Байден Си Жинпинг Ҳиндистондаги саммитга келмаслигидан хафа. Бироқ Хитойга G20 керакми?
АҚШ президенти Жо Байден Хитой раҳбари Си Жинпингнинг Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган G20 саммитини ўтказиб юбориш қароридан хафа бўлганини айтди. Кузатувчилар Си Жинпинг нима учун саммитга бормаётгани ҳамда бу G20 ва Пекиннинг ўзининг репутациясига қандай таҳдид солишини баҳолашга ҳаракат қилмоқда.
«Мен хафа бўлдим... лекин мен у (Си Жинпинг) билан учрашмоқчиман», деган Байден 3 сентябр куни журналистларга, аммо у буни айнан қачонга режалаштирганига аниқлик киритмаган. Си ва Байден охирги марта 2022 йил Индонезияда бўлиб ўтган G20 саммитида учрашган эди.
4 cентябр куни расмий Пекин шу ҳафта Деҳлида бўлиб ўтадиган саммитда Хитой делегациясига ХХР давлат кенгаши бош вазири Ли Сиянг раҳбарлик қилишини маълум қилди.
Байденнинг баёнотини Оқ уй энг ривожланган иқтисодиётларни бирлаштирган G7 гуруҳи доирасидан ташқаридаги глобал ҳамкорликка ҳам катта аҳамият бераётгани далили сифатида талқин қилиш мумкин.
Бироқ, АҚШ-Хитой алоқаларини комадан олиб чиқишга уринган Вашингтон дипломатларининг бу йилги кўплаб ташрифларига қарамай, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолмоқда.
Ушбу муносабатларда савдо низолари, Тайван келажаги ва Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги экспансияси каби жуда кўп муаммолар бор.
Пекинга G20 нимага керак?
4 cентябр куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Си Жинпингнинг Деҳли саммитида қатнашиши ҳақидаги хабарларни доимгидек на тасдиқлади, на инкор этди.
«Ли Сиянг G20 саммитида иштирок этадиган Хитой делегациясига бошчилик қилади. Бу йирик ва муҳим глобал иқтисодий форумдир. Хитой доимо унга катта аҳамият бериб келган ва тегишли тадбирларда фаол иштирок этган», деган Хитой ТИВ вакили.
Пекин, аввалроқ, G20нинг иссиқхона газлари эмиссиясини қисқартириш бўйича консенсусига тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги хабарларни «фактларга мутлақо зид» дея рад этган эди.
«Хитой халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг етакчи форуми сифатида G20, глобал барқарор ривожланишни рағбатлантириш, иқтисодий ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилиш борасида жиддий масъулиятни ўз зиммасига олади, деб ҳисоблайди», — дейилади Хитой ТИВ хабарида.
Ли Сиянг — Хитойнинг иккинчи даражали раҳбари ва Си Жинпингнинг ўнг қўли ҳисобланади. Бироқ, Вашингтонда жойлашган Atlantic Council таҳлил маркази ходими Жош Липскийнинг фикрича, давлат раҳбарининг йўқлиги «Катта йигирматаликнинг узоқ муддатли барқарор ҳаётийлиги ва муваффақияти»ни шубҳа остига қўяди. Унинг сўзларига кўра, Си Жинпингнинг йўқлиги G20 келажагига экзистенциал таҳдиддир.
2008 ва 2009 йилларда бўлиб ўтган, иштирок этувчи давлатлар глобал молиявий инқирозга қарши ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилган дастлабки иккита саммитда, G20 Хитой бошчилигидаги ривожланаётган мамлакатларнинг аҳамияти ва иқтисодий таъсири ўсиб бораётганини акс эттирувчи янги йирик халқаро қарор қабул қилиш органи деб аталди.
Бироқ, таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, агар Си Жинпинг дастлаб G20’га Хитойнинг геосиёсий таъсирини ошириш воситаси сифатида қараган бўлса, энди G20 аста-секин ўзи ҳаётини яшашни бошламоқда. Бунга параллел равишда Хитойнинг АҚШ билан муносабатлари ёмонлашди, Япония, Жанубий Корея, Германия ва бошқа Европа давлатлари Пекинга нисбатан кескинроқ позицияни эгаллаяпти.
«Сўнгги ўн йил ичида кўплаб G20 давлатлари Хитойга нисбатан ўз позицияларини қаттиқлаштирди. Си учун бу оддий гуруҳ эмас», дейди Carnegie China таҳлил маркази директори Пол Хаэнле.
BRICS’нинг кенгайиши Хитой учун ғалабами?
G20 саммити BRICS мамлакатлари — Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Жанубий Африка вакилларининг Йоҳаннесбургдаги учрашувидан икки ҳафта ўтиб бўлиб ўтади.
BRICS учрашувининг асосий ютуғи блокнинг аъзолари сони бештадан 11 тага кўпайгани бўлди ва бунга Пекин катта ҳисса қўшди. «Бу Ғарб томонидан қўллаб-қувватланувчи дунё тартибига қарши курашаётган йирик ривожланаётган иқтисодиётлар учун тарихий лаҳзадир», деган Жинпинг Йоҳаннесбургда.
Бироқ, экспертлар фикрига кўра, BRICS’нинг кенгайиши, ўз-ўзидан, ҳеч бўлмаганда иқтисодиёт нуқтайи назаридан тўпланган муаммоларни ҳал қилишнинг янги усулларини излаш зарурлигини кўрсатади.
«Ривожланаётган давлатлар АҚШ бошчилигидаги дунё тартибига ўринбосар эмас, балки муқобил қидирмоқда», дейди Quincy институтининг Глобал жануб дастури директори Саранг Шидор.
«Бу АҚШга ушбу бўшлиқлар (муқобил вариантларда) тинчлик бермаётгани ва мамлакатларимиз улар ҳақида шунчаки шикоят қилмаётгани, балки уларни тўлдиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида сигналдир», дейди у.
Америка Тинчлик Институти иқтисодчиси Генри Тугендҳатнинг фикрича, Хитой кенгайишни рағбатлантириш орқали беихтиёр BRICS сафларида навбатдаги бўлинишни яратди — блок, аъзолари асосий тамойилларга эга бўлган G7’га эмас, G20’га ўхшаб қолди. Тугендҳат G20 аъзолари кўплаб масалаларда бир хил позицияда эмаслигини таъкидлайди.
Вашингтон хавотирланмаяпти. Лекин чоралар кўрмоқда
2024 йил январ ойида BRICS’га олтита янги давлат — Аргентина, Миср, Эрон, Эфиопия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари қўшилиши керак. Характерли жиҳати шундаки, Жануби-Шарқий Осиёдаги бирор давлат BRICS кенгайишида иштирок этмаяпти ва бу Хитой Жанубий Хитой денгизидаги денгиз баҳсларида ўзини янада агрессив тутаётган бир пайтда содир бўлмоқда.
Вашингтонда кам одам блок томонидан АҚШга тўғридан тўғри таҳдид бор деб ҳисоблайди. Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан аввалроқ шундай деган эди: «Биз BRICS’ни АҚШ ёки бошқа ким биландир қандайдир геосиёсий рақобатчи сифатида кўрмаяпмиз».
АҚШ учун BRICS’нинг энг муаммоли янги аъзоси — бу Эрон. Теҳрон клубга қўшилиш мамлакатга халқаро изоляциядан чиқиш йўлини топишга ёрдам беради деб ўйламоқда. Бироқ BRICS’нинг бошқа янги аъзолари – Миср, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Теҳрон билан азалдан совуқ муносабатларга эга.
Шу билан бирга, BRICS давлатлари етакчилари Йоҳаннесбургда учрашувлар ўтказар экан, Байден маъмурияти яна Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) орқали ривожланаётган мамлакатларга ажратиладиган маблағни оширишга ваъда берди.
Салливан аввалроқ АҚШ президенти Деҳлидаги саммитни «АҚШ ва ҳамфикр-ҳамкорлар учун Глобал жануб мамлакатларига қимматли таклиф билан чиқиш имконияти» сифатида кўраётганини айтганди.
Салливан, шунингдек, G20 саммитида ХВЖ ва Жаҳон банкини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилишга ваъда берди. Таҳлилчилар буни бой ва камбағал мамлакатларни бирлаштирган G20’нинг ўзининг ҳам, BRICS ва G20’нинг асосий аъзоси бўлган Ҳиндистоннинг ҳам обрўсини оширишга уриниш сифатида баҳоламоқда.
Пекинда бу кимнидир хурсанд қилиши даргумон.
Ҳинд-Хитой муаммолари
Хитой АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи, аммо шу билан бирга «стратегик автономия»ни талаб қиладиган Ҳиндистон билан жуда мураккаб муносабатларга эга.
Жинпинг ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Жанубий Африкадаги BRICS саммитида юзма-юз учрашди, бироқ кескинлик йўқолмади.
2020 йилда Ҳимолай тоғларидаги 20 нафар ҳинд ва камида тўрт хитойлик аскар ҳалок бўлган чегара тўқнашуви ортидан дунёнинг икки энг кўп аҳолига эга бўлган давлати ўртасидаги муносабатлар энг паст даражага тушганди.
Ва ўтган ҳафта Пекин Аруначал-Прадеш штати ва Аксай Чин платоси Хитой ҳудуди сифатида тасвирланган харитани эълон қилганидан кейин Ҳиндистон норозилик билдирди. Бунга жавобан Хитой Ҳиндистонни «хотиржамликни сақлаш»га чақирди ва қўшнилари ушбу масалани «жуда кенг талқин қилиш»дан тийилиши кераклигини маълум қилди.
ХХР раиси саммитда иштирок этмаслиги кўп томонлама йиғилишга раислик қилувчи Ҳиндистонга, Ню-Деҳли саммитининг ўзининг мақомига ва умуман G20 нуфузига зарба бўлади.
Ғарб давлатларидаги баъзи таҳлилчилар Си Жинпингнинг G20 саммитига боришдан бош тортиши Пекин томонидан клуб обрўсини туширишга қаратилган режали уриниш, дея тахмин қилмоқда. Баъзи ҳиндистонлик кузатувчиларнинг таъкидлашича эса, Хитой томонлар ўртасида баҳсли чегара бўйича кескинлик кучайган бир пайтда Деҳлидаги тадбирни бузмоқчи.
«Си Жинпингнинг саммитда қатнашмаслик қарори Модининг G20’даги раислигига нисбатан очиқча ҳақоратдир, бироқ бу, шунингдек, BRICS сафларида бирдамлик йўқлигини кўрсатади ва BRICS’нинг кенгайиши атрофидаги шов-шувларга барҳам беради. BRICS мамлакатларини бирлаштирувчи ягона нарса — бу доллар ва АҚШ лидерлигидан ҳимояланиш истагидир», дейди АҚШ президенти кичик Жорж Буш маъмуриятининг собиқ расмийси Даниэл Прайс.
Хитойлик кузатувчилар тахмин қилишича, G20 билан солиштирганда BRICS’дан ташқари, Хитой учун яна бир қулайроқ платформа Россия ва Марказий Осиё мамлакатларини ўз ичига олган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бўлади.
Бироқ Хаэнленинг фикрича, Си Жинпингнинг Деҳли саммитида иштирок этмаслиги G20 давлатларидан кўра Хитойнинг ўзига кўпроқ зарар келтиради. «Бу Хитойнинг глобал кун тартибини шакллантириш қобилиятини пасайтиради. G20 барибир йўқолиб кетмайди», дейди у.
Бу ростдан ҳам шундай. Тўғри, 2022 йилда Балидаги саммитда G20 кутилмаган қўшма баёнотни келишиб олишга муваффақ бўлди. Бу йил эса Ҳиндистон бошчилигидаги мунозаралар Украинадаги уруш бўйича демократик давлатлар билан Россия ва Хитой ўртасидаги муросасиз келишмовчилик соясида бўлиб ўтди.
G20 давлатлари ташқи ишлар вазирлари, молия бўлимлари раҳбарлари ва бошқа расмийларнинг Ҳиндистондаги йиғилишларида барча иштирокчилар билан бирорта якуний баёнот бўйича тўлиқ келишувга эриша олмади.
Мавзуга оид
20:16 / 24.12.2024
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
23:25 / 23.12.2024