Жамият | 16:27 / 19.09.2023
16086
3 дақиқада ўқилади

“Сен кучлисан": оққонга чалинган болалар муаллифлигида яратилган асарлар кўргазмасидан репортаж 

Кўргазмада 150га яқин бемор болалар 800 га яқин суратлар билан иштирок этишди. Тадбир иштирокчилари учун суратлар "аукциони" ташкил этилиб, сотувдан тушган маблағлар асарлар муаллифлари бўлган болаларга берилди.

Бу суратнинг муаллифи бир болакай. У анчадан бери гематология марказининг бемори. Ҳозир эса болалар ҳосписида. Бу суратни у жонлантириш бўлимидан чиқиб тонгга қадар чизган. Мана шу сурат куни кеча бўлиб ўтган хайрия кўргазмасида сотилди. Сотилган суратнинг пулига нима олишни истайсан деган саволга болакай қишки кийимлар олмоқчилигини айтди. Шифокорлар эса унинг аҳволи оғир эканини айтишмоқда. Боланинг интенсив терапиядан кейин чизган бу ҳикояси бизга болалар қанчалик кучли бўлиши мумкинлигини ва санъат уларга ўз ҳис-туйғуларини ифодалаш ва қалбларини даволашда қандай ёрдам беришини эслатиб туради. Ушбу расм бу кичкина жангчининг ёнида турган ва уни тикланиш йўлида қўллаб-қувватлаган ҳар бир кишининг қалбида қолади. 

Афсуски, ҳар йили мингдан ортиқ болаларга шундай хасталик билан ташхис қўйилади. 18 сентябр куни Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида гематологик ва онкологик хасталиклар билан курашаётган болаларни қўллаб қувватлаш ниятида хайрия кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада бемор болаларнинг ўз қўллари билан яратган буюмлари, чизган расмлари намойиш этилди. 

Тадбир ташаббускори бўлган “Сен кучлисан” лойиҳаси гематологик касалликларга чалинган болаларга моддий ва маънавий кўмак бериш, уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бугун жамоада 20 дан ортиқ волонтёрлар фаолият юритмоқда.

Лойиҳа асосчиси Маржона Нурмуҳамедованинг айтишича, бу хаста болаларда эртанги кунга ишончни оширади:

“Дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам гематология ва онкология соҳасида бу глобал муаммо ҳисобланади. Шундай экан, халқ ва волонтёрлар ёрдамга келиши керак. Барчамиз бир бўлиб бу соҳани ислоҳ қилишга, беморларнинг муаммоларини камайтиришга ёрдам берсак, хаста болаларни қўллаб-қувватлаб, мотивация берсак – ютуғимиз бўлади.

Бугунги кўргазмада 150га яқин болалар 750дан ортиқ суратлар билан қатнашяпти. Бугунги хайрия кўргазмасида сотилган суратларнинг пули ҳар бир муаллифга етказилади. Бу уларга мотивация беради, эртанги кунига ишонч уйғотади”, - дейди у. 

Тадбир ташаббускорларидан бири Аброр Зоҳидов мазкур лойиҳани нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари бошланганини таъкидлади: 

“Айни пайтда “Сен кучлисан” лойиҳасини нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар топширдик. Яқин кунларда ижобий хулосани олганимиздан кейин ишимиз янаям шаффофлашади. Ҳозир маблағлар тўғридан тўғри беморларнинг ота-оналарига етказилаётган бўлса, кейин бу жараён тизимлаштирилади. Ягона ҳисобрақам орқали исталган пайтда маблағ ўтказиш мумкин бўлади”.

Ташкилотчилар берган маълумотларга кўра, хайрия кўргазмасидаги суратлар қарийб 46 миллионга сотилган.

Мавзуга оид