Жаҳон | 10:25 / 25.09.2023
8583
2 дақиқада ўқилади

Малида самолёт қулаши оқибатида «Вагнер» жангчилари ҳалок бўлди

Россияда ишлаб чиқарилган Ил-76 ҳарбий самолёти Гао аэропортига қўнаётганда ҳалокатга учради. Маълумотларга кўра, самолётда ҳаддан ташқари кўп юк бўлган.

Фото: French Army/AP/picture alliance

Малида ҳарбий самолётнинг қулаши натижасида Мали аскарлари ва «Вагнер» ХҲК жангчилари ҳалок бўлди. Россияда ишлаб чиқарилган Ил-76 самолёти 23 сентябр куни Гао аэропортига қўнаётганда учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, ҳалокатга учради, деб хабар берди БМТнинг Малидаги миссияси. Аэропорт вакилининг сўзларига кўра, самолётда ҳаддан ташқари кўп юк бўлган.

Ҳалокатга учраган Ил-76 Мали армияси ва «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари томонидан ишлатилган. Самолёт ҳалокати сабаблари ўрганилмоқда. Дипломатик манбаларга кўра, самолёт бортида Мали аскарлари ва «Вагнер» аскарлари бўлган, қурбонлар сони ва моддий зарар кўп экани айтилади.

Гао аэропортидан Мали аскарлари ва «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари, шунингдек, БМТнинг Малидаги барқарорлаштириш миссияси (МИНУСМА) ҳарбий хизматчилари фойдаланади. Расмий манбаларда самолёт ҳалокати ҳақида маълумот йўқ.

БМТнинг Малидаги миссияси 

Малида кўп йиллардан бери экстремистларнинг исёни давом этмоқда. У 2012 йилда Мали шимолида бошланган, кейинчалик Нигер ва Буркина-Фасога тарқалган. МИНУСМА ҳарбийлари 2013 йилдан бери Малини тинчлантириш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишда ёрдам бериб келмоқда. 

2021 йилда Малида давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига ҳарбий хунта келди. У зудлик билан БМТ тинчликпарвар кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Хунта Россия ва «Вагнер» ХҲК жангчилари билан фаол ҳамкорликда ишлайди. Франция ва Германия вагнерчилар БМТ миссияси ишига халақит бераётганидан шикоят қилиб келади.

Германия ҳукумати ўтган йили немис аскарларини Малидан олиб чиқишга қарор қилди, бу 2023 йил охиригача якунланиши керак. Ҳозирда Малида Бундесвернинг юзлаб аскари жойлашган.

Мавзуга оид