Ўзбекистон | 12:59 / 27.09.2023
19771
15 дақиқада ўқилади

Лотин ёзувини такомиллаштириш: муаммоли 4 та ҳарф нега ўзгартирилмоқда?

Алифбо ислоҳоти амалда ҳам катта харажат талаб этадими?

Фото: ЎзА

Ижтимоий тармоқда лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзувини ислоҳ қилиш мавзуси яна қизғин муҳокама қилинмоқда. Ўтган жума куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш масалаларига бағишланган илмий-назарий конференция бўлиб ўтди ва унда алифбога киритилаётган ўзгартиришлар намойиш этилди.

Ўзи нега алифбо масаласи яна кўтарилди? Чунки 1995 йилда қабул қилинган лотин ёзувига асосланган алифбо бугунги кунга келиб бир неча ноқулайликларга эга экани ойдинлашмоқда.

Филолог олимлар, айниқса дастурчилар алифбода мавжуд ва тилнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган бу муаммоларни бартараф этиш масаласини бот-бот кўтариб келишмоқда (ушбу мақолада уларнинг ҳар бирига қисқача тўхталиб ўтамиз).

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш масаласи 2019 йилда Ўзбек тили байрамида президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқида таъкидлаб ўтилган эди. Жорий йил 5 июлида ҳам президент Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш ишлари охиригача етказилиши кераклигини таъкидлаган.

«Мана, кейинги пайтда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича катта ишларни амалга оширяпмиз.

Айни пайтда олдимизда янги, янада муҳим вазифалар турибди. Жумладан, зиёлиларимиз, кенг жамоатчилигимиз билан бамаслаҳат, лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича ишларни якунига етказишимиз зарур», — деган у.

Бу борада аввалги йиғилиш 2021 йилда бўлиб ўтган эди. Ўшанда алифбога киритилиши лозим бўлган сўнгги ўзгартиришлар сифатида қуйидаги ҳарф алмашинишлари амалга оширилиши таклиф қилинганди.

22 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда эса тилчи олимлар якуний тўхтамга келиб, ёзувда кўп мураккабликларни юзага келтираётган айрим ҳарфлар бўйича ушбу кўринишдаги қуйидагича ислоҳотлар амалга оширилаётганини маълум қилишди:

Албатта, турли таклифлар берилди. Масалан, унлилар сонини 9 тагача кўпайтириш, турк алифбосидаги ҳарфларни шундайлигича қабул қилиш, «Ch» ҳарфи ўрнига «С»ни эмас, туркча «Ç» ҳарфини олиш каби.

Бироқ, ўзгартирилаётган ҳарфлар бўйича якуний консенсусга келинди. Нима бўлганда ҳам, алифбо ислоҳ қилинишга муҳтож ва уни минимал талаблар билан, мураккабликлар келтириб чиқараётган 4 та ҳарфни ўзгартириш орқали амалга ошириш керак, деган таклифга кўпчилик рози бўлди.

«O‘» ўрнига «Õ» ҳарфи танланишига сабаб — тилимизда «ў» товушининг орқа қатор («ўроқ») ва олд қатор («ўлим»)да янграйдиган турлари борлиги, бироқ бу икки товушни ифодалаш учун ёзувимизда 1940 йилдан буён бир ҳарфдан фойдаланиб келаётганимиз, туркий давлатлар алифбосидаги «Ö» ҳарфи фақат олд қатор товушини ифодалаш учун фойдаланиши маълум қилинди. Қолаверса, жорий алифбонинг ёзма кўринишида «o‘« ҳарфи айнан шу кўринишда, устида тилда белгиси билан ифодаланади.

«G‘» ўрнига «Ğ» ҳарфи танланишига сабаб — унинг ёзма кўринишига яқин ҳарф танлангани кўрсатилди. G ҳарфининг устида тўлқинсимон чизиқ — тилдаги варианти UNICODE клавиатурасида йўқ, шу сабабли бу ўринда шакл жиҳатдан ёзма кўринишига яқин ва туркий халқлар алифбосига хос бўлган ва UNICODE тизимида мавжуд бўлган Ğ ҳарфи танланди.

