Жамият | 15:31 / 13.09.2023
36286
10 дақиқада ўқилади

Бир кунда 4–5 соат уйқу, сингиллари учун ишлаётган ака ва ота-онаси қўллаган қиз — Самарқандда талабалар ҳаёти қандай кечмоқда?

Кузнинг илк кунларидан бутун республикамиз бўйлаб мактаб ва олий таълим муассасаларида дарслар бошланади. Кимдир талабаликка илк қадамни қўйса, яна кимдир аллақачон бу даврнинг бир неча пиллапоясини босиб ўтган бўлади. Kun.uz амалиётчи журналисти Самарқандда талабалар билан суҳбат қилиб, уларнинг олийгоҳда кечаётган йиллари ҳақида фикрларини тинглади.

«Ота-онам шифокор бўлишимни хоҳлашган»

Зафарбек Набиев Самарқанд давлат тиббиёт университети 5-босқич талабаси. У Қашқадарё вилояти Косон туманидан келган. Унинг абитуриентлик даври Тошкентда ўтган. Пойтахтда ўқишга тайёрланган. Анча олдин тайёргарликни бошлагани учун дарслар билан муаммолар кўп бўлмаган. Фақат уйдан узоқдалиги учун кўникишга қийналган. Ота-онаси унинг шифокор бўлишини хоҳлашган. Шу сабабдан ўзи ҳам улар эгаллаган касбнинг давомчиси, етук шифокор-мутахассис бўлишни мақсад қилган ва Самарқанд давлат тиббиёт университетига ўқишга кирган. Ҳозирда даволаш иши йўналишида таҳсил олмоқда.

Зафарбек Набиев, Самарқанд давлат тиббиёт университети 5-босқич талабаси.

— Кўпчилик талабалар абитуриентликдаги бедор тунлар-у, тинимсиз китоб ўқишлардан сўнг талабаликни ўйин-кулги қиладиган, ичиш-чекишни ўрганадиган фасл деб ўйлайди ва афсуски, вақтини шу каби бекорчи ва зарарли нарсаларга сарф қилади. Менда ҳам ўқишга кирганимнинг дастлабки вақтларида айни шу нарсаларга имкон бўлган. Лекин менинг ниятим фақатгина талабалик эмас, юқорида айтганимдек онамнинг касби давомчиси, етук мутахассис бўлиш. Айни дамда шаҳардаги кўз даволаш клиникаларининг бирида ишлаяпман. Ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари, баъзида тушдан кейин бўш вақтларим устозим билан ўша ерда тажриба орттираман, — дейди Зафарбек.

«Атрофимдаги талабаларнинг айримлари шифокор бўлишидан қўрқаман»

— Тиббиёт соҳаси талабалари яхши билим олиши жуда муҳим. Бунинг учун университетда деярли ҳамма шароит яратилган. Олийгоҳ талабаларидан талаб қилинадиган асосий нарса — намунали ўқиш. Лекин баъзилар улар ўқиши учун берилган эркинликларни бошқачароқ англайди, наздимда. Орамизда суперконтракт асосида талаба бўлганлар бор. Шу пайтгача уларнинг ҳафсала билан ўқиганини кўрмадим. Бундан ташқари, атрофимдаги талабаларнинг айримлари шифокор бўлишидан қўрқаман. Етарли билимга эга бўлмай туриб, дипломнинг ўзи билан касб эгаси бўлиш мумкин эмас. Улар шу соҳа ичидаги бошқа ишлар билан шуғуллангани маъқул. Аксинча, диплом бўлмаса ҳам керакли билимларни эгаллаган одам мутахассис бўлиши мумкин, — дейди Зафарбек Набиев.

«Одам танасига инсон эмас, объект сифатида қарашга ўргатишади»

— Бизга ҳозирда тиббиёт билан боғлиқ йўналишлар умумий ўргатилади. Масалан, суд тиббиёти фанида одам танасининг шикаст етган жойини синчковлик билан текширишимизга тўғри келади. Бундай вазиятларда устозларимиз одам танасига инсон эмас, объект сифатида қарашга ўргатади. Бу ишимизни профессионал бажаришга ёрдам беради. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам профессионал ишлашимиз керак, аслида. Чунки ишимиз инсон ҳаёти билан тўғридан-тўғри боғлиқ ва ҳеч қандай хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Исталган кичик хатомиз кечирилмаслиги, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, — дейди тиббиёт университети талабаси.

«Бизнинг қишлоқда ўқиб, олийгоҳ талабаси бўлиш деярли имконсиз»

Собирхон Қамариддинов — Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 2-босқич талабаси. Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан.

— Чироқчининг энг чекка қишлоқларининг бириданман. Онам уй бекаси, отам чет элда ишлайди, сингилларим мактабда ўқийди. Бизнинг қишлоқда ўқиб олийгоҳ талабаси бўлиш деярли имконсиз. Мутахассислар йўқ. Синфдошларим Бухоро, Самарқанд, Тошкентда тайёрланиб ўқишга кирди. Шулар қаторида мен ҳам. Мактаб даврида пул йиғиб Тошкентга кетдим. Иккита репетиторга 400 мингдан 800 минг, 500 минг ижара пули тўлаб 5-6 ой тайёрландим. Россияда ишлайдиган дадамдан пул сўраш ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Ишлай десам фақат ўқиш керак. Шунинг учун абитуриентлик даврида бироз қийналганман. Аллоҳ насиб қилган экан, мана, ўқишга кирдим. Авлодимизда олий маълумотлилар бўлмагани учун онам талаба бўлишимни жудаям орзу қилган. Онамнинг орзусини амалга оширганимдан жудаям хурсандман, — дейди Собирхон Қамариддинов.

Собирхон Қамариддинов — Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 2-босқич талабаси

«Талабанинг биринчи овқати ўша машҳур лағмон ва тухум»

— Талабаликнинг биринчи йили қийин кечди. Ётоқ жой, пул муаммоси ҳамма талабада бўлса керак. Ҳозирги ишимизни топгунимизча кунлик ишларда ҳам ишладик. Уйдан пул сўрамасликка ҳаракат қилдик. Студентнинг биринчи овқати ўша машҳур тез пишувчи лағмон ва тухум. Биз ҳам уларга содиқ қолдик. Ҳозир уйқуга тўймаслигимни айтмаса ҳаммаси яхши. Регистон майдонига яқин жойда музқаймоқ сотаман. Турар жой ва озиқ-овқатни иш жойим беради. Шунинг учун ойлик харажатларим кўп эмас. Энг кўп курсдошлар билан футбол ўйнашга пул сарфлайман. 2,5 миллион сўм ойлик оламан. 500 минг ўз харажатларимга олиб қолсам, 2 миллион сингилларим ўқишга тайёргарлик кўриши учун юбораман, — дейди Собирхон.

«Устоз ва талаба ўртасидаги статусда жуда катта фарқ бор»

— Қийинчиликларга қарамай биринчи, иккинчи семестр давомида жуда яхши ўқидим. Қизил диплом олишни мақсад қилган эдим, афсуски, устозлар билан боғлиқ баъзи «тушунмовчиликлар» сабаб бу мақсадим амалга ошмайдиган бўлди.

Мени ОТМдаги битта муаммо ўйлантиради. Устоз ва талаба ўртасидаги статусда жуда катта фарқ бор. Талаба уларга эркин фикрини айта олмайди. Агар устоз билан қанақадир мавзу юзасидан тортишиб қолсангиз ўртада шахсий адоват юзага келиши мумкин. Бундай ҳолларда сессияда баҳодан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Афсуски, яқин курсдошим билан ҳам худди шу ҳолат юз берди. Биз уларнинг гапини маъқуллашга мажбурмиз. Ростдан ҳам тўғри гапиргани учун эмас, сессиядан йиқилмаслигимиз учун. Ҳеч ким контрактга қўшимча яна кредит тўлашни хоҳламайди-да, — дейди иқтисодиёт ва сервис институти талабаси.

«Одам ўзининг комфорт зонасидан чиқа олиши керак»

Фарангиз Гулимбоева — Самарқанд давлат чет тиллари институти 3-босқич талабаси. Хоразм вилояти Янгибозор туманидан.

— Биз яшайдиган ҳудудда аксарият ота-оналар фарзандининг ўқишига эътибор қаратади. Менинг ҳам ота-онам 11-синфдан бошлаб вилоят марказида ўқишга тайёрланишимга рухсат берган. Абитуриентлик давримда деярли қийинчиликлар бўлмаган, лекин ўқишга кира олармикинман деган саволни ҳар куни ўзимга берардим. Шу сабаб кўп стрессга ҳам тушганман. Якунда барибир олийгоҳ талабаси бўлиш бахтига эришдим. Ҳозирда хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили йўналишида ўқияпман, — деди Фарангиз Гулимбоева.

«Самарқандга биринчи келган куним ўзимни Марсга тушиб қолгандай ҳис қилганман».

— Бошқа шаҳар, бошқача муҳит, янги курсдошлар. Албатта, буларга ўрганишга бироз вақт кетган. Лекин ҳозир ҳаммаси жойида. Турар жой, транспорт билан боғлиқ муаммолар деярли йўқ. Агар менда ўқиш учун Хоразм, Самарқанд ёки Тошкент шаҳарларидан бирида имконият бўлганда ҳам Самарқанд шаҳрини танлаган бўлардим. Чунки Самарқанд яшаш ва ўқиш учун Тошкентга нисбатан қулайроқ. Хоразм эса ўзим туғилиб-ўсган макон. Инсон ўз комфорт зонасидан чиқиши ва янги тажрибалар қилиб кўриши керак. Шундагина дунёқараш кенгаяди, одамда ўзига бўлган ишонч ортади. Самарқанд менга шундай имкониятни тақдим этди, — дейди талаба қиз.

Самарқанд давлат чет тиллари институти 3-босқич талабаси Фарангиз Гулимбоева билан суҳбат жараёнидан.

«Институтимизда ўқиш учун шароитлар етарли»

— Устозларимизнинг билими ва дарс ўтиш методикаси ҳам мени қониқтиради. Ўйлашимча, талабалар ўқишга киргандан сўнг ўзлари дангаса бўлиб қолади. Ўзим ҳам илк семестрда янги йилгача дам олганман.

Чунки абитуриентлик давридаги оғир меҳнат мияни чарчатади ва маълум муддатли танаффусни талаб этади. Афсуски, айрим талабалар бу танаффус муддатини ёдидан чиқариб қўяди ва узоқ давр мобайнида мақсадсиз вақт ўтказади. Талабалик инсон шахсий ривожланиши учун энг яхши ва қулай пайт. Бутун ҳаётингиз давомида сизга керак бўладиган билимларнинг асосий қисмини айни шу даврда оласиз. Келажакда эришишингиз керак бўлган мақсадларингиз ва уларга элтадиган йўлни ҳам талабаликдаги ҳаракатларингиз белгилаб беради, — дейди Фарангиз.

«Мен учун 24–25 ёш турмуш қуриш учун нормал ёш»

— Мен яшайдиган ҳудудда ҳам шундай. Лекин Самарқанддаги баъзи турмуш қураётган қизлар ёши мен учун сюрприз бўлди. Ўйлашимча, 18 ёш оила қуриш учун жуда эрта. Қиз бола ўқиши, дунёқарашини шакллантириши керак. Чунки ёшларда бу жараён асосан олийгоҳда ўқиш асносида юз беради. Ўқимаган қиз оиласида ўз ўрнига эга бўлмайди. Катталар чизиб берган чизиқдан нари чиқа олмайди. Шу боис Хоразмда ўқиган ва ўқимаган қизлар орасида баъзи фарқлар бор. Масалан, ўқиган қизнинг қалин пули ўқимаган қизникидан 10–15 миллион сўм кўпроқ бўлади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқиган қизлар палласи оғирроқ тош босаверади. Шунинг учун ота-оналар ўқиш борасида қизларига чеклов қўймаслиги керак.

Менинг ота-онам ўзлари ўқигани, дунёқараши яхшилиги, тушунгани учун менга ҳеч қандай чеклов қўймаган. Доим фикрларимни қўллаб-қувватлайди. Шу сабабдан мен ҳам олдимга катта мақсадлар қўя оламан. Ўйлашимча, инсоннинг яқинлари қўллаб турса фарзандлар ҳар қандай ишни бажара олади. Аксинча, қолипга солинган фарзанд ўша қолипдан чиқишга ҳаракат қилади ва қанақадир хатога йўл қўйиши мумкин. Бу эса унинг келажагига ёмон таъсир қилади. Шундай экан, ота-она қўллаб-қувватлаши фарзанд учун жуда-жуда зарур ва бу ҳолат ҳар бир оилада бўлишини хоҳлардим, — дейди чет тиллар институти талабаси Фарангиз Гулимбоева.

Шеҳроз Жалғашев тайёрлади.

Мавзуга оид