Жаҳон | 21:12 / 16.09.2023
25815
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Тожикистонга баҳсли ерлар бўйича ультиматум қўйди

Қирғизистон элчиси Тожикистонда тушунтириш бериш учун Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Фото: kyrgyztoday.org

Агар Тожикистон Қирғизистон ерларига даъвогарлик қилишдан воз кечмаса, Қирғизистон ҳам Тожикистонга нисбатан ҳудудий даъволар билан чиқиши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев гапирди.

«Яқинда биз янги ҳужжатларни топдик. Уларга кўра, кўплаб қирғиз ерлари Тожикистонга ўтганини биламиз. Буни тарихий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан исботлашимиз мумкин. Агар қўшни мамлакат ўз ҳудудий даъволаридан воз кечмаса, биз ҳам ҳудудий даъволар билан чиқамиз», деди Ташиев.

Унинг таъкидлашича, ҳудудий даъволар билан чиқиш учун Бишкек «етарли куч ва имкониятга эга». У гап қайси ҳудудлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.

Қирғизистон элчиси Эрлан Абдилдаев ушбу баёнотлар туфайли Душанбеда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара қарийб 980 км узунликка эга. Давлатлар ўртасида 460 км чегара бўйича келишув йўқ. Делимитация бўйича музокаралар 2002 йилдан бери давом этмоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳудудий можаронинг сўнгги жиддий кескинлашуви, 2022 йил сентябрида юз берди. Томонлар бир-бирини ўққа тутишда, жумладан, фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилишда, тинч аҳоли ва ҳарбийлардан ўнлаб одамларни ўлдиришда айблаган эди.

Мавзуга оид