. Муҳими, бир он бўлса ҳам қизларини кўришни истайди. Лекин қизлари отасидан уялади. Кўча-кўйда у билан кўришишни истамайди. Аммо бошларига ташвиш тушса, дарров отаси ёнига чопади.

Растиняк бу воқеаларни кўриб эзилади, касалманд отага ёрдам беради. Чол вафот этиш арафаси зор қақшаб қизларини ёнига чорлайди. Аммо бемурувват қизлари арзимас сабабларни рўкач қилиб отаси ёнига бормайди. Боришни хаёлларига-да келтирмайди.

Ота вафот этгач қизлари ўрнига Растинякнинг ўзи дафн маросими ўтказади... Нонкўр қизлар ҳатто отаси бир неча марта чақиришига қарамасдан ўлими олдидан бир марта ҳам кўришга келмади, дафн маросимига эса хизматкорларини жўнатишади. Бу ҳодиса талабага катта сабоқ бўлди. Ўзи интилаётган, орзиқаётган аристократлар жамиятининг асл юзини кўради ва бу жирканч ботқоқликдан иборат ҳашаматдан жирканади...

Таҳлил:

Адиб асар орқали биргина оила мисолида бутун француз жамиятининг чиркинлигини, одамлар пул, обрў, мансаб учун ҳеч нарсадан қайтмасликларини, уларга оиланинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эканини кўрсатиб берган.

Ушбу романда китобхон ХIX аср француз жамияти билан танишади ва бу жамиятнинг иллатлари, нафс, мол дунё одамларни не кўйга солганлигининг гувоҳи бўлади. Асарда оилаларнинг барбод бўлаётгани, минг йиллик қадриятлар сўнаётгани таъсирли тарзда ёритилган.

Горио ота қизлари учун борини бериб, уларнинг истакларини ҳар дам муҳайё қилган. Оқибатда қизлари худбинлашиб, нима истасак отамиз шуни беришга мажбур деган тушунча билан улғайди. Чолнинг қизларига шу қадар меҳри баландлигидан дилбандларининг қилиқлари унга ҳечам оғир ботмасди.

Аммо четдан қараганда Горио отанинг ҳолати жудаям ачинарли эди. Аслида ўша давр француз жамиятининг ҳолати Горионикидан-да оғирроқлиги сезилади. Иллатга ботган, ёлғонга тўлган, фаҳшдан тошган бу жамиятда тоза ҳавонинг ўзи қолмаганди. Одамлар бадавлат бўлиш учун ёки юқори мавқеини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсага тайёр, ҳар қандай разилликка рози ҳолатда яшарди. 

Усти ялтироқ, ичи қалтироқ жамият ўзини кўз-кўз қилиб, ортида чиркинлик яширинган ҳашаматини кўрсатиб Растиняк сингари ҳали ғўр, беғубор қалбларни ўзига жалб қиларди. «Ўлжалар»ини тузоққа илинтириб роҳатланарди. 

Анастази ва Делфинанинг худбинлиги, пул ва ҳашаматга ўчлиги, отасига шафқатсиз муносабатда бўлиши китобхонда ғазаб қўзғайди. Аммо ўша давр ва ўша маконда бундай ҳолат табиий яшаш тарзига айланганди. Бу эса қадриятлар, соф туйғуларнинг таг томиридан чириб бораётганини, ҳақиқий ҳислар заволга юз тутаётганини, шуни инсонлар англаб етмаса, вақтида бундан қайтмаса, жамият таназзулга учрашини, натижада, Горио отадек хор бўлишини кўрсатиб турарди.

Бойлик, мавқе қанчалар катта кучга, қудратга эга бўлмасин, соф туйғулар, ўзаро меҳр-муҳаббат, улуғвор қадриятлар ундан-да қудратлироқдир. Меҳр-оқибатни, самимий туйғуларни поймол қилувчи бойликда файз бўлмайди. Самимият илиқлигидан йироқ бўлган бой инсон барибир ўзини бахтсиз ҳис қилаверади. Пулдор инсон атрофидаги дўстлар сохта бўлиши мумкин, аммо камбағал, ночор инсон атрофидагилар доим ҳақиқий бўлади. Чунки бечора кишидан ҳеч қандай манфаат кутиб бўлмайди. 

Шундай экан, ўткинчи мол-дунё қаршисида туриб, ҳақиқий бойлигимизни бой бериб қўймайлик... 

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикр таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид