Ўзбекистон | 07:49 / 25.09.2023
2308
1 дақиқада ўқилади

Мисрдан Ўзбекистонга гепатитга қарши дорининг 15-партияси етказиб берилди

Миср соғлиқни сақлаш вазири С гепатитига қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш учун амалий ташриф билан Ўзбекистонга келмоқчи.

Фото: Дунё АА

Миср билан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилаётган гепатит С вирусига қарши дори воситаларининг навбатдаги туркуми юборилиши юзасидан келишувга эришилди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Жорий йил 23 сентябр куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан мамлакатга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган 6240 дона дори воситасининг ўн бешинчи туркумини Шарм-ал-Шайхдан Тошкентга етказиб берди. Ушбу дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморлар ўртасида тақсимланади.

Миср соғлиқни сақлаш вазири жорий йил февраль ойида Қоҳирага олий даражадаги ташриф доирасида Ўзбекистон ССВ билан имзоланган Ҳамкорлик меморандуми ижроси ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, С гепатитига қарши курашда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун амалий сафар билан Тошкентга келишга тайёр эканини билдирди.

Мавзуга оид