Фан-техника | 09:27 / 25.09.2023
50955
3 дақиқада ўқилади

Ерга Бенну астероидидан олинган тупроқ намунаси бўлган капсула етказилди

OSIRIS-REx зонди томонидан 2020 йилда олинган намуналар бўлган иссиқликка чидамли капсула Юта штатига қўнди. Унинг таркибида Бенну астероиди юзасидан тахминан 250 грамм тупроқ ва чанг борлиги тахмин қилинмоқда.

Фото: NASA

Бенну астероиди юзасидан олинган тупроқ намуналари бўлган капсула Американинг Юта штатига қўнди. Капсула 24 сентябр, якшанба куни эрталаб соат 10:52 да 3,86 миллиард миля йўл босиб келган, деб хабар қилди АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA). 

Иссиқликка чидамли қобиқ билан ҳимояланган, оғирлиги тахминан 46 кг ва диаметри тахминан 81 см бўлган капсула кутилганидан уч дақиқа олдин қўнди. Сўнгги 13 дақиқада у Ер атмосфераси бўйлаб 44 000 км/соат тезликда учган. Бир неча соат олдин у OSIRIS-REx зонди томонидан тахминан 102 минг километр баландликдан Ерга туширилди. NASA ҳисоб-китобларига кўра, капсулада 2020 йил октябр ойида астероиддан йиғилган тахминан 250 грамм тош бор. Энди бу намуналар тадқиқот учун NASA’нинг Ҳюстондаги (Техас) лабораторияларига етказилади. 200 га яқин олим 60 хил усул ёрдамида тадқиқот олиб боради. 

Намуналар 2020 йилда олинган 

Диаметри 550 метр бўлган Бенну астероиди орбитасининг Ерга яқинлиги, астероид ўлчами ва унда борлиги тахмин қилинаётган материаллар туфайли танланган. NASA мутахассислари уни Ер учун энг хавфли астероид деб ҳисобламоқда. Эҳтимол, яқин 150 йил ичида астероид Ерга яқинлашиши мумкин. 2016 йил сентябрида оғирлиги 2100 кг ва узунлиги 6 метр бўлган OSIRIS-REx учувчисиз космик аппарати Канаверал бурнидан учирилди, у 2018 йил декабрида самовий жисмга етиб келган. Шундан сўнг сиртни хариталаш, намуна олиш жойларини танлаш бошланди. NASA 2020 йил октябр ойи охирида Бенну астероидида чанг ва тупроқ намуналари муваффақиятли олинганини эълон қилди. 

Бенну астероидидан олинган тупроқ Американинг «Аполлон» дастуридан кейин коинотдан Ерга олиб келинган энг йирик намуна эканлигига ишонилади. Олимлар қуёш тизимининг 4,5 миллиард йил аввал пайдо бўлиши ҳақида янги маълумотларни тақдим этишга умид қилмоқда. Лойиҳа қиймати тахминан 800 миллион долларни (750 миллион евро) ташкил этади. 

Мавзуга оид