Нуқтайи назар | 14:29 / 14.09.2023
188603
3 дақиқада ўқилади

Топ университетлар ҳам фойда эвазига ривожланган

Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев давлат олийгоҳларида тўлов-контракт миқдорлари ва унга қўшиб педагогларнинг ҳам маошлари етарлича ошмай қолаётгани, бу эса таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида сўз юритди.

2005 йиллардан буёғини бир таҳлил қилсак, контракт нархлари тартибсиз ўзгарган, айнан бир қонун-қоидаси йўқ. 2007 йилда Юридик университетда контракт бирданига 2 баробар оширилганини яхши эслайман. 2019 йилда контрактлар илк марта энг кам ойлик иш ҳақига боғланди, шунга мутаносиб тарзда оширилади, дейилди. Ва ўша йили контрактлар 18 фоизга оширилди, аммо иш ҳақи 10 фоизга ошган эди ва кўпчилик шу миқдорни кутганди. Роса тўполон бўлганди. 2020 йилда ўзгармади, дарслар онлайн бўлгани учун чегирма ҳам қилинди. 2021 йилда эса 10 фоизга ошди ва вакцина олганларга 10 фоиз чегирма беришди. Шундан кейин миқдор ошгани йўқ.

2019 йилда педагогика йўналишларида контракт 5 млн 900 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозирда 6 млн 400 мингдан зиёдроқ. Фарқ – 500 минг сўм атрофида.

Нарх ушлаб туриш ортидан бутунлай нотўғри йўлга кириб кетдик. ОТМнинг харажати ва фойдаси учма-уч бўлиб қоляпти, фойда йўқ. Давлатдан пул сўралса, қанча сарфлаяпсан, дейди, 10 сўм деса, талабадан 6 сўм оляпсан, қолган 4 сўмни бераман, дейди. Фойда йўқ.

Бунақада университет ёки институт қандай ривожланади? Биз ҳавас қиладиган, андоза олишга уринаётган топ университетлар ҳам фойда эвазига ривожланган. Тўғри, улар даромадининг асосий қисмини контрактлар эмас, илм билан боғлиқ, лекин илмдан фойда қиладиган даражага чиқиб олиш учун ҳам сармоя киритиш керак.

Энг катта харажат ойлик маошлар бўлиб, энг катта даромад контрактлардан бўлгандан кейин, албатта, булар бир-бирига боғлиқ. Контрактлардан тушган маблағ ойлик маошга йўналтирилади. Талабалар 4 йилдан бери деярли бир хил сумма тўлаяптими, ўқитувчининг ҳам ойлиги ошмайди. Инфляция, нарх-наво масаласи бор. Талаба учун яхши, лекин ўқитувчига ёмон. Охирги вақтларда шахсан мен таниган ўнлаб илмли профессорлар хусусий олийгоҳларга ўтиб кетди.

Хушнудбек Худойбердиев,
ҳуқуқшунос

Юқоридаги фикрлар Хушнудбек Худойбердиевнинг Kun.uz сайтига берган интервюсидан олинган.

Мавзуга оид