Ўзбекистон | 14:22 / 11.09.2023
25567
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги яна бир автосалон фуқароларни чув туширди 

Автосалон ходимлари фоизларсиз, бўлиб тўлаш шарти билан 36 ой ичида машина олиб беришни ваъда қилган ҳолда 34 нафар фуқаронинг 3 млрд сўмдан ортиқ маблағини олган. Олдинроқ пойтахтдаги иккита автосалон 248 нафар фуқарони машина олиб бериш билан алдаб, 12 млрд сўмга туширганди.   

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳридаги “MY-CARS” автосалонидан машина олмоқчи бўлган бир гуруҳ фуқаролар алданиб қолишди. MY5 телеканали Марказий студия кўрсатуви тайёрлаган лавҳадан маълум бўлишича, автосалон ўз рекламаларида ҳеч қандай фоизларсиз, бўлиб тўлаш шарти билан машина олиб беришни ваъда қилган. 

Улар жуда устакорлик билан бизни ром қилиб қўйди. Машиналарни кўргандан сўнг чўнтагимиздаги пулимизни қандай берганимизни ўзимиз ҳам билмай қолдик”, дея таъкидлаган жабрланувчилардан бири.

Автосалон ходимлари республиканинг турли ҳудудларида яшовчи 34 нафар мижоз билан шартнома тузган ҳамда 1 йил ичида 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўплаган. Тўловлар учун квитанциялар ҳам тақдим этишган.

Ҳозирги кунда автосалон машиналардан бўшаб қолган. Жабрланувчиларга кўра, 10 кундан бери унинг эшиклари ёпиқ, ходимлар қўнғироқларга жавоб қайтармаяпти экан.

Маълумотларга кўра, ҳозирда гумонланувчи шахс ушланган ва тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланган.

Олдинроқ Тошкентда 248 нафар фуқарога автомашина олиб беришни ваъда қилиб, 12 млрд сўм олган UzAvto Premium ва Аvto A’lo Group МТ компаниялари раҳбарларига нисбатан суд ҳукми ўқилганди.  

Мавзуга оид