Жамият | 11:18 / 01.09.2023
30006
5 дақиқада ўқилади

Айрилиқ бўсағасидаги эгизаклар

Фотима ва Зуҳра Ражаббоеваларнинг ҳар иккиси давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди: бири Тошкентда - Ўзбекистон маданият ва санъат институтида, иккинчиси Бухорода - Бухоро давлат педагогика институтида ўқийди. Туғилганидан буён ҳеч узоқлашмаган икки танадаги “бир қалб”ни яқин кунларда олис масофа бир биридан узоқлаштиради.

Қизилтепалик Шерали Шодиев 15 йилдирки Россияда меҳнат қилиб, йилда бир уйига келади. Турмуш ўртоғи Моҳидил Раззоқова эса хусусий ва давлат шифохоналарида ҳамшира бўлиб ишлайди.

Ёшлигида олий маълумотли бўлишни орзу қилган ота шароит ва имкон йўқлиги туфайли бу ниятига эриша олмаган. Шу сабабли фарзандларини илмли қилиш унинг учун асосий мақсадига айланган.

Ўзи олисда бўлса-да, фарзандлари таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратган Шерали Шодиев мақсадига етишди: қизлари Фотима ва Зуҳра ишончини оқлаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Уларнинг бу натижасига эришишида асосий масъулият оила бекаси Моҳидил Раззоқовага тушди.Ҳам икки жойда ишлаб, ҳам фарзандлар тарбиясини тўлиқ назоратга олиш она учун осон бўлмаган.

20 йилдан бери Қизилтепа тумани кўп тармоқли поликлиникасида ҳамда хусусий клиникада ҳамшира бўлиб ишлайман. Турмуш ўртоғим 15 йилдан бери Россияга қатнайди. 4 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим четда эканлиги сабабли уларнинг тарбиясидаги масъулият кўпинча менинг зиммамда бўлади. Албатта, бу жуда оғир ва қийин: ҳам ота, ҳам она ролини бажараман.

Фарзандларимни ўзимдан узоқлаштирмай, бўлар-бўлмас кўчага чиқариб юбормасдан, ҳамма нарсани ўз ҳолича тушунтириб боришга ҳаракат қилганман. Тўғри, қийинчиликлар ҳам бўлган. Уларни енгиб ўтишда қизларим ҳам ёрдам берган. Айниқса эгизак қизларим кўнглимга қарайди, тушунишади. Мактабда ҳам ўқитувчиларидан бирор марта улар ҳақида негатив фикр эшитмаганман. Мана, иккаласи ҳам ўзлари танлаган йўналишда талаба бўлди. Шукур, бугун ана шу масъулиятнинг, меҳнатларимизнинг самарасини кўряпмиз.

Барибир ота-она фарзандининг қизиқишларига эътибор қаратиши, ўзининг орзу-ҳаваси учун уларнинг келажагини йўққа чиқармаслиги керак. Қизларимнинг қизиқишларига қулоқ тутганман, ўз талабимни қўймаганман.

Турмуш ўртоғим қизларимнинг тарбиясида анча қаттиққўл. Олисда бўлса ҳам, ҳар куни гаплашиб, назорат қилиб туради. Фарзанд тарбиясида отанинг роли муҳим, албатта” дейди Моҳидил Раззоқова.

Фотима ва Зуҳра бир-бирига икки томчи сувдай ўхшайди. Аммо қизиқишлари ҳар хил.

Ўзбекистон маданият ва санъат институтига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Маданият соҳасига бўлган қизиқишим шу йўналишдан кетишга ундади.

Зуҳра менинг ярмим: доим бирга юрганмиз, бирга мактабга борганмиз, уй ишларини бирга бажарганмиз. Унга жуда ўрганиб қолганман. Ундан айрилишим бироз кўнглимни хира қиляпти. Сабаби, у Бухорода, мен Тошкент шаҳрида ўқиймиз. Роса соғинсам керак. Қиёфамиз жуда ўхшаш бўлгани билан феъл-атворимиз, қизиқишларимиз бироз фарқли. Шунинг учун танлаган йўналишларимиз ҳам ҳар хил бўлиб қолди.

Дадам бизни ўқитиш учун ватандан ташқарида меҳнат қиляпти. Ёшликларида ўзларининг ўқишга шароити бўлмаган. Бизнинг илмли бўлишимизни, олийгоҳларда ўқишимизни жуда истаган. Дадамнинг меҳрини, қўллаб-қувватловини доим ҳис қилиб тураман”, дейди Фотима.

Зуҳра эса кўпроқ инсонлар билан ишлашни ёқтиради. Шу сабабли, Бухоро давлат педагогика институтига ўқишга кирган.

Мен эса психологияга қизиқаман. Инсонларнинг руҳияти билан ишлаш доим қизиқарли туюлган мен учун. Шунинг учун келажагимни мазкур соҳада кўрдим.

Ҳозирги кунда инсонлар руҳиятида ўзгаришлар анча кучли: кичик бир муаммо туфайли ҳам одамлар, айниқса аёллар тушкунликка тушиб қолади. Ижтимоий тармоқларда руҳий ҳолати барқарор бўлмаган хотин-қизларимиз ўзига ва атрофдаги яқинлари, ҳатто болаларига қанчалик зарар етказаётгани ҳақидаги воқеаларга кўп гувоҳ бўляпмиз. Бу каби ҳолатлар жамиятга ҳам салбий таъсирини ўтказиши мумкин. Уларни мана шу тушкунликдан олиб чиқиш, ҳаётга бўлган қизиқишларини оширишни мақсад қилганман.

Дадам чет элда. Онамнинг ёлғиз ўзига осон бўлмаганлигини тушунаман. Ўқишга тайёргарлик жараёнида уй ишларига улгурмай қолган вақтларимиз кўп бўлган. Онам ҳатто шундай вазиятларда ҳам ўзи икки жойда ишлаган ҳолда бизни қўллаб-қувватлабкелган. Ягона мақсадим ота-онамнинг ишончини оқлаш, биз учун қилган, қилаётган меҳнатларини қадрлашдир”, дейди Зуҳра.

Фотима ва Зуҳранинг таълим-тарбиясида бувиси Муҳаббат Раззоқованинг ҳам роли катта. Ўқитувчиликдан нафақага чиққан буви ҳар пайтдан мактабга бориб, набираларининг фанлардан ўзлаштиришини назорат қилиб турган.

Саноқли кунлардан сўнг Фотима пойтахтга, Зуҳра эса Бухоро шаҳрига йўл олади. 18 йил бирга, қўл ушлашиб улғайган эгизаклар бу айрилиқ соғинчли бўлса-да, илм олиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттиришларини, олий таълимнинг кейинги босқичларида ҳам ўқиш ниятлари борлигини билдиришди.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид