Ўзбекистон | 17:02 / 31.08.2023
11622
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк тўлов ташкилотларидан бирини жаримага тортди

Brio Group (Oson) тўлов ташкилоти жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг талабларини бузгани аниқланди.

Банк назорати қўмитаси томонидан кредит ташкилотлари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларга амал қилиниши, тижорат банклари, микромолия ташкилотлари ҳамда тўлов ташкилотлари уставларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда пруденциал меъёрларга риоя қилиниши, шунингдек уларда ўтказилган текширув натижаларида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Бундан ташқари, Марказий банк томонидан назорат тадбирлари натижаларига кўра тўлов операцияларини амалга оширишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг талабларини бузганлиги учун Brio Group МЧЖ (OSON) тўлов ташкилотига нисбатан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга асосан жарима санкцияси қўлланилди.

Хабарда тўлов ташкилоти қандай талабларни бузгани ва жарима миқдори қанча эканига аниқлик киритилмаган.

Шу билан бирга, бошқа тўлов ташкилотлари ва уларга хизмат кўрсатувчи банклар, шу каби қоидабузарликларга йўл қўйилган тақдирда, Марказий банк томонидан уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатини кўриб чиқиш бўйича муҳокамаларда 16 та масала кўрилган. Хусусан, кредит ташкилотлари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларга риоя этилиши, Марказий банкнинг пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига доир масалалар таҳлил қилинган.

Натижада 1 та микромолия ташкилотини реестрдан чиқариш масаласи кўрилган ва 9 та тижорат банки фаолиятида қоидабузарликлар аниқланганлиги оқибатида чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган. Реестрдан чиқарилган ташкилот номи ва огоҳлантириш олган банклар номи хабарда келтирилмаган.

Мавзуга оид