Спорт | 15:52 / 01.09.2023
26349
17 дақиқада ўқилади

Ойна ёпилмоқда: сўнгги трансферлар

Топ-чемпионатларда трансферлар ойнаси ёпилишига кам вақт қолмоқда.

Европа топ-лигаларида трансферлар ойнаси бугун ёпилади. Англия, Испания, Италия, Германия ва Франция клубларида ўз таркибини янги футболчилар билан кучайтириш учун сўнгги соатлар қолмоқда. 1 сентябр куни ҳам воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда. Қуйида бугун яна қандай келишувлар амалга ошиши мумкинлиги кўриб чиқилади.

Рандал Коло Муани – «ПСЖ»га

«ПСЖ» ва «Айнтрахт» клублари ўртасида ҳужумчи Коло Муани борасида музокаралар охирги кунга қадар чўзилди. Шу кунларда парижликлар 70 млн евро ва яна 10 млн евро кўринишида бонуслар таклиф қилишганди. Немислар клуби эса Рандал ўрнига «ПСЖ» форварди Уго Экитикени ҳам олишни истамоқда. Томонлар ҳозирча келиша олмаган. Бу вақтда эса Коло Муани «Айнтрахт» машғулотларини бойкот қилмоқда ва ўз трансферига ундамоқда.

«Умид қиламанки, «Айнтрахт» менинг «ПСЖ»га кетишимга йўл қўяди, – деган Рандал. – Мен бу клубдан қарздорман. Мен ҳамиша бор кучим билан ҳаракат қилганман. Аммо ҳеч кимга сир эмаски, «ПСЖ» мен учун рекорд даражада таклиф берди, мен уларга қўшилишни истайман, бу менинг фаолиятим ривожи учун катта имконият».

Жоау Канселу – «Барселона»га

«Барселона» ҳам ёзги трансферлар ёпилиши арафасида таркибини янги футболчилар билан тўлдиришни кўзлаган. Каталонияликлар клубининг Канселуни олиш бўйича «Манчестер Сити» билан музокаралари шу қадар узоқ чўзилдики, худди португалиялик футболчи аллақачон ўзини кўк-анорранглилар сафида ҳис қилмоқда. Бу чиндан ҳам рўй бериши мумкин. Инсайдер Фабрицио Романо «Барса» ва «Ман Сити» футболчини ижарага олиш бўйича келишувга эришгани ҳақида ёзган. Аммо футболчини кейинроқ сотиб олиш мажбурияти ҳақидаги банд бўйича бир тўхтамга келинмаган: инглизликлар шартномада шундай опция бўлишини истамоқда, каталонияликлар эса молиявий фэйр-плей билан муаммо чиқиши мумкинлиги туфайли бунга рози эмас.

Жоау Феликс – «Барселона»га

«Барса» ёз охирида яна бир португалиялик Жоау бўйича фаол музокараларга киришди. «Атлетико» форварди билан боғлиқ ҳолатда ҳам гап ижара шартномаси ҳақида бўлади. Каталонияликлар клуби 2023/2024 йиллар мавсумида унинг хизматларидан фойдаланиш учун 6-7 млн евро тўлаши мумкин. Агар барибир келишувга эришилмаса, Caught Offside маълумотига кўра, футболчи фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттиришга мажбур бўлади - унинг Диего Симеоне билан муносабатлари буткул бузилиб бўлган. 23 ёшли футболчининг ўзи ҳам «Атлетико»да қолишни истамайди, унинг келажаги яқин соатлар ичида маълум бўлади.

Ансу Фати – «Брайтон»га

«Барселона»нинг истеъдодли футболчиларидан бири Фати барибир Хави жамоасини тарк этади. Ҳозирча бутунлайга эмас, инглизлар клуби уни сотиб олиш шартисиз ижарага олади. Романонинг инсайдига кўра, Ансунинг ўзи ҳам, каталонияликлар клуби ҳам «Брайтон» таклифини қабул қилган. Вингернинг АПЛга ўтишига инглизлар жамоаси бош мураббийи Роберто Де Дзерби таъсир кўрсатган, у Фатини «Брайтон»да кўришни қаттиқ истамоқда. «Челси» ва «Тоттенҳэм» ҳам 20 ёшли испанияликка қизиқиш билдирганди, аммо бу клублар сўнгги кунларда курашдан чиққанди.

Серхио Регилон – «МЮ»га

«Челси» ҳимоячиси Марк Кукуреля Манчестерга йўл олиши мумкин эди. Фақат «Сити»га эмас, «Юнайтед»га. Инсайдер Романонинг хабар топишича, 25 ёшли футболчи шу кунларда «МЮ» билан келишиб олган, клублар эса футболчининг бир йиллик ижарасини муҳокама қилмоқда. Аммо «Челси» бу шартнома учун 8 млн евро ишлаб олишни истамоқда, «Юнайтед» эса 3 млн евро таклиф қилган ва уни қишда қайтариши ҳам мумкин. Натижада келишув барбод бўлиш хавфи юзага келган. The Athletic манбасига кўра, эндиликда манкунианликлар «Тоттенҳэм» ҳимоячиси Регилонга эътибор қаратган. Унинг трансфери – «МЮ»га нисбатан фойдали – ва бу трансфер 1 сентябр куни охиригача эълон қилинади.

Софиян Амрабат ёки Пиер-Эмил Ҳёйберг – «МЮ»га

«Манчестер Юнайтед» таркибини янги марказий яримҳимоячи билан кучайтириши керак. Журналист Николо Ширага кўра, манкунианликлар ЖЧ-2022 қаҳрамонларидан бири Амрабат билан келишиб қўйган ва унинг трансфери бўйича «Фиорентина»ни кўндириши керак. Марокашлик футболчи ўзини қўйиб юборишни талаб қилмоқда ва жамоадан алоҳида шуғулланмоқда. Бу трансфер мавсум якунида сотиб олиш шарти билан ижарага олиш кўринишида амалга ошиши мумкин. Агар келишув барибир барбод бўлса, «МЮ»да «Тоттенҳэм» футболчиси Ҳёйберг варианти ҳам бўлади. 

Райан Гравенберҳ – «Ливерпул»га

«Ливерпул» ҳам марказий яримҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезмоқда. Мойсес Кайседо ва Ромео Лавиа билан музокараларда муваффақиятсизликка учралгач, Англия гранди «Бавария»даги Гравенберҳга эътибор қаратган. Журналист Давид Орнштейнга кўра, икки клуб нидерландиялик футболчи трансфери бўйича фаол музокара олиб бормоқда, Райаннинг ўзи ҳам «Ливерпул»га ўтишдан мамнун. «Бавария» Гравенберҳни сотишга қарши эмас, аммо аввал унинг ўрнига футболчи топиши керак. Diario Ole хабарига кўра, «Ливерпул» параллел равишда «Байер» ҳимоячиси Пиеро Инкапени 38 млн фунтга сотиб олиш бўйича музокара ўтказмоқда.

Жоау Палиня ёки Скотт Мактоминей – «Бавария»га

«Бавария» катта эҳтимол билан Гравенберҳ ўрнига яримҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш учун «Фулҳэм»дан Палиняни олиб келади. Журналист Флориан Плеттенбергнинг хабар беришича, Германия чемпионлари португалиялик футболчи билан беш йиллик шартнома бўйича келишиб олган. «Бавария» 28 ёшли футболчи трансфери учун 50-60 млн евро тўлашга тайёр, Палинянинг ўзи инглизлар клуби ва «Фулҳэм» бош мураббийи Марку Силвага «Бавария»га ўтишни истаётганини билдирган. Мюнхенликлар учун яна бир вариант – «МЮ»даги Мактоминей. Аммо, Bild маълумотига кўра, манкунианликлар ушбу шотландиялик учун сўраётган 40-45 млн евро кўплик қилмоқда.

Трево Чалоба ёки Эрик Дайер – «Бавария»га

«Бавария» трансферлар ойнасининг сўнгги кунида ҳимоя чизиғини ҳам кучайтиришни мўлжалламоқда. Бу позиция учун икки асосий номзод бор. «Челси» ҳимоячиси Чалобанинг келишини жамоа бош мураббийи Томас Тухел шахсан истамоқда, Трево айнан унинг бошқаруви даврида, 2021 йилда лондонликлар клубида дебют қилганди. «Челси» ҳам футболчини сотишга тайёр, аммо томонлар ҳалигача келиша олмади. Шунингдек, «Тоттенҳэм»дан Кейн ортидан Дайер ҳам «Бавария»га ўтиши мумкин. Германия чемпионлари ушбу 29 ёшли футболчини ижарага олиш ёки сотиб олишга уринмоқда (ҳозирча муваффақиятсиз). Дайернинг «шпорлар» билан шартномаси муддати жорий мавсум охиригача тузилган.

Бреннан Жонсон – «Тоттенҳэм»га

Ўз навбатида, «Тоттенҳэм» сўнгги соатларда «Ноттингҳем Форест»ни кўндириб, клуб ҳужумчиси Жонсонни олиб кетишга ҳаракат қилади. Бреннан учун «Брентфорд» ҳам рақобатлашмоқда, бу клуб ушбу 22 ёшли футболчи трансфери бўйича аллақачон уч бор таклиф юборган. Daily Mail маълумотига кўра, сўнгги таклиф миқдори 40 млн фунт атрофида бўлган, шунга қарамай, «Ноттингҳем Форест» Жонсонни бу пулга сотишни рад этган ва камида 50 млн фунт атрофида маблағга эга бўлмоқчи. Жонсонга «Челси» ҳам даъвогар эди, аммо ҳатто бу клуб ҳам «ўрмончилар»нинг талабини ҳаддан ташқари юқори деб ҳисоблади слишком большими. Жонсон АПЛнинг ўтган мавсумида 38 ўйинда майдонга тушиб, саккиз гол урган.

Меҳди Торимий – «Милан»га

«Милан» раҳбарияти вакиллари «Порту»даги ҳамкасбларини ушбу жамоанинг энг яхши тўпурари бўлган Торимийни ўзларига маъқул нархда сотишга кўндириш учун кўп вақт сарфлади. Португалияликлар ушбу 31 ёшли футболчи учун аввалига камида 30 млн евро сўраётганди, аммо, якунда 15 млн евро ва бонусларга рози бўлишган. Gazzetta dello Sport маълумоти ва журналист Саши Таволиерига кўра, «россонерилар» эронлик футболчининг ўзи билан уч йиллик шартнома бўйича келишиб олган, унга кўра йилига 3 млн евролик маош кўзда тутилган. Аммо сўнгги соатларда трансфер барбод бўлиши ҳам мумкин, футболчининг агенти Жорже Мендеш бонуслар ва агентлик комиссияси бўйича шартларни ўзгартирган. Трансфер амалга ошиши эҳтимоли юқори бўлса-да, «Милан» муқобил вариантларни ҳам ўрганиб чиқмоқда.

Топ-клубдан яна бир футболчи Саудия Арабистонига кетиши мумкин

Саудия Арабистони клублари Европа топ-клублари футболчиларини олиб кетишда давом этади. «Атлетико» яримҳимоячиси Янник Феррейра Карраско «Ал-Шабоб»га ўтишга яқин. Инсайдер Романога кўра, 29 ёшли белгиялик аллақачон саудияликлар билан келишиб қўйган. Лекин келишув ҳали ёпилмаган, «Атлетико» Карраско учун «катта маблағ» сўрамоқда. Агар таклиф миқдори оширилмаса, мадридликлар клуби Янникни қўйиб юбормаслик учун. Испанлар учун барчаси 1 сентябр ҳал бўлиши керак.

ЕЧЛ финалчиси трансфер тайёрламоқда

Чемпионлар лигаси финалчиси «Интер» трансферлар ойнасининг сўнгги кунида ўтган мавсум «Наполи» сафида Италия чемпиони бўлган яримҳимоячини сафига қўшиб олиши мумкин. Гап трансфер ҳуқуқи «Тоттенҳэм»га тегишли бўлган Тангай Н'Домбеле ҳақида бормоқда. Журналист Жанлука Ди Марциога кўра, миланликлар клуби лондонликлардан келишув бўйича шартларни сўраган ва футболчини сотиб олишга тайёрлигини билдирган. «Наполи» ёзда ушбу француз трансфер ҳуқуқини сотиб олишни истамади, футболчининг ўзи «Женоа»га ўтиш вариантига кўнмади, у Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи. «Тоттенҳэм» ўз вақтида Тангайни 62 млн еврога сотиб олганди, аммо унинг нархи икки баробар тушган.

Сўнгги соатларда эълон қилинган трансферлар:

Матеус Нунес – «Манчестер Сити»га ўтди

Европанинг бугунги кундаги энг кучли клуби «Вулверҳэмптон» яримҳимоячиси Матеус Нунес трансферини эълон қилди. Томонлар ушбу 25 ёшли футболчи трансферини 62 млн еврога келишишган. Нунес янги жамоасида узоқ муддатга сафдан чиққан Кевин де Брюйне ўрнида тўп суради. Унинг шартномаси 2028 йилга қадар мўлжалланган.

Ўз навбатида «шаҳарликлар» яримҳимоячиси Томми Дойл «бўрилар» сафига бориб қўшилади. «Вулверҳэмптон» уни 5 млн евро тўлаб, мавсум якунида сотиб олиш шарти билан ижарага олмоқда, шу билан бирга, «Сити» футболчининг келгуси трансферидан 50 фоизлик улушга эга бўлади.

Коул Палмер – «Челси»да

Матеус Нунесни сотиб олга «Манчестер Сити» 21 ёшли яримҳимоячиси Коул Палмерни қўйиб юборди. «Челси» ушбу футболчи учун «шаҳарликлар» билан ўтказилган музокараларни муваффақиятли якунлади. Романо маълумотига кўра, трансфер учун 40 млн фунт тўланади, яна 5 млн фунт миқдорида бонуслар кўзда тутилган. Манчестер клуби тарбияланувчиси асосий жамоада Риёз Маҳрезнинг ўрнини эгаллаши кутилаётганди, аммо «Сити» бу позиция учун 60 млн еврога «Ренн»дан белгиялик вингер Жереми Докуни сотиб олди. Натижада Палмер Лондон клуби билан 7+1 кўринишида шартнома имзолади.

Леонардо Бонуччи – «Унион»да

«Ювентус» марказий ҳимоячиси ўз кучини Германия чемпионатида синаб кўриш ва бу мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнаш мақсадида Италияни тарк этди. 36 ёшли Бонуччи «Унион»нинг янги аъзосига айланди. Леонардо Берлинга келиб тиббий кўрикдан ўтди ва бир йиллик шартнома имзолади. Мавсум охирида келишув яна йилга узайтирилиши мумкин.

«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри 2023 йил февралидаёқ Бонуччига янги мавсумда унинг хизматларига эҳтиёж сезмаслигини билдирганди. Леонардо ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 26 ўйинда қатнашган ва икки гол урганди.

«Боруссия» янги ҳужумчи олди

Германия миллий жамоаси ҳужумчиси Никлас Фюллкруг «Вердер»дан Дортмунднинг «Боруссия» клубига ўтди. Бу ҳақда ЖЧ-2022 турниридан кейин кўп гапирилган, ўшанда у немислар миллий жамоасида асосий ҳужумчига айланиб, Испания ва Коста-Рика дарвозаларини ишғол этганди. Унга «Бавария» томонидан ҳам қизиқиш борлиги айтилганди, шунга қарамай 30 ёшли форвард фақат эндигина жамоасини ўзгартирди. Transfermarkt маълумотига кўра, трансфер қиймати 13 млн еврони ташкил этган. Никлас «Вердер» учун жами 142 ўйинда майдонга тушиб, 49 гол урган ва 16 голга узатма берган.

«ПСЖ»да яна бир ҳужумчи

«ПСЖ» «Лион» вингери Брэдли Баркола билан шартнома имзолади. Инсайдер Фабрицио Романога кўра, парижликлар клуби Франция ёшлар жамоаси аъзоси бўлган 20 ёшли футболчи учун 45 млн евро тўлаган, бундан ташқари яна 5 млн евро бонуслар сифатида ўтказиб берилиши мумкин. Барколанинг трансфери «ПСЖ» футбол масалалари бўйича маслаҳатчиси Луиш Кампуш ташаббуси билан амалга оширилгани айтилмоқда.

Аввалроқ Романо «Лион» бу трансфер доирасида парижликлар клуби футболчиларини ўз сафига қўшиб олишни мўлжаллаётгани ҳақида хабар берганди, аммо, афтидан, бу шарт барибир рад этилган. Баркола ўтган мавсумда «Лион» учун барча турнирлар доирасида 31 ўйинда майдонга тушиб, етти гол урган ва тўққиз голга узатма берган.

«Арсенал» Таварешни ижарага берди

«Арсенал» ҳимоячиси Нуну Тавареш янги мавсумни «Ноттингҳем Форест»да ижарада ўтказади. «Ўрмончилар»да португалиялик футболчини 12 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи бор. 23 ёшли Тавареш ўтган мавсумни «Марсел»да ижарада ўтказиб, Лига 1да 31 ўйинда 6 гол урганди.

«МЮ» дарвозабон сотди ва сотиб олди

«Манчестер Юнайтед» ўз дарвозабони Дин Ҳендерсонни «Кристал Пэлас»га трансфер қилди. Келишув қиймати 17,5 млн еврони ташкил этган, 26 ёшли футболчи янги клуби билан 2028 йилга қадар амал қилувчи шартномага имзо чеккан. «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти давомида Ҳендерсон жами 29 ўйинда майдонга тушиб, 25 гол ўтказиб юборган, 13 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган. У ўтган мавсумда ижара асосида «Ноттингҳем Форест»да ўйнаганди.

Манкунианликлар Онанага ўринбосар сифатида тезда  бошқа бир дарвозабонни сафга қўшиб олди. «Қизил иблислар» 7 млн евро эвазига «Фенербаҳче» дарвозабони Алтай Байиндирни трансфер қилди. 25 ёшли посбон  билан тузилган шартнома 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Байиндир «МЮ»да ўйнайдиган илк турк футболчисига айланди.

Мавзуга оид