Иқтисодиёт | 16:00 / 03.09.2023
27863
8 дақиқада ўқилади

Махфийликдан "ечилган" газ захираси, судда ютган Усмонов ва жаримага тортилган Oson – “Иқтисодий таймлайн”

Якунланаётган ҳафтада “Ташаббусли бюджет”га овоз бериш бошланди. “Ўзбекнефтгаз” раиси газ қазиб чиқариш пасайиб бораётгани ва захиралар қисқарганига оид "гап-сўзлар"ни инкор этди. Миллиардер Алишер Усмонов уни “Путиннинг севимли олигархи” деб атаган газета устидан судда ютиб чиқди. Oson тўлов тизими жаримага тортилди. Ҳафтанинг иқтисодий дайжести “Иқтисодий таймлайн”да.

“Ташаббусли бюджет”га овоз бериш бошланди: мажбурий овоз тўплаганларга чора кўрилади

27 августдан “Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсумига овоз бериш бошланди. Лойиҳалар учун 1,02 трлн сўм маблағ ажратилган.

Бу мавсумда республика бўйлаб 9426 та маҳалладаги инфратузилма яхшиланиши учун жами 49 464 та таклиф келиб тушган, улардан 33 631 таси овозга қўйилган. Овоз бериш жараёни 16 сентябрга қадар давом этади. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида мажбурий овоз бериш ҳолатларига дуч келган фуқароларни бу ҳақда хабар беришга чақирди.

Айрим ҳудудларда бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий тарзда овоз беришга жалб этиш ҳолатлари кузатилаётгани юзасидан эътирозлар келиб тушяпти. Шу сабабли вазирлик 2023 йил 10 апрелдаги президент қарорига кўра, овоз йиғишга мажбурлаш мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланишини эслатиб ўтди. 

“Бундай ҳолатга дуч келсангиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ишонч рақамларига ёки “Очиқ бюджет” ахборот порталининг онлайн мурожаат бўлимига хабар беришингизни сўраймиз”, — дейилади расмий хабарда.

“Ўзбекнефтгаз” раиси газ қазиб чиқариш пасайиб бораётганини рад этди.

“Ўзбекистоннинг газ захираси қанча деган саволга биз жавоб бера олмасдик, ҳамма рақамларимиз махфий бўлган”, деди “Ўзбекнефтгаз” раиси Баҳодиржон Сидиқов.

Шўртан нефт-газ қазиб чиқариш бошқармасига уюштирилган пресс-тур давомида Сидиқов Ўзбекистоннинг тасдиқланган газ захираси 933 млрд кубометр эканини айтди.

“Бу республикадаги умумий газ захираларининг ярми. Қолган ярми қўшма корхоналар ва чет эл компаниялари томонидан маҳсулот тақсимлаш асосида қазиб чиқарилади. Захираларнинг ярми Ўзбекнефтгаз тасарруфидаги конларда”, - деди у.

Бироз аввал “Ўзбекнефтгаз” бошқарув раиси ўринбосари Беҳзод Усмонов ОАВга компания 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 34,1 миллиард куб метрдан 32,3 миллиард куб метрга пасайтирганини айтганди. Бу конларнинг захираси пасайган билан изоҳланганди. Пресс-тур давомида эса компания раиси бу маълумотларни рад этди.

“Янгиликларни кўряпмиз, газ қазиб чиқариш камайяпти. Биз тарафга эътроз бўляпти, [компания] режасини ўзгаряпти дейиляпти – бу нотўғри маълумот. Биз ҳақиқатан ҳозир бор муаммони биламиз, уни қазиб чиқариш камайгани йўқ. Чораларимиз аниқ, нима иш қиламиз, кунма-кун ҳар бир мутахассис нима иш қилиши ва бунга қанча маблағ сарфлаш керак – аниқ мақсадимиз бор, қишдаги аҳволдан келиб чиқиб қўшни давлатлардан табиий газ импорти бўлмай қолса-чи? Бизнинг олдимизда турган вазифа – бу йил қўшимча қанча газ қилиб беришимиз керак? Ўтган йил қишда 15-20 млн куб суткалик газ етмаган, бунинг ортидан ҳамма соҳамиз издан чиққан. Нима иш қилишимиз керак, ҳаммасини аниқ қилиб олганмиз”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 7 ойида  газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,5 фоизга камайган.