«Sh» ўрнига «Ş» ҳарфи танланишига сабаб — жадид боболаримиз томонидан 1928 йилда ишлаб чиқилган ва 1940 йилгача амалда бўлган, шунингдек, 1993-1995 йилларда қабул қилинган лотин алифбосида «Ш» товушини ифодалаш учун айнан шу символдан фойдаланилган. Қолаверса, туркий халқлар алифбосига хос бўлган ҳарф.

«Ch» ўрнига «C» ҳарфи танланишига сабаб — жадид боболаримиз томонидан 1928 йилда ишлаб чиқилган алифбосида «Ч» товушини ифодалаш учун айнан шу символдан фойдаланилган. Лотинча стандарт клавиатурадаги мавжуд символдан фойдаланиш ҳам клавиатурадаги тугмалар сонини камайтиришига эътибор қаратилган.

Ўзгартириш нега керак? Асосий муаммо — «О‘» ва «G‘»да!

Энг катта камчилик, албатта, «О‘» ва «G‘» ҳарфларини ифодалаш билан бўлмоқда. Гарчи бу алифбо қабул қилинишида стандарт клавиатура термасидан осонгина териш мумкинлиги айтилган бўлса-да, Windows операцион тизимининг аксарият одам фойдаланадиган стандарт клавиатурасида бу ҳарфларни чиқариш учун «окина» белгисини чиқариш имконсиз.

Кўпчилик «қийналмасдан тўғри теряпман-ку», деб ўйлаётганлар ҳам сўз ясашда очилаётган биртирноқ — ‘ (тиниш белгиси)дан фойдаланади. Умуман эътиборсизлар, апостроф — ', ёки ёпилаётган бир тирноқ — ’ белгисини қўйиб кетишади. Албатта, булар хато.

Буларга энди яна «Ò», «Ó», «Õ», «Ö», «Ō», «Ŏ» каби турли ҳарфлардан фойдаланиб ёзаётганларни қўшинг. Битта сўзни 13 хил ёзиш мумкинлигига гувоҳ бўласиз ва улардан фақат биттаси тўғри.

Мана шу вазият туфайли иш қоғозлари, хатлар, бланкалар, ижтимоий тармоқдаги ёзишмалар, кўча-кўйдаги пешлавҳалардаги хатоларнинг сон-саноғи йўқ. Кўпчиликка билинмас, лекин бу журналистлар ва тилчиларнинг «кўзини қонатади». Буларнинг барчаси «O‘» ва «G‘» учун муайян ҳарф белгиланмаганидан келиб чиқмоқда.

Энг аламлиси — миллатимиз ва Ватанимиз номи «Ў» ҳарфидан бошланади. «Ўзбекистон», «ўзбек» каби сўзларини ифодалашда ҳам кўплаб хатоларга йўл қўйилмоқда. Буни очиқ тан олиш керак.

«О‘» ва «G‘» ҳарфлари иштирок этган сўзлардан ҳэштег ясаш, қидирув тизимида сўзларни қидириш ҳам бир мунча муаммолар келтириб чиқаради. Бу дастурлаш ишлари ва онлайн луғатлар ясашда IT-мутахассисларимизга катта бошоғриқ бўлмоқда.

Боз устига, бу ҳарфларнинг ёзма ва босма шакллари фарқ қилгани учун ёзма кўринишдаги шрифтлардан фойдаланишда ҳарфлар устига чизиқ қўйиб эмас, ўша биртирноқдан фойдаланилмоқда.

«Sh» ва «Ch» ҳарфлари ихчамлаштирилиши

Бу ҳарфлар иккита символ билан ифодаланиши ҳам ҳарф теришда ортиқ вақт, матнда эса ортиқча жой олиб келаётганди. Маълумки, ўзбек тилида «ш» ва «ч» товушларидан кўп фойдаланилади. Айниқса, сўз ясашда. Ўз-ўзидан, сўзлар узайиши, «бир товуш – бир ҳарф» принципига қурилган кириллча имлога нисбатан визуал ноқулайлик юзага келаётган эди.

