Жаҳон | 11:25 / 12.09.2023
13466
3 дақиқада ўқилади

Новосибирск вилоятида йўловчи самолёти далага қўнишга мажбур бўлди

Самолёт бортида 170 киши бўлган. Қўниш жойидан олинган кадрларда ўнг қанот остида ёнғин излари борлигини кўриш мумкин.

Фото: AP

Россиянинг Новосибирск вилоятида «Уральские авиалинии» авиакомпаниясининг йўловчи самолёти далага фавқулодда қўнишни амалга оширди, деб хабар берди Россия ОАВ 12 сентябр, сешанба куни эрталаб маҳаллий ҳокимият ва фавқулодда хизматларга таяниб. Маълумотларга кўра, самолёт хавфсиз қўнган ва жабрланганлар йўқ.

Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травниковнинг сўзларига кўра, самолёт Москва вақти билан соат 5:44 да вилоятнинг Новосибирск ва Омск ўртасидаги марказий қисмидаги Убинское қишлоғи яқинида очиқ далага қўнган.

Прокуратура: Airbus А320 «техник сабабларга кўра» фавқулодда қўнишни амалга оширди

«Росавиация» қўниш Новосибирскдан 180 км узоқликдаги Каменка аҳоли пункти яқинидаги ҳаводан танланган майдонда амалга оширилганини маълум қилди. «Сочи-Омск йўналиши бўйича U6-1383 рейсини амалга ошираётган Airbus А320 самолёти аэродром ташқарисида фавқулодда қўнишни амалга оширди. Қўниш муваффақиятли ўтди, экипаж йўловчиларни зудлик билан эвакуация қилди», — дейилади «Уральские авиалинии» матбуот хизмати хабарида. 

Прокуратура хабарига кўра, самолёт «техник сабабга кўра» қўнган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Новосибирск вилояти бўйича бошқармаси самолётни барча 170 йўловчи, жумладан 23 нафар бола тарк этганини маълум қилди. «Самолёт, бино ва иншоотларнинг вайрон бўлиши қайд этилмади. Олтита йўловчи автобуси қўниш жойига одамларни вақтинчалик жойлаштириш пунктига етказиш учун ҳаракатланмоқда», — дея қўшимча қилди маҳкама.

Mash ва «112» телеграм-каналлари самолёт гидравлик тизимдаги муаммолар туфайли қўнганини хабар қилмоқда.

Қўниш жойидан олинган кадрларда самолётнинг ўнг қаноти устида ёнғин излари борлигини кўриш мумкин. «112» телеграм-каналига кўра, самолёт двигателларидан бири осмонда ёнишни бошлаган. 

2019 йилда Москва яқинида фавқулодда қўниш 

2019 йил август ойида Москвадан Симферополга парвоз қилган «Уральские авиалинии» йўловчи лайнери далага қўнганди. Парвознинг дастлабки дақиқаларида самолёт двигателларидан бири ишдан чиққан, кейинроқ иккинчиси тезликни йўқота бошлаган. Учувчилар самолётни энг яқин қулай жойга – пойтахт аэропортининг учиш-қўниш йўлагидан унча узоқ бўлмаган маккажўхори даласига қўндиришга қарор қилган.

Самолёт бортида 226 йўловчи бўлган. Экипаж аъзолари эвакуация қилинган, қаттиқ қўниш натижасида баъзи йўловчилар жароҳат олган, аммо барчаси тирик қолган.

Учувчилар Дамир Юсупов ва Георгий Мурзин Россия Қаҳрамони унвонларини олди, экипаж аъзоларига давлат мукофотлари топширилди. Авиакомпания ҳодисани қушларнинг иккала двигателга урилгани билан изоҳлаган.

Мавзуга оид