Усмонов суд орқали “Путиннинг севимли олигархи” эканига оид даъволарни рад этишга уриняпти

Австриянинг “Куриер” газетаси ўз мақоласида миллиардер Алишер Усмоновни “Путиннинг севимли олигархи” деб атади. Усмонов бу даъволарни рад этиб, Ҳамбург судида нашр билан судлашди ва ғалаба қозонди.

Суд қарорига кўра, Усмоновнинг Европа Иттифоқи санкцияларига келтирилган асослардан бирида “Путиннинг севимли олигархларидан бири” сифатида қайд этилгани бундай даъвони асослаш учун етарли эмас. Суд Усмоновга нисбатан бундай ибораларни қўллаш унинг ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблади.

Алишер Усмонов Европа Иттифоқи санкцияларига 2022 йил февралида, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кейин тушган эди. Европа Иттифоқи санкцияларга изоҳ бериб, уни “Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқага эга олигарх” деб атаган. Усмонов буни рад этмоқда. У Европа умумий юрисдикция судида санкцияларнинг бекор қилинишига эришмоқчи. Миллиардер Россиянинг энг бой бизнесменлари рўйхатида саккизинчи ўринни эгаллайди, унинг бойлиги 14,4 миллиард долларга баҳоланади. Санкциялар Усмоновнинг обрўсига катта зарар етказди, бу ҳақда унинг ўзи ОАВга берган интервьюсида айтган.

Марказий банк Osonʼни жаримага тортди

Марказий банк тўлов ташкилотларидан бири “Birio Group” МЧЖ – Osonʼни жаримага тортди.У жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг талабларини бузгани аниқланди.

Хабарда тўлов ташкилоти айнан қандай талабларни бузгани ва жарима миқдори қанча эканига аниқлик киритилмаган.

Шу билан бирга, бошқа тўлов ташкилотлари ва уларга хизмат кўрсатувчи банклар, шу каби қоидабузарликларга йўл қўйган тақдирда, Марказий банк томонидан уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

ОАВда хабарлар тарқалгач, Gazeta.uzʼга компания бошқарув раиси Фарҳод Маҳмудов Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ финтех-ташкилотлари Марказий банкдан 5 сентябрдан бошлаб трансчегаравий давлатлараро транзит операцияларини амалга ошириш тақиқланиши ҳақида хат олганини айтди.

Бу халқаро пул ўтказмалари бўйича хизматлар кўрсатиш, ўйин хизматлари ва хорижий компаниялар хизматлари учун тўловлар, шунингдек, бир қатор бошқа операцияларни амалга ошириш тугатилишини англатади.

“5 сентябрдан биз ва барча тўлов ташкилотларига ҳамма халқаро сервисларни ўчириш мажбуриятини юклашяпти. Жаҳон миқёсидаги йирик компаниялар билан тўғридан тўғри шартномаларимиз бор. Бундан келиб чиқадики, биз регулятор бозорни ёпиб қўяётганига асосланиб, барча келишувларни бир томонлама бекор қилишимиз керак”, - деган нашрга Фарҳод Маҳмудов.

Ҳозирда регулятор бу борада ҳеч қандай маълумот бермади.

Якунланаётган ҳафтада содир бўлган бошқа янгиликларга қисқача тўхталамиз:

  • Одилбек Исоқов иқтисодиёт ва молия вазирининг давлат қарзи, халқаро рейтинглар билан ишлаш ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича консултант-маслаҳатчиси бўлди. У 2019-2023 йилларда молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган, маъмурий ислоҳотлардан кейин вазирликдан кетганди;
  • Россиянинг “Уаз” компанияси Ўзбекистонда автомобил йиғишни бошлаши мумкин. Компания вакиллари “Чирчиқ” технопаркида музокара ўтказган.
  • 1 сентябрдан банклар устав капиталига оид янги талаб кучга кирди: эндиликда тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори икки юз миллиард сўм бўлиш керак. Шу пайтгача бу миқдор 100 миллиард сўм эди.
  • Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқишни режалаштирмоқда. Бу Ўзбекистон делегациясининг Кобулга ташрифи давомида муҳокама қилинган.

Бизда ҳозирча шулар, кейинги  ҳафтагача омон бўлинг.

Мадина Очилова тайёрлади
Монтажчи – Жавоҳир Ғайратов

Мавзуга оид