Ўзбекистон | 09:55 / 25.09.2023
54657
16 дақиқада ўқилади

Akfa университетида жанжал: собиқ ва амалдаги раҳбарият келишмовчилиги талабаларга қимматга тушмоқда

CAU (аввалги Akfa) университети раҳбарияти ва шу муассасада Part-time дастури бўйича ўқиган талабаларнинг ота-оналари ўртасида низо келиб чиққан. Амалдаги маъмурият бунда собиқ ректорни айбламоқда. Akfa университетини 2018-2022 йилларда бошқарган Бекзод Жалилов эса бу ишларнинг ортида президентнинг собиқ маслаҳатчиси, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси Абдужаббор Абдувоҳидов турганини маълум қилди. 

Фотоколлаж: Kun.uz

Kun.uz’га Тошкентдаги Central Asian University (аввалги Akfa) университети талабаларининг ота-оналаридан шикоятлар келиб тушди.

Тузилган шартномада мактабнинг битирувчи синфида ўқиб турган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида Part-time дастури доирасида Akfa университетининг 1-курсини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-курсига қабул қилиниши белгиланган. Аммо 2022-2023 ўқув йилида мазкур дастурда ўқиган талабалар янги ўқув йилида университетнинг 2-курсига қабул қилинмаслиги ва 1-курсни қайтадан ўқишлари лозимлиги айтилган. Шундан сўнг маъмурият ва талабаларнинг ота-оналари ўртасида низо келиб чиққан.

Part-time дастурини тамомлаб, бу йил 2-курсда ўқишни бошлаши керак бўлган талабалар дарсларга қўйилмаган. Улар бир ўқув йили учун 40 млн сўм контракт тўлаган. 

Университетнинг янги раҳбарияти бу ҳолатни аввалги ректор томонидан қонунбузарликлар содир этилгани ва 2-курсга қабул қилинган талабалар ўқишни давом эттира олмаслиги, чунки бу қонунда кўзда тутилмагани билан изоҳлаган. Ўқувчиларнинг сўзларига кўра, уларни киришдаги юзни таниб олиш тизимидан узишган, талабалик гувоҳномалари олиб қўйилган.

Олий таълим муассасасининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотида юзага келган ҳолатга университетнинг аввалги раҳбарияти айбдор экани кўрсатилади.

«Бундан икки йил аввал Akfa университетининг собиқ ректори — 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Бекзод Джалилов томонидан Study for the success МЧЖни Университет таъсисчисидан яширин ҳолда, фирибгарлик йўли билан ўзига қўшимча маблағ ишлаш мақсадида жалб қилган, амалдаги қонунларга хилоф йўл билан ушбу МЧЖ номидан ота-оналар билан шартномалар тузган. Шартномага мувофиқ ота-оналарга уларнинг фарзандлари мактабнинг 10-11 синфларида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида Akfa университетининг 1-курсини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ Университетнинг 2-курсига қабул қилиниши МЧЖ томонидан ваъда қилинган ва ота-оналар ушбу хизмат эвазига МЧЖ ҳисоб рақамига муайян тўловларни қилишган.

Маълумот учун Central Asian University МЧЖнинг банк ҳисоб рақами «Ўзмиллийбанк» АЖ Яшнобод филиалида очилган. Study for the success МЧЖнинг банк ҳисобрақами эса Тошкент шаҳар Капиталбанк амалиёт бошқармасида очилган.

Шунингдек, МЧЖ ҳисоб рақамига тушган пул маблағлари Б.Жалиловнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган МЧЖ томонидан ўзлаштириб юборилган.

— Бироқ, ушбу МЧЖнинг Akfa университетига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўқувчиларни мактабда ўқиб турган вақтида университет дастурларига қабул қилиш ҳам қонунчиликка зид. МЧЖ таъсис ҳужжатидан кўриниб турибдики, у собиқ ректорнинг яқин қариндоши томонидан таъсис этилган, контакт маълумотлари ҳам унга тегишли, ўзининг банкларнинг бирида алоҳида ҳисобрақамлари мавжуд.

Ушбу иш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, жабрланувчилар туман прокуратурасига тегишли шикоят билан мурожаат қилишлари мумкинлиги маълум қилинди.

Университет ўз ўрнида, Б. Жалиловнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларидан жабрланган ва қўлида шаҳодатномалари (11-синф) бор болаларни тез кунларда, ўрнатилган тартибда Университетнинг 1-курсига қўшимча қабул қилишини ота-оналарга маълум қилди», дейилади Central Asian University изоҳида.

Шунингдек, Central Asian University томони маълум қилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан Au Financial Investment Team МЧЖнинг собиқ мансабдор шахслари ва Cyber Genesis Systems МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Central Asian University’нинг ушбу баёнотидан сўнг муассасанинг собиқ ректори  Беҳзод Жалилов бўлиб ўтган ҳодисаларга ўз муносабатини билдирди.

Беҳзод Жалилов

2018 йилда менга Akfa университетини ташкил этиш лойиҳасига раҳбарлик қилишни таклиф қилишди ва 2019 йилда университет очилгандан сўнг ушбу университетга ректор этиб тайинландим.

Жорий йилнинг 22 сентябр куни Akfa университети (ҳозирги номи Central Asian University) раҳбарияти томонидан менга ва бошқа бир қанча собиқ ходимларга нисбатан асоссиз, яъни университет маблағларини ноқонуний ўзлаштириш айбловлари қўйилгани муносабати билан ушбу мурожаатни ёзишга қарор қилдим.

Университетнинг ҳозирги раҳбарияти мени 2015 йилда ўзим асос солган Study for the success компаниясидан Akfa университети билан ўзаро манфаатли битим тузишда, университет таъсисчиларининг олдиндан розилигини олмасдан фойдаланганликда айбламоқда.

Study for the success МЧЖ 2015 йилдан бери таълим хизматларини (лицензия асосида) кўрсатиб келмоқда ва талабаларни Тошкент шаҳридаги етакчи олий ўқув юртларига ўқишга тайёрлаш билан шуғулланади.

2021 йилдан бошлаб Study for the success МЧЖ республиканинг бошқа кўплаб таълим марказлари сингари университет билан меморандум ва ҳамкорлик шартномаси асосида потенциал талабаларни Университетга, жумладан, "Part-time" дастури доирасида тайёрлаган ҳамда қабул имтиҳонларини ташкил этган.

Юқорида қайд этилган ҳужжатларга кўра, Akfa университети International Foundation Diploma for Higher Education Studies дастурини (биз уни Part - time деб атаганимиздек) муваффақиятли тамомлаган талабаларга биринчи босқични ўқимасдан иккинчи босқичга қабул қилинишни кафолатлаган. Сабаби мазкур тайёргарлик курси foundation year’га тенглаштирилган.

Akfa университети муассислари, жумладан Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам, таълим муассасасининг бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорлиги ҳақида хабардор эди. Бундан ташқари, Жаҳонгир Обидовичнинг жияни Ортиқхўжаева К. ҳам ушбу дастурда ўқиган ва ўқиш пулини Университет ҳисобига эмас, балки Study for the success МЧЖ ҳисобига тўлаган. Юқоридагиларни инобатга олсак, муассислар бундан бехабар эдилар дейиш нотўғри.

Шуни таъкидлашни истардимки, AKFA Университети ва бошқа ўқув марказлари ўртасида ҳам Study for the success компанияси билан тузилган шартномага ўхшаш ҳужжатлар имзоланган. Шартномаларга кўра, ушбу ўқув муассасаларининг курсларини муваффақиятли тамомлаган талабалар Akfa Университетининг 2-босқичига қабул қилинган. Бироқ, янги раҳбарият томонидан ўрнатилган 2-босқичга тўғридан тўғри ўқишга қабул қилишни тақиқлаш бошқа таълим муассасалардан Part - time дастури бўйича Университетга кирган талабаларга ҳеч қандай тарзда қўлланмаган.

Эслатиб ўтаман, гарчи юридик мақомга эга ва ҳуқуқий томондан расмийлаштирилмаган бўлмаса-да, ўзини кузатув кенгаши раиси деб таништираётган Абдужаббор Абдувоҳидов билан университет бошқаруви сиёсатида юзага келган келишмовчиликлар туфайли мен Akfa Университети ректори лавозимидан кетганман. Бундан ташқари, 2023 йил январ ойининг биринчи ярмида ишдан кетганимдан бошлаб жорий йилнинг 22 сентябрига қадар университетнинг янги раҳбарияти Part - time дастури бўйича ўқув марказлари билан ҳамкорлик бўйича ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Қолаверса, мазкур талабалар 2023 йилнинг баҳорги семестрида университет ҳудудида ҳеч қандай тўсиқларсиз таҳсил олишган ва семестр якунида, яъни 2023 йил июн ойида университетнинг амалдаги ректори Камрон Ғуломовнинг буйруғи билан кейинги босқичга ўтказилган ёки 2-босқичга ўқишга қабул қилинган. Мазкур буйруқ асосида Study for the success талабалари университетнинг 2-босқичига ўқишга қабул қилинганликлари тўғрисида хабардор қилинганлар.

22 сентябр куни бўлиб ўтган ота-оналар билан учрашувда, Камрон Ғуломов бундай буйруқ борлигини аввал рад этган. Буйруқ унга кўрсатилгач, у нимага имзо қўйганидан хабари йўқлигини айтган. Кейинчалик эса, у буйруққа имзо алдов йўли билан олинганлигини айтган. Ваҳоланки, Камрон Ғуломовга ҳужжатларни имзога унинг одами тегишли текширувлардан кейин олиб киришини таъкидлаш лозим.

Аслини олганда, бу масалани янги раҳбарият фақат менинг обрўйимга, Study for the success МЧЖ обрўсига ва ҳозирда мен фаол иш олиб бораётган янги университет ташкил қилиш бўйича янги лойиҳанинг обрўйига путур етказиш учун кўтарган. Агар уларнинг айбловлари мантиқий ва қонуний асосли бўлса, унда мантиқий савол туғилади: нега Университетнинг янги раҳбарияти ишдан бўшатилганимдан бошлаб 2023 йил 22 сентябргача Part - time дастурини ёпиш ва таълим марказлари билан ҳамкорликни тўхтатиш масаласини кўтармади?

Бундан ташқари, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб, шунингдек, ишдан бўшатилганимдан сўнг таъсисчи вакиллари томонидан ташқи экспертларни жалб қилган ҳолда Университет фаолиятида қайта-қайта аудит, жумладан, молиявий аудит ўтказилган. Ушбу текширувлар натижасида ҳеч қандай қонунбузарликлар аниқланмаган.

2018 йилдан 2023 йил январигача қийинчиликларга, муассислар томонидан ваъда қилинган маблағлар ажратилмаганига қарамай, ушбу университетни ташкил этиш ва ривожлантириш йўлида виждонан ва ҳалол меҳнат қилдим. Дастлаб муассислар ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 100 миллион доллар ажратишларини ваъда қилишган эди. Бироқ, охир-оқибат, ушбу маблағнинг ҳатто ⅓ қисми ҳам лойиҳага киритилмади. Шу муносабат билан лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш учун университет кредит олишга мажбур бўлинди ҳамда кредит ҳамда фоизлари ўрнатилган муддатларда университет томонидан мустақил равишда тўлаб борилди.

Akfa компаниялар гуруҳи вакиллари ҳеч қандай молиявий ёрдам кўрсатмадилар. Вазият шунга етиб бордики мен университетга 100 000 АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағимни йўналтиришга тўғри келди. Бу маблағларга мен 2021 йилдан ҳозирги кунгача университет ҳудудида фаолият юритаётган талабалар турар жойи учун мебель ва жиҳозлар сотиб олдим.

Мен ректорлик лавозимидан озод этилганим ва Абдужаббор Абдувоҳидов (Жаҳонгир Обидовичнинг қудаси) университет ҳаётига фаол аралашуви бошлангач, Университетни молиялаштиришга ёндашувда ўзгаришлар кузатилмоқда. Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаевнинг корхоналари университетдаги ўқув жараёни учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, китоблар ва ўқув материалларини харид қилиш учун фаол маблағ ажратишни бошлади.

Яна бир тенденция кузатилди, Абдужаббор Абдувоҳидов келиши билан университет ходимларидан сифат учун эмас, балки миқдор учун ишлашни талаб қила бошлади ва мен иқтибос келтираман: “Шу ерда пул қилсак бўлади-ю”. Унинг илтимосига кўра, бир қанча факультетлар, жумладан, ўша пайтда лицензия асосида фаолият юритган Инглиз тили филологияси факултети, унда анчагина талабалар таҳсил олаётганига қарамай, ёпилди. Профессорлар, талабалар ва уларнинг ота-оналари бу ҳақиқатни тасдиқлашлари мумкин. Талабаларнинг ота-оналари дарслар ўтказилмаётганлиги ва малакали ўқитувчиларнинг йўқлиги, мавжуд таълим дастурлари тушунтиришсиз ёпилганлиги ва бошқа масалаларга эътироз билдириб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ариза ёзганлар.

Шу ўринда таъкидлашим керакки, университетдаги ректор лавозимидаги фаолиятим давомида таъсисчи менга таълим сифатини таъминлаш бўйича қатъий талаблар қўйган эди. Бу талаблардан бири Университетни халқаро даражага кўтариш ва 5 йил ичида университетни Times Higher Education мезонлари бўйича дунёнинг энг яхши 1000 та университетлари рейтингига киритиш учун керакли чораларни кўриш эди. Шу муносабат билан Абдужаббор Абдувоҳидов билан ўртамизда тез-тез низолар юзага кела бошлади.

Ана шундай можаролардан бирида Абдужаббор Абдувоҳидов мендан айнан халқаро стандартларга мос равишда (мусулмонлар, насронийлар ва буддистлар учун) қурилган ибодатхоналарни ёпишимни талаб қилди. Бироқ талабалар хавфсизлиги учун мен университет ректори сифатида бу хоналарни ёпишни ноўрин деб ҳисобладим, чунки бу ҳолда талабалар дарс вақтида намоз ўқиш учун университет ҳудудидан чиқиб кетишади. Ушбу можарода Абдужаббор Абдувоҳидов менга нисбатан беҳаё сўзларни ишлатиб, ҳамкасбларим олдида шаъним ва қадр-қимматимни камситди, ҳатто жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилди. Бу воқеадан кейин мен Akfa университетида ишлашни тўхтатишга қарор қилдим.

Видеоси интернетда кенг тарқалган Central Asian University’да 21 сентябр куни ташкил этилган ота-оналар мажлисида Абдужаббор Абдувоҳидов ота-оналарни менга қарши прокуратурага ариза ёзишга чақирган ва ҳаттоки ота-оналарни прокуратурага олиб бориш учун автобус хизматини ташкил қилган. У, шунингдек, менинг танишларимга, Университет ходимларига ва Akfa бош офиси ходимларига мени жиноий муассасага (қамоққа) жойлаштирмагунча тинчланмаслигини айтган.

Абдужаббор Абдувоҳидов ўз алоқаларидан фойдаланиб, прокурорларни менга нисбатан жиноий иш қўзғатишга том маънода мажбурлаган. Май ойида мени прокуратурада сохта айблов, яъни университет маблағларини ўғирлаш бўйича бир неча бор сўроқ қилишди. Бу айбловлар исботини топмади. Июн ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари менинг диний ва сиёсий экстремистик исломий ҳаракатларга алоқадорлигим юзасидан текширув ўтказдилар. Бироқ бу айблов ҳам тасдиқланмади. Қолаверса, А.Абдувоҳидов университетнинг ҳозирда собиқ ходимларидан менинг устимдан ариза ёзишни талаб қилган. Талабни бажармаган ходимларни ишдан бўшатиш билан қўрқитган.

Мазкур университет ходимлари томонидан А.Абдувоҳидовнинг ишдан бўшатиш билан боғлиқ таҳдидлари юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаатлари мавжуд. Ажабланарлиси шундаки, бу аризалар қандайдир тарзда Мирзо Улуғбек прокуратура деворлари ичида йўқолганлиги маълум бўлди. Бироқ далил сифатида менда ушбу прокуратура девонхонаси томонидан қабул қилинган (муҳрланган) аризаларнинг нусхалари бор.

Шу билан бирга Абдувоҳидов мени ноқонуний митинглар уюштирганликда айбламоқчи бўлди. У университет талабаларини менга қарши қайраш мақсадида мажлис ўтказган. Талабаларни менга қарши қила олмаганидан сўнг, одамларни митингга тўплаганим ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан мени ҳибсга олишни талаб қилади.

Мен ҳуқуқ-тартибот идораларига бориб, Абдувоҳидов одамларни йиғиб, менга қарши ишлатаётганини тушунтиришимга тўғри келди.

Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ягона мақсади менинг обрўйимга доғ тушириш, фаолиятимга зарар етказишдир. Ўз мақсадига эришиш учун бу одам ҳар қандай кучлардан ва ҳаракатлардан фойдаланади ҳамда ҳеч нарсада тўхтамайди. Мени бошқалар ишга қабул қилмасликлари учун Абдувоҳидов мен ҳақимда ёлғон маълумотлар тарқатган.

Абдужаббор Абдувоҳидовдан университет ривожига эътибор қаратишни, университет номи ўзгарганлиги сабабли бекор қилинган лицензияни қайтадан олиш, университетнинг собиқ ходимларининг лойиҳаларини ривожлантиришга қарши чиқиб, зараркунандалик билан шуғулланмасликни сўрайман. Ёдингизда бўлсин, халқда жуда доно нақл бор: “Ким бировга чоҳ қазиса ўзи тушади”.

Мен А.Абдувоҳидов менга қўйилган асоссиз барча айбловлар ва ҳақоратлар учун омма олдида кечирим сўрашини талаб қиламан.

Ўзбекистон Республикаси Президентидан менинг ва оиламнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хавфсизлигимни таъминлашни сўрайман. Сизни ишонтириб айтаманки, менинг ягона мақсадим халқимиз ва бутун давлатимиз учун таълим соҳасида фойда келтириш.

Шунингдек, Ўзбекистон халқидан, биринчи навбатда, мавжуд вазиятдан жабрланган талабаларнинг ота-оналаридан оммавий ахборот воситаларидаги миш-мишлар ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликларини сўрайман.

Оммавий ахборот воситаларидан бировнинг обрў ва шаънига путур етказувчи маълумотларни чоп этишдан аввал вазиятни ўрганишни ва иккинчи томоннинг ҳам фикрини, позициясини ўрганишни сўраб қоламан, дейди Бекзод Жалилов.

Маълумот учун, Akfa университети Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 130-сон қарори билан ташкил этилган. Масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим муассасасига 2022 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилиш, университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Akfa Medline МЧЖ ва Университет томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан, лаборатория ускуналари), компютер техникаси, мултимедиа маҳсулотлари, тиббиёт тренажёрлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарь божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилиш тарзидаги имтиёзлар берилган.

Мавзуга оид