Талабалар учун тўлов-шартнома (супер-контракт учун ҳам) бериш бошланди
Шартнома олиш учун kontrakt.edu.uz платформасидан рўйхатдан ўтиш ҳамда ариза юбориш талаб этилади.
7 сентябрдан бошлаб 1-курсга талабаликка тавсия қилинган ҳамда 2- ва ундан юқори курсда контрактда ўқиётган талабаларга тўлов-шартнома бериш бошланди.
Шартнома олиш учун kontrakt.edu.uz платформасидан рўйхатдан ўтиш ҳамда ариза юбориш талаб этилади. Ариза олий таълим муассасаси томонидан 2 кунда кўриб чиқилади. Ариза тадсиқлангач, талаба шахсий кабинети орқали электрон шартномани юклаб олиши мумкин.
Шу билан бирга, танланган 5 та йўналишга кира олмаган абитуриентлар ҳам супер-контрактда (табақалаштирилган контракт тўлови) ўқиш ҳамда шартнома олиш учун ариза бериши мумкин.
Ҳозирча, амалдаги қонунчилик бўйича, фақат ўзи танлаган биринчи йўналишга супер-контракт учун ариза юбориш имконияти мавжуд. Иккинчи ва ундан кейинги йўналишлари базада кўринмайди.
Қайд қилинишича, 5 та йўналишга ҳам кира олмаганлар, исталган бирини танлаб супер-контракт тузишга расман рухсат берилиши кутилмоқда. Агар абитуриент биринчи йўналишга эмас, иккинчи ёки ундан кейинги бирор йўналишга супер-контракт тузмоқчи бўлса, у ҳолда ариза бермасдан, кутиб туриш тавсия қилинмоқда.
Шу билан бирга, биринчи йўналишга кира олмаган, лекин иккинчи ва ундан кейингилардан бирортасига ўқишга кирганлар ҳам биринчи йўналишига супер-контракт туза олмайди. Kontrakt.edu.uz сайти орқали фақат ўқишга кирган университетининг оддий контрактини олиши мумкин. Аммо кейинчалик биринчи йўналишга ҳам супер-контрактда ўқишга рухсат берилиши мумкин.