Боз устига, «Sh» ва «Ch» ҳарфларини ифодалашда «h» ҳарфи «никоҳлаб» берилганки, бу ҳамюртларимиз ўртасида тушунмовчиликка сабаб бўлаётганди. Яъни, бу қўш белгили ҳарфлар «h» ва «x» ҳарфлари иштирок этган сўзларни фарқлашга ҳам халақит бергани учун кўпчилик «h»дан фақат «Sh» ва «Ch»ни ифодалашда фойдаланиб, қолган ўринларда ёппасига «x» ишлатишга ўтиб кетган эди. Бу эса «x» ва «h» ҳарфларини фарқлашга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бунинг натижасида айримлар бу ҳарфларни бирлаштириш керак, дейишгача бормоқда.

«Sh» ва «Ch»ни «Ş» ва «C» кўринишида ифодалаш «h» ҳарфини ортиқча «ташвиш»дан халос қилади, ўқувчиларга «h» ва «x» ҳарфлари қай ўринда ишлатилишини фарқлаш осонлашади. Бу ҳарфлар қатнашган сўзларимиз узунлиги ҳам бироз бўлса-да қисқаради.

Ҳарфларнинг ёзма кўринишини ёзишда вазият умуман осонлашади. «Õ» ва «Ğ» ҳарфларининг ёзма кўриниши ўзгармайди. «С» ҳарфини ёзишда шунчаки «h»дан воз кечилади, «Ş»ни ёзишда «h»дан воз кечиб, «S» остига вергулсимон чизиқ қўйилади — ва бу бор-йўғи битта янгилик бўлади.

Ng масаласи

Олдинги лойиҳаларда «ng» товуши учун «ñ» таклиф этилган бўлса-да, узоқ мунозаралардан сўнг товуш учун алоҳида ҳарф ёки ҳарф бирикмаси таъсис этмасдан, уни алифбодан олиш, фонетика бўлимида ўргатиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Чунки «менинг» ва «менга», «минг» ва «минган» каби сўзларни ёзиш, автоматик транслитерация қилишда чалкашликлар вужудга келиши, бу эса хатоларни янада кўпайтириши таъкидлаб ўтилди.

Олимлар, шунингдек, «ng» товуши ҳамда тилнинг олд ва орқа қаторидан янгровчи унлилар учун худди инглиз тилида мавжуд бўлгани сингари транскрипция ишлаб чиқиш лозимлиги тўғрисида ҳам таклиф билдиришди.

Бу катта харажат талаб этадими?

Кўпчиликда алифбода 4 та ҳарфни алмаштириш катта харажатга сабаб бўлади, деган ҳадик ҳам пайдо бўлди. Республика бўйлаб барча ёзувлар, ҳужжатлар, китоблар, дарсликлар ва ҳоказо ва ҳоказоларни алмаштириш, сайтларни янгилаш харажатлари бюджетга ортиқча юк бўлмасмикин, дейишмоқда.

Хушнудбек Худойбердиев атиги 4 та ҳарф ўзгарса ҳам харажат бўлиши табиийлиги, аммо бу кўпчилик тасаввур қилган даражада катта харажатлар эмаслигини таъкидлади:

Дарсликлар —  шундоқ ҳам дарсликлар режа бўйича ҳар 2-3 йилда янгиланади. Агар мабодо алифбодаги 4 та ҳарф шакли ўзгарса ҳам, дарсликларнинг ҳаммасини бирданига қайта чоп этиш шарт бўлмайди. Ўзининг вақтида чиқаверади. Чунки ҳозирги ўзгаришлар жузъий, ўта кичик ўзгариш бўлиб, бирданига одамлар ҳарфларни танимай қоладиган даражада саводсизлик юз бермайди ва барча дарсликни бир йилда қайта чиқаришга зарурат ҳам йўқ.

Паспорт, ID-карта ва бошқа расмий ҳужжатлар — фуқароларнинг ҳужжатлари ҳам ўз кучида қолаверади ва фақатгина ўз вақти соати келиб, алмаштираётган пайтдагина янги ҳарфларда ёзилганини олишади.

Пул банкноталари — пуллар ҳам ўз кучида қолаверади ва қачон янги купюра ёки янги партия чоп этилгандагина янги ҳарфлардан фойдаланишади. Бунда ягона харажат пул чиқарадиган макетларни алмаштиришда бўлиши мумкин.

