Ўзбекистон | 14:32 / 13.09.2023
17677
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон шаҳрининг собиқ ҳокими жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди

2018-2022 йилларда Зарафшон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган Анвар Ражабов ер ажратиш билан боғлиқ масалада айбдор деб топилиб, озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Фото: Зарафшон шаҳар ҳокимлиги

2023 йил 20 феврал куни жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди Навоий вилояти Зарафшон шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Ражабов ҳамда 2017-2021 йилларда шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган Аслиддин Файзиевга оид жиноий ишни кўриб чиққан. Ҳар икки мансабдор Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан айбланган.

Суд ҳукми билан Анвар Ражабов ва Аслиддин Файзиевга 2 йил 6 ой ҳокимият тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

7 сентябр куни собиқ ҳоким ва унинг ўринбосари иши Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилган. Навоий вилояти суди матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, суд ажримига асосан ҳокимнинг ер ажратиши билан боғлиқ 4 та эпизод жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли айб эпизодидан чиқариб ташланган. Биринчи инстанция судида тайинланган жазо эса ўзгаришсиз қолдирилган.   

Анвар Ражабовнинг судланиши тадбиркорларга аукционсиз ер берилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Kun.uz 2022 йилнинг январ ойида айни шу масалада ўша пайтда шаҳар ҳокими бўлган Анвар Ражабов терговга чақирилгани ҳақида хабар берганди. 

Ўшанда Навоий вилоят прокуратураси томонидан Зарафшон шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, ҳокимлик мансабдорлари 5,31 гектар ер участкаларини 7 нафар тадбиркорга ажратиб бериш орқали давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда гумонланаётгани маълум бўлган эди.

Анвар Ражабов 2018 йил 25 май куни Зарафшон шаҳар ҳокими лавозимига тайинланган ҳамда 2022 йил 19 апрелида президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида лавозимидан олинганди.

Мавзуга оид