Жаҳон | 17:35 / 21.09.2023
21660
6 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб яна ёппасига ракета ҳужумлари амалга оширилди

21 сентябр тонгида Киев, Черкаси, Харкив шаҳарлари, шунингдек, Лвив, Хмелницкий ва Ривне областларида портлашлар рўй берди. Украина қуролли кучлари ёппасига ракета ҳужуми ҳақида хабар берган.

Киевда нисбатан энг жиддий вайронгарчиликлар Дарницкий районида кузатилган, аммо қурбонлар йўқ

Украина ҳаво кучларининг тонгда берган ҳисоботига кўра, зарбаларнинг биринчи тўлқини соат тахминан 3:40 да бошланган, бу зарбалар самолётлардан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини йўллаш орқали берилган.

Ҳисоботда айтилишича, Саратов областидаги Энгелс аэродромидан ҳавога кўтарилган стратегик авиациянинг Ту-95МС русумли самолётларидан жами 43 та қанотли ракета учирилгани қайд этилган.

«Ракеталар бир неча тўлқинда юборилди. Улар Украина ҳаво кенгликларига турли йўналишларда кириб, доимий равишда курсни ўзгартириб туришди», — дейилган Украина ҚК ҳаво кучлари баёнотида.

Украин ҳарбийлари тасдиқлашича, 43 ракетадан 36 тасини уриб туширишга муваффақ бўлинган.

Киев

Киев шаҳри Дарницкий райони маъмурияти ракета парчалари тушиши оқибатида шикастланган уйлар ва автомобиллар акс этган суратларни намойиш этган

Киев ҳарбий маъмурияти тонгдаёқ шаҳарга стратегик авиациянинг Ту-95МС русумли 10 та самолёти ҳужум қилгани, улардан Х-101/555/55 типидаги қанотли ракеталар учирилгани, «душманнинг 20 дан ортиқ нишони йўқ қилингани» ҳақида хабар берганди.

Ракета парчалари Украина пойтахтининг камида учта районида аниқланган. Шевченкове районида ракета парчалари газ қувурига шикаст етказган, Дарницкийда — турар ва нотурар жойлар устига утшиб, сезиларли даражада шикаст етказган. Шунингдек, Голосийив районида қутқарувчиларни чақиришган.

Шаҳар маъмуриятига кўра, ҳужум вақтида етти киши, жумладан тўққиз ёшли қизча жароҳат олган.

Тонгда Киевда такроран ҳаво тревогаси эълон қилинган — Черниҳив области томондан ракеталар гуруҳи учиб келган. Пойтахтда учинчи тўлқин кузатилмаган.

Черкаси

Черкасида ракета ҳужуми оқибатида меҳмонхона биноси вайрон бўлиб, 10 киши жароҳат олган

Черкасида ракета парчалари шаҳар марказидаги ижтимоий инфратузилмалар объектига тушган, дея хабар берган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Игор Табурец.

Украина ИИВ раҳбари Игор Клименконинг аниқлик киритишича, Черкасида ракета зарбаси оқибатида меҳмонхона биноси вайрон бўлган.

Бу ерда ёнғин бошланган, бозордаги савдо павилонлари ҳам ёниб кетган. 10 киши жароҳатланган, бир кишини харобалар остидан чиқариб олишган.

Табурецнинг сўзларига кўра, меҳмонхонада жами 23 киши бўлган ва харобалар остида яна одамлар қолган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, меҳмонхонага ракетанинг жанговар қисми тушган ва бинонинг иккинчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган қисми вайрон бўлган.

Черкасида ракета зарбаси оқибатлари

Бошқа шаҳарлар

Соат 6:00 атрофида Харкивда ҳам камида олтита портлаш содир бўлган. Украина ички ишлар вазири Клименконинг маълум қилишича, бу шаҳарда ҳужум оқибатида омборхона биноси вайрон бўлган.

Губернатор Олег Синегубовнинг аниқлик киритишича, зарба олтита ракета билан йўлланган — катта эҳтимол билан, С-300 комплексидан. Украина ҚК ҳаво кучлари бугунги ҳужумларда шу ракета комплекси ҳам қўлланганини хабар қилган. Ҳужум оқибатида икки киши жароҳатланган.

Ички ишлар вазири душман Лвив областида саноат зонасига зарба берганини, бу ерда вайронгарчилик ва ёнғин кузатилганини хабар қилган.

«Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бугун биз томон учиб келган тўртта қанотли ракетани уриб туширди, — деган Лвив мэри Андрий Садовой. — Ҳам шаҳардаги, ҳам област ҳудудидаги объектлар нишонга олинган».

Лвив областининг Дроҳобич шаҳрида соат 6:25 да саноат объектига икки зарба келиб тушган, цех ёниб кетган, уч қаватли омборхона вайрон бўлган. Яна бир ракета зарбаси икки қаватли хусусий омборхонага келиб тушган, бу ерда ҳам ёнғин чиққан. Дроҳобичда нефтни қайта ишловчи завод бор.

Шунингдек, Ривне областида «зарба келиб тушиши ва шикастланишлар» қайд этилган, дея хабар берган Украина ИИВ раҳбари. 

Россия ракета зарбаси шаҳардаги техник хизмат кўрсатиш станцияси ҳудудига келиб тушган, натижада 100 квадрат метр майдонда ёнғин чиққан. Олов бешта автомобилни йўқ қилган, яна учта машина ва икки бино шикастланган. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Governor of Rivne Regional Military-Civil Administration Vitalii Koval / Reuters / Scanpix / LETA

Эрталабки соат саккизда ҳам ёппасига ҳужум якунланмаганди. Украина ҚК ҳаво кучлари хабар беришича, бу вақтда камида битта қанотли ракета Чернивси ва Ивано-Франкивск областлари йўналишида ҳаракатланаётганди. Соат 8:42 да ниҳоят ҳаво тревогаси бекор қилингани эълон қилинди.

Россия Украина бўйлаб эрталабки ракета зарбалари юзасидан изоҳ бермади. «Ғалла келишуви» бекор қилинган ёз ўрталаридан буён Москва тунда дронлар орқали асосан Одесса областига ҳужумлар уюштираётганди. Украинанинг бошқа регионларига ҳам аҳён-аҳёнда ракета учириб турилганди.

Бир кун олдин Украина ҚК ҳаво кучлари тун давомида 17 та камикадзе дрон уриб туширилгани, дронлардан бири Кременчуг шаҳридаги нефтни қайта ишловчи заводга келиб урилганди.

Мавзуга оид