Жамият | 11:34 / 29.08.2023
82405
8 дақиқада ўқилади

«Ажралиш йўқ, бир биримизга керакмиз» – ҳатто дардни бирга чекувчи уч эгизак

Ҳасан, Ҳусан ва Тоҳир – 16 ёшда. “Биз бир биримизни тўлдириб турамиз” дейди улар, чунки ҳар бирида ўзига хос қобилият бор. Болаларнинг онаси ҳозиргача уларни адаштириб қўяди. Kun.uz бу қувноқ оила ҳақида репортаж тайёрларкан, эгизакларни ота-онаси овозидан қандай ажрата олиши ҳақида кичик эксперимент ҳам ўтказди.

Уч эгизак – Ҳасан, Ҳусан ва Тоҳирнинг отаси Жаҳонгир Гулямов, онаси –Саодат Гулямова. Эгизаклар 2007 йилда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида туғилган. “Болаларим тўрт ҳафталигида шифокорлар 2 эгизак туғилади дейишган, 8 ҳафталигида 3 ўғил дейишган. Жуда ҳаяжонланганман, қўрқиб кетганман, дунёда шунақа 3 эгизак туғиладими? Ўзимга биринчи берган саволим шу бўлган. У вақтлар бу ҳолат жуда кам учрарди, 3 нафар эгизак туғилибди деган гапларни эшитмас ҳам эдик”, – дейди Саодат опа.

Эгизакларнинг отаси эса 3 эгизак туғилишини эшитгандаги ҳолатини шундай тасвирлайди:

“Биринчи марта бу хабарни телефон орқали эшитганман, тахминан 1 минутча шок ҳолатига тушиб қотиб қолганман”.

Эгизакларнинг каттаси Ҳасан уларни биринчи кўрган одам, албатта, “эгизакмисизлар?” деган ғалати саволни беришини айтади.

Кўриб била туриб, сўрашади. Яна “ким катта?” дейишади. Ёки “ким Ҳасан, ким Ҳусан?” деб сўрашади”, дейди у.

Болаларнинг онаси Саодат опа эгизакларга ҳамма ҳавас қилиши, аммо уларни катта қилишнинг анчагина машаққати борлигини айтади.

“Уларга учта деб ҳавас қилишади, мен ҳам ёшлигимда ҳавас қилганман, лекин 3 болани бир вақтда катта қилишнинг ўзи бўлмайди. Бир вақтда йиғлайди, бир вақтда касал бўлади, бир вақтда уйғонади, бир вақтда бешикдан ечиб олиб кўтариш керак. Мана шу жойлари қийин бўлган. Болалар 4 ойлик бўлгунча вазн олиш учун шифохонада ётганмиз. (Ҳар бири 1,5 кгдан туғилган). Кейин онам ва қайнонам ёрдам берганлар, шундай қилиб катта қилганмиз”, – дейди Саодат опа.

Отаси улар бир-бирига меҳрибонлиги ва доим бир-бирини қўллаб-қувватлашини фахр билан гапиради.

“Кимдир йиқилса, ёки нимадир бўлса, кўнгил сезади, ғашлик тортади. Кўришганимдан кейин бирданига сўрайман, нимадир бўлдими, дейман. Ҳа, ҳақиқатан нимадир бўлган бўлади”, дейди Ҳасан.

Улар бир-бирига жуда ўхшайди. Ҳатто Саодат опа ҳозиргача Ҳасан билан Ҳусанни шифохонада адаштириб қўйишган деб иккиланишини айтади.

Тоҳир Ҳусаннинг ўрнига инглиз тилидан луғатларни айтиб бериб, унга юқори балл олиб берганини айтади. У воқеани шундай эслайди:

“Ўша пайт IELTS ўқиётган эдик, янги ўқитувчи келганди. Ҳусан луғат ёдлаб келмаган. Мендан ёрдам беришимни сўради. Биринчи ўзим топширдим ва юқори балл олдим. Устоз Ҳусанни нега ёдламадинг деб уришди. Янги ўқитувчи бўлгани бизга қўл келди, у бизни ажрата олмасди. Луғатни яхшилаб ёдлаб, Ҳусаннинг ўрнига топширишга борганман. Аввалига сезиб қолмаслиги учун кўп хато қилдим ва яна бир имкон беришини сўрадим. Бироз тайёрланган бўлиб, қайта топшириб, Ҳусанга ҳам катта балл олиб берганман”, – дейди Тоҳир.

Ҳасан, Ҳусан ва Тоҳир режиссёр Зулфуқор Мусоқовнинг “Осмондаги болалар-3” филмида рол ижро этган, улар асосий қаҳрамон Жавоҳирнинг фарзандлари ролига таклиф қилинган.

