Ўзбекистон | 19:34 / 30.08.2023
8931
2 дақиқада ўқилади

Талаба бўлган абитуриентларнинг 48 фоиздан кўпи аёллар экани маълум қилинди

Аёлларнинг ўқишга қабул қилиниш фоизи таълим, ижтимоий таъминот, тиллар йўналишига кўпроқ бўлса, транспорт, архитектура ва АКТ соҳаларида эркаклар улуши юқори бўлган. 

Фото: Kun.uz

Янги ўқув йили учун 193421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган бўлса, шунинг 100 491 нафари – 52 фоизи эркаклар, 92 930 нафари – 48 фоизи эса аёллар ҳиссасига тўғри келган.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тақдим этган статистикага кўра, тест синовида аёллар эркакларга нисбатан юқорироқ балл тўплаганини кўриш мумкин.

Давлат гранти учун ўртача ўтиш балли эркакларда 112,4 баллни, аёлларда 125,1 баллни ташкил қилган. Тўлов контракт эса эркакларда 88,9 баллни, аёлларда 98,5 баллни ташкил этган.

Агентликка кўра, эркаклар ва аёлларда ўртача ўтиш балларининг бундай фарқ қилиши улар рўйхатдан ўтишда танлаган таълим йўналишлари ва улардаги ўтиш баллари билан боғлиқ.

Таълим соҳалари бўйича фоиз ҳисобида олинганда ижтимоий таъминот – 91,7 фоиз, тиллар – 88,5 фоиз ва таълим – 78,7 фоиз соҳаларига аёллар қабул қилинган.

Эркаклар эса кўпроқ транспорт хизматларига – 93,5 фоиз, архитектура ва қурилишга – 84,8 фоиз ва ахборот-коммуникация технологияларига – 75,3 фоиз талабаликка тавсия этилган.

Абитуриентларнинг таълим соҳалари кесимида талабаликка тавсия этилиш кўрсаткичлари

Маълумот учун, янги ўқув йили учун ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун 948 491 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган эди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан бироз паст.

Мавзуга оид