Жамият | 17:24 / 16.09.2023
21759
9 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: Синовлардан қўрқмайдиган Дилором

Дилором Абдунабиева ёлғиз ўзи олти жон учун масъул: ногирон опаси, иккинчи турмушга чиқиб кетган опасининг 4 фарзанди ва ўзининг бир нафар боласи унинг қарамоғида. У қийинчиликларга қарамай болаларни кўчада қолдирмади.

Дилором Абдунабиева асли Олтиариқ туманидан. Айни пайтда Фарғона шаҳрида яшайди. Оиланинг кенжаси бўлган Дилором 2 ёшидаёқ ота меҳридан айрилди. Ота 8 фарзандини ташлаб кетди. Шундан кейин оила пароканда бўлди. Эгизак қизларининг бири ногирон туғилгач, она уни даволатиш учун ҳовлисини сотишга мажбур бўлди.

Кенжа фарзанд Дилоромнинг турмуши эса ўхшамади. У ҳозирда ўз қизи, ногирон опаси, турмушга чиқиб кетган опасининг 4 фарзанди билан ижара уйда яшайди.

 “Оилада 8 фарзанд эдик, энг каттамиз ўғил бўлган, кенжаси мен эдим. Онам ҳаммамизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Фотима опам ногирон эди... Қийналганмиз, бобомлар, қариндошлар ёрдам бериб турган. Вақт ўтиб ҳаммамиз ҳар ёққа тарқалиб кетдик. Отамнинг қаерда эканини, бу дунёда бор ёки йўқлигини ҳеч биримиз билмаймиз. Онам ҳам ота, ҳам она бўлди.

Отам ташлаб кетган пайтда мен 2 яшар эдим. Ногирон туғилган Фотима опамни даволатиш учун онам елиб югурди. Эслайман – кўпинча мени катта опамга ташлаб кетарди.

Бир онадан қайси фарзандингизни кўпроқ яхши кўрасиз, деб сўрашганда, қайси бири сафарда бўлса, сафардан қайтгунча ўшани. Бемор бўлса, тузалгунча ўша боламни кўпроқ яхши кўраман, деган экан. Онам ҳам худди шундай эди. Ногирон Фотима опамни элга қўшаман деб уйларни сотди, ҳеч нарсасиз қолган пайтлар бўлди, онам ёлғиз боши билан барчасига чидади. Опам ўзи туғилиш пайтида ногирон бўлиб қолган эканлар. Тўғри, ҳозир опам ўзи мустақил кўча-кўйда юролмайди, лекин етакласак бемалол ҳаракатланади, Худога шукр, шунчалик бўлди.

Гоҳида онам қизим, сениям қийнаб қўйдим, гўдаклигингда яхши қаролмадим, хафамасмисан, дейди. Онадан хафа бўлиб бўларканми, бахтимга бор бўлинг, дейман».

31 ёшли Дилором холасига келин бўлди. Лекин турмуши узоққа чўзилмади. Иккинчи турмушидан қизли бўлди. Дилором ҳозирда қизи билан бирга опасининг 4 фарзандига ҳам қарайди. У кучни ногирон опаси ва шу норасидалардан олади.

«Қиз бола палаҳмон тоши, дейишади-ку, мен ҳам шундай бўлдим. Яхши эслайман, бир куни холам уйимизга чиқиб, опа, шу қизингизни менга келин қилиб беринг, деб қолдилар. Онам бўлса ҳали бу қизим ёш, эрка, олти опаси ортидан иш қилмай ўсди, турмушга тайёрмас, дедилар. Холам эса берасиз деб туриб олди. Онам рози бўлди, орага бувим ҳам қўшилдилар.

Холамга келин бўлдим. Лекин турмушимиз узоққа чўзилмади. Бесабаб жанжаллар бўлди. Шундан кейин рўзғоримни алоҳида қилишди. Фарғонага келдим. Секин-секин холам ўғлини юбормай қўйди, бошқа қизга уйлантирди кейинчалик.

Шу орада бир одам менга кўнгил қўйди, розилик сўради турмуш қуришга. Иккинчи турмуш қилдим, яхши яшадим, лекин мени алдаб юрган экан, уйига олиб бормади, алоҳида яшадик. Опам ҳам биринчи турмушидан ажрашиб, иккинчи турмуш қилди. Никоҳдан ўтиб олгунча опамнинг биринчи турмушидан бўлган фарзандларини қабул қиламан деб турган хўжайини опамнинг бўйида бўлгач, болаларни йўқот деб туриб олди. Опам роса курашди, лекин охири иложсиз 4 боласини меҳрибонлик уйига топширди. Опамнинг фарзандларини асраб олдим. Ўша вақтда ўзимнинг фарзандим йўқ эди, аммо 9 йил деганда қизли бўлдим, Аллоҳга шукр.

Опамнинг 4 фарзанди, ўзимнинг фарзандим, ногирон опамга қарайман ҳозир. Бундан мамнун бўламан, куч оламан. Одамлар қаердан куч топасан, деб сўраб қолади, мен шу фарзандларимдан оламан кучни. Опамнинг фарзандларини турмуш ўртоғи қабул қилмагач, уларни мен ҳам кўксидан итарсам бўлмасди, бу тўғри эмас. Бошқа қаерга ҳам боришади? Турмуш ўртоғим бошида қабул қилди уларни, лекин ўзим ҳомиладор бўлгач, улардан кеч, деди. Йўқ, дедим. Ахир булар бола-ку. Сен билан яшамайман, деди, хўп, дедим мен ҳам. Аллоҳга топширдим».

Дилоромнинг норасидаларга нон, уй эгасига эса ижара пули топиб бера олмаган пайтлари кўп бўлди. У шунда ҳам кўнгли ўксик болаларга бор меҳрини берди.

«Куним бомдод намозига туриш билан бошланади. Болалар ҳам туриб нонушта тайёрлашади, уйни йиғиштиришади. Биргалашиб чой ичамиз. Дарс қилишади, ёрдам бераман. Баъзида кўчага чиқишганида кўнгли ўксиб қолади болаларнинг. Кимнинг отаси эркалаётган бўлади, нимадир олиб бераётган... Уйга келиб ўксиганини, йиғлаганини айтмайди, барибир билинади. Нима бўлди, деб сўрасам, ҳеч нарса, деб қўйишади.

Баъзида болаларга нон топиб беролмаган пайтларим бўлган. Ҳеч эсимдан чиқмаса керак, янги йил байрамида ейишга ҳеч нарса тополмаганман. Одамлар қандай байрам қилади бу кунни... Катта ўғлим кўзимга қараб туриб «Опа, ҳали ҳамма нарсамиз бўлади...» деган. Ҳаммаси ўтиб кетади, болам, деб қўйганман. Қўшним бир бўлак торт билан иккита нон кўтариб чиқиб қолди. Болаларим шундай хурсанд бўлиб кетган, бизникида ҳам байрам бўларкан, деб. Болаларимнинг шукрона келтиришига ўшанда гувоҳ бўлганман.

Ижара пулини беролмаган, қарз бўлиб қолган кунларим кўп бўлган. Кўчада қолганман. Болаларимни бир кунгина қараб туринг деб опамникида қолдирганман. Болали одам ҳеч қаерга сиғмайди. Унга-бунга чопганман, онамга бироз пул керак бўлиб қолди деб пенсияларидан олганман. Лекин шундаям кўчада қолдик деб айтолмаганман. Бир нарса кўриб қолдим, яхши экан, шуни олмоқчиман, деганман холос. Бир кун кўчада ётганман.

Уй қидирдим. Эркак киши учраб қолса ёмон кўз билан ҳам қарайди. Ёлғиз аёлга ёмон ният билан қарашар экан бу одамлар. Ёмон йўлга бошламоқчи ҳам бўлишган, йўқ деганимдан кейин бўлмаса, эшикма-эшик юрма, эрга тег деб зарда қилишган. Шунақа пайтлар ҳам бўлган».

***

«Онам 900 минг пенсия олади. Ҳар ой пенсиялари тушганда бозорлик қилади. Олдин ижарага кўп кетарди. Болаларим бир оёқ кийимни 3 кишилашиб алмашиб кийган пайтлари бўлди... Худога шукр, опамнинг болалари мени ўз онасидек қабул қилишди. Катта ўғлим эҳтиёткор, кечки пайт кўчага ҳам чиқармайди.

Энди шу фарзандларимни вояга етказиб, элига, юртига фойдаси тегадиган йигит-қизлар қилиб улғайтириш ниятидаман. Бахтини, камолини кўриш насиб этсин. Опамни ҳам яна даволатармиз ҳали. «Болажон дунёси» хайрия фондида ишлайдиган бир киши бор, Қурбон ҳайити арафасида эҳсон тарқатиб юрганларида танишиб қолганмиз. Ўша фондга аъзо бўлишни айтганлар, аъзо бўлдим. Ёрдам қиламиз, дейишди. Саломат бўлсин шу инсон, қўлларидан келганча кўп ёрдам қилди. Худога шукр, ҳозир яхши яшаяпмиз.

Болаларим мени руҳлантиради, куч беради. Болалар шундайки, улар кулганда куласиз, йиғлаганда йиғлайсиз. Доим уларга тасалли беришга, йиғлатмасликка ҳаракат қиламан. Ўқишга қизиқтиришга ҳаракат қиламан. Мактабдан «5» баҳо олиб келишини ўзимга мукофот деб қабул қиламан, улар ҳам шу тариқа мени хурсанд қилишга ҳаракат қилади. Паст баҳо олиб келишса ҳам, уларни руҳлантириб, яхши гапираман. Беғуборлик билан хафамасмисиз, деб сўраб қолишади, кейин эртасига, албатта, «5» олиб келишади.

Мен кўрган қийинчиликларни, оғир кунларни булар кўришини истамайман. Баъзида йиғласам, кўз ёшимни болаларимга кўрсатмасликка ҳаракат қиламан. Қийналиб кетган пайтларим пана-панада йиғлаб оламан. Отасини соғинади болалар, сезаман, лекин айтишолмайди. Қайси бола соғинмас экан. Отамни кўрмаган бўлсам ҳам, мен соғинаман-ку ҳатто.

Юқорида айтганимдай, Ҳайит байрами кунларида «Болажон дунёси» хайрия фонди эҳсон тарқатди. Ҳаётимда ўзгариш бўлган ўша кунлари. Болаларга мактаб бошланиши олди фонддаги бояги кишига мурожаат қилдим. Болаларимнинг уст-бошида камчиликлар бор эди. Келиб кўрдилар шароитимизни. Кейин болаларнинг кийимига, ўқув қуролларига ёрдам бердилар. Бундан ташқари, Фотима опамга ҳам ёрдам беришни айтдилар, душанба кундан шифокорга борамиз яна. Ўша инсондан жуда миннатдорман, ишларига ривож берсин.

Қизим Шаҳина математика курсларига боряпти, Москвадаги бир опа ёрдам беряпти. Улардан ҳам жуда миннатдорман. Бошқа фарзандларимни ҳам тайёрлов курсларига бермоқчимиз. Ҳаёт олдинда. Мен мана шу болалар учун ҳам яшаяпман, ҳали ҳаммаси яхши бўлади”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид