Ўзбекистон | 13:43 / 17.09.2023
47864
2 дақиқада ўқилади

Оқолтин туманидаги кўприк балкалари синиб, «Тошкент-Термиз» йўналиши вақтинча ёпилди

Кўприкда оғир юк машиналари ҳаракатланиши натижасида ёриқлар пайдо бўлган. Ҳайдовчилар учун айланма йўл ташкил этилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

16 сентябр куни Сирдарё вилояти Оқолтин туманида кўприк синиб, йўли чўкиб кетди.

«Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А-373 автомобил йўлининг 10 километрида жойлашган зовур кўпригининг «Тошкент-Жиззах» йўналишидаги қисмида оралиқ қурилма балкаларининг 5 тасида ёриқ вужудга келиб, чўкиш ҳосил бўлган», дейилади Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, кўприк 1990 йилда қурилган, 2020 йилда қисман реконструкция қилинганди.

Эндиликда «Тошкент-Термиз» йўналишидаги барча автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланиб, ушбу йўналишдаги автотранспорт воситалари ҳаракати халқаро аҳамиятдаги М-34 «Тошкент - Душанбе» автомобил йўлининг 104-152 километрлари ҳамда А-376 «Қўқон - Жиззах» автомобил йўлининг 219-242 километрлари орқали ташкил қилинди.

Барча йўналишларда ЙПХ постлари ташкил қилиниб, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилган.

Айни вақтда мазкур кўприкда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, автотранспорт воситаларининг мазкур йўналишда ҳаракатини қайта йўлга қўйиш учун қўшимча равишда зовур устидан вақтинчалик ўтиш йўли қуришга қарор қилинган. Бунинг учун 50 га яқин куч ва воситалар жалб қилиниб, 3 сменада иш ташкил қилинмоқда.

Мавзуга оид