“Бу тасодифан рўй берди. Филм учун эгизаклар қидирилаётган экан, болаларнинг расмларини кўрган ижодий гуруҳ уларни филмга чақирди. Филм яхши чиқди, томошабинларга манзур келди”, – дейди болаларнинг отаси.

Онаси эгизакларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати бир-бирига боғлиқ бўлиб, бир вақтда касал бўлишини айтади.

“Ўтган йили Ҳусаннинг бурнини операция қилдиргандик. 2 ой олдин худди шу муаммо Ҳасан билан Тоҳирда ҳам кузатилди ва уларнинг ҳам бурнини операция қилишга тўғри келди. Болаларга наркоз бериб, операцияга олиб кирилиши билан Ҳусан безовта бўлишни бошлади. 20 минутлар ўтгандан кейин безовталикдан мазаси қочди, ичи оғрий бошлади. Шифокорлар қараб, оғриқ қолдирувчи дори бергандан кейин ўзига келди”.

Болаларнинг ҳар бирида қайсидир соҳада қобилият бор. Ҳасан “айти”га қизиқади, ўзи мустақил киберхавфсизлик йўналишида ўқийди. Ҳусан архитектура ва чизмаликда яхши, ҳозирдан бу соҳани чуқур ўрганишни бошлаган, қўшимча дарсларга қатнаяпти. Тоҳир эса инглиз тили ва математикада қобилиятли.

“Хусусий мактабда ўқишади. Инглиз тили билан, математикадан чуқурлаштирилган билим олишяпти. Яқинда Тошкентда энг номи чиққан ўқув марказларига ҳам олиб бориб кўрдим. Имтиҳонлардан ўтишди. Бир хусусий мактабда бепул ўқишни кафолатлайдиган грант ютишди. Американинг FLEX дастури бўйича имтиҳонларнинг 2-босқичидан ҳам ўтишди. Уларни чет элда ўқитиш ниятимиз бор. Ҳусан архитектура соҳасида яхши натижалар кўрсатяпти, Ҳасан эса киберхавфсизлик бўйича ўқияпти. Тоҳир тиббиётга астойдил қизиқиши борлиги учун уйда кимдир бемор бўлиб қолса, дарров қандай дори ичиш керак, нима қилиш керак, маслаҳат бера бошлайди. Инглиз тили ва математика йўналишида кетаётган бўлса ҳам кимё биологияни ўзи қизиқиб ўқийди”, – дейди отаси.

Саодат опа яқинда Kun.uz’да нашр қилинган наманганлик нуроний эгизаклар ҳақидаги видеони кўргач, болалар бир-бирига “иним” деб гапиришни бошлаганини айтади.

“Яқинда Kun.uz’да 80 ёшли эгизаклар ҳақидаги лавҳани кўрдик, жуда ҳавасим келди, нуроний отахонлар экан. Ўшандан кейин болаларим бир-бирига “иним” деб сизлаб гапирадиган бўлди. Сал айтишиб, уришиб қолишса ҳам, “иним” деб ярашиб олишади. Яна бир бирига “қачон ҳақ берасан?” дейишни ўрганиб олди. Пенсия олсангизлар ҳақ берасизлар дейман”.

Болалар дид борасида ўхшаш эмаслигини айтади.

“Дидимиз ҳар хил, фикрлашимиз ҳар хил – биттамизга ёққан бўлса, бошқамизга ёқмайди. Ўхшаш тарафимиз кўпроқ овқатларда”, - дейди Ҳасан.

Тоҳир эса акалари борлигидан фахрланишини айтади.

“Битта ўзим бўлсам қанақа бўларкан, эркатой бўлиб юраман, деб ўйлардим. Кейин ўйлаб қарасам, ёнимда акаларим бўлиши яхши экан. Елкадош, суянчиқ бўлади. Янги мактабга биринчи марта борганимизда болалар “сакраган”, акаларим шу пайтда туриб берган”.

Болаларнинг отаси улардан умидлари катталигини айтади. Дунёнинг энг ТОП университетларида ўқитиш нияти борлигини, ҳозирдан уларнинг ўқишига инвестиция киритаётганини таъкидлайди.

 “Учта эгизак бўлиши, аввало, Аллоҳнинг инояти. Бу биз учун – бахт. Уларнинг отаси бўлиш эса жуда қизиқарли. Бир-бирини қўллаб-қувватлашидан ҳар доим фахрланаман”, - дейди у.

Ҳасан укаларига доим бир гапни айтади: биз ўша 80 ёшли Ҳасан ва Ҳусан эгизаклардек бўлишимиз керак. Ташлаб кетиш йўқ!

 

Мадина Очилова суҳбатлашди
Операторлар – Муҳиддин Қурбонов,
Абдуқодир Тўлқинов
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид