Жаҳон | 20:54 / 05.09.2023
26818
2 дақиқада ўқилади

Ишчилар Буюк Хитой деворига шикаст етказди – улар йўлни қисқартирмоқчи бўлишган

Марказий Шанси провинциясида қурувчилар Буюк Хитой деворининг бир қисмини жиддий шикастлашди.

Фото: YOUYU COUNTY POLICE RELEASE

Полиция маълумотларига кўра, ўзи ишлаётган қурилиш майдонига айланма йўл орқали бориш жонига теккан икки ишчи экскаватор ёрдамида деворнинг чўккан қисмини чуқурлаштириб, кенгайтириб, уни ер билан битта қилишган. Шу тариқа очилган йўл улар ишлаётган «32-Буюк девор» қурилиш майдонига борадиган йўлни сезиларли даражада қисқартиради – бу ер орқали улар экскаваторда ўтиши мумкин бўлади.

Бу ҳудуддаги шикастланиш ҳақида дастлабки хабар 24 август куни келиб тушган, унда деворда улкан бўшлиқ юзага келгани айтилади.

Икки гумонланувчи - 38 ёшли эркак ва 55 ёшли аёл – қўлга олинган, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Хитой ҳукумати хабарида улар «Мин даврига мансуб Буюк девор яхлитлигига ва маданий ёдгорлик сақланишига ўнглаб бўлмас даражада зарар етказгани» қайд этилган.

Юйю уездида жойлашган «32-Буюк девор» - Мин даври Буюк деворининг бир участкасидир. У провинция даражасида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий обидалар тоифасига киради.

1987 йилда ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Буюк Хитой девори милоддан олдинги 220 йилдан қурила бошланган ва милодий 17 асрдаги Мин сулоласи бошқаруви даврига қадар тўхтовсиз равишда қайта тиклаб келинган. У ўз вақтида дунёдаги энг йирик ҳарбий истеҳком ҳам саналарди.

Деворнинг сақланиб қолган қисми асосан Мин сулоласи бошқаруви даврида қурилган ва шу туфайли Буюк Мин девори деб аталади.

Фото: GETTY IMAGES

Ўтган йилларда ҳам деворнинг айрим участкалари, асосан чекка қишлоқ ҳудудларидаги қисмларда шикастланиш ва вайронгарчиликлар кузатилганди.

2016 йилда Beijing Times газетаси Буюк Мин сулоласи деворининг 30 фоиз қисми тўлиқ вайрон бўлгани ва фақат 8 фоиз қисми яхши сақланган деб ҳисобланишини маълум қилганди.

Мавзуга оид