Китоблар — бадиий ёки илмий китобларни чоп этишда кутилмаган ва мажбурий қандай харажат бўлиши мумкинлигини, очиғи, билмадим. Фақат қилинадиган битта иш, китоб матнидаги 4 ҳарфни компютерда 4та буйруқ билан (Ctrl+H) янгисига алмаштириб чиқилади. Бунга катта харажат кетмаса керак.

Йўл белгилари — йўл белгиларини ҳам ўзининг эксплуатацион даври тугагунча алмаштириш шарт эмас, деб ҳисоблайман. Алифбо ислоҳоти амалга ошса, бирдан эртаси куни одамлар «Toshkent» деган ёзувни ўқий олмай қолармидики, уларни тезда «Toşkent»га алмаштириш шарт бўлса? Тураверсин, ҳечқиси йўқ. 30 йил давомида юртимизда бутун бошли иккита алифбо (лотин ва кирилл) ишлатилаётган бир пайтда, 2-3 йил давомида 4 тагина ҳарфнинг 2 хил шакли ишлатилса, осмон узилиб ерга тушиб қолмайди. Энг асосийси бюджетдан катта харажат бўлмайди, ҳамма нарса ўзининг табиий алмашиш даврига келгандагина ўзгаради.

Пешлавҳа ва бланклар — аввалги 4 та ҳарфда ёзилган пешлавҳалар ва расмий бланклар ҳам 2 йил давомида ўз кучида қолаверади. Янгиси чиқаётганда янги ҳарфлардан фойдаланилади. Агар ташкилотлар кўп миқдорда хат бланклари чиқариб қўйган бўлса, ҳечқиси йўқ, 1-2 йил ўша бланкларни ишлатаверади.  Барибир катта эҳтимол билан ҳозирги бланкларда «O‘zbekiston» сўзи ҳам хато ёзилган бўлиб чиқади, хўп деб рози бўлиб юрибмиз-ку бунга.

Юқорида айтганимдек, алифбодаги 4 та ҳарфни ўзгартиришнинг албатта маълум бир харажатлари бўлиши табиий. Ишонинг, лекин ақл билан ёндашсак, бу харажатлар ўта минимал кўринишда бўлади.

Тасаввуримиздаги каби триллионлар ёки ҳаттоки миллиардлар ҳақида ҳам гап кетмайди. Буни ўзингиз ҳам яна бир марта мушоҳада қилиб кўринг, фикримга қўшилсангиз керак.

Ҳарф териш-чи, осонлашадими?

Албатта, такомиллашган алифбо расман тасдиқланса, иккита символ босиш ўрнига биттадан символ босиш имконияти пайдо бўлади.

Ҳозир аксарият инсонлар фойдаланётган Windows операцион тизимининг стандарт клавиатурасида лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси учун учта қўшимча тугма керак бўлади. Уларни кам фойдаланиладиган тугмалар устига жойлаштириш мумкин (Кирилл ёзувидаги ўзбекча учун клавиатурадагидек).

Android ва iOS операцион тизимида ишлайдиган гаджетлар учун ҳам дастурчилар клавиатура ясашади ва мавжуд стандарт клавиатураларга ҳам ўзгартириш киритилади. Бу катта харажат ёки вақт талаб қиладиган иш эмас асло.

Мухтасар қилиб айтганда, гарчи амалдаги алифбода савод чиқарганларнинг олди 35 ёшга бориб қолган, ҳозир кўпчилик ёшларимиз ўқиш ва мулоқот қилишда унга кўникиб қолган бўлса-да, алифбо муаммоли экани аниқ. Бу айниқса тилчи мутахассисларга қийинчилик яратмоқда. Тил ривожланиши, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилиши алифбодаги айрим ҳарфларда муаммо борлиги сабабли депсиниб турибди.

Янгисида кескин ислоҳларга қўл урилмаган, кўп таъкидланган асосий қусурлар бартараф этилган. Қолаверса, ҳаммага бирдай маъқул бўладиган алифбо яратиш имконсиз. Муҳими, бизни шу пайтгача қийнаб келаётган имловий муаммолардан халос бўляпмиз.

Ҳозир ўйланиб, савол бериб ўтирадиган фурсат эмас. Тилчи олимларимиