Қирғизистон президенти Марказий Осиёдаги сув инқирози масаласига тўхталди
Садир Жапаров Душанбеда минтақа давлатлари президентлари билан учрашувда сув танқислиги муаммосини кўтарди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун кескин, аниқ ва самарали чоралар кўриш зарур, деб ҳисоблайди.
Унинг сўзларига кўра, минтақа давлатлари сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги 1998 йилги битимни тиклаши лозим.
«Мен Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1998 йилда Норин-Сирдарёнинг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги битим доирасида ҳамкорликни қайта тиклаш ва такомиллаштириш бўйича ишларни бошлашни таклиф қиламан, бунда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сув-энергетика ресурслари мувозанатли алмашинуви назарда тутилади», деди президент.
Жапаров Қирғизистон томони очиқ ва сув-энергетика масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.
«Шунингдек, Бишкекда Марказий Осиё минтақасида энергия тежамкор ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича минтақавий марказ ташкил этишни таклиф этаман, бу эса бутун минтақамизда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлайди», деди Қирғизистон президенти.
Садир Жапаров, шунингдек, музликларсиз сув ҳам, сувсиз эса ҳаёт бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.
«Қайд этиш жоизки, бир давлатдаги сув-энергетика муаммолари ҳал этилмагани Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини сув билан таъминлаш масаласида ҳам ўз аксини топиши мумкин. Шу сабабли, биз манфаатдор давлатларни минтақа сув ресурсларининг деярли ярмини ташкил этувчи мамлакат сифатида Қирғизистон сув хўжалигига сармоя жалб қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича кучларини бирлаштиришни таклиф қиламиз. Ишончим комил, бу нафақат сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради, балки турли табиий таъсирларга чидамлиликни оширади», деди Жапаров.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024