Мисрлик аёл акула ҳужумидан сўнг қўлидан айрилди
Аёл ҳозир шифохонада, аҳволи барқарор экани айтилмоқда. Акула денгиз тубида ғойиб бўлган.
Мисрнинг Сино яриморолидаги Даҳаб курорт шаҳри қирғоқларида акула ҳужуми оқибатида аёл киши жабрланди. Бу ҳақда Миср атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги хабар берди.
Қайд қилинишича, аёлга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Даҳабдаги пляж вақтинча ёпилган. Ҳодиса сабабларини аниқлаш ва қирғоқ зонасини ўрганиш учун расмийлар махсус комиссия тузган. Акула денгиз тубида ғойиб бўлган ва қидирилмоқда.
El Manshar нашри хабарига кўра, жабрланувчининг қўли ампутация қилинган. Аёл ҳозир шифохонада, аҳволи барқарор экани айтилмоқда.
Тахминларга кўра, аёл меҳмонхона пляжи яқинида сузаётганида акула ҳужумига учраган. Одамлар уни ҳушсиз ҳолатда сувдан олиб чиқиб, шифокорларни чақиришган.
Акулалар ҳужуми Мисрда камдан кам содир бўлади. 2022 йилда 68 ёшли аёл акула ҳужуми оқибатида қўли ва оёғидан ажралиб, юрак хуружидан вафот этган эди.
2020 йили Мисрга борган 12 ёшли украиналик бола ва унга ҳамроҳлик қилган гид акула ҳужумига учраган, оқибатда танадаги айрим аъзоларини ампутация қилишга тўғри келганди.
2010 йил давомида эса Шарм Аш-Шайхда беш кун давомида акула ҳужуми рўй бериб, уч нафар россиялик ва бир нафар украиналик жароҳатланиб, бир нафар германиялик ҳалок бўлганди.
Мавзуга оид
15:10 / 19.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг Ал-Азҳар мажмуасига қабул қилиниши тартибга солинади
14:27 / 09.12.2024
Миср Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш корхонасини қуради
14:08 / 28.11.2024
Қорақалпоғистонлик тиббиёт ходимлари Мисрда малака оширади
21:05 / 25.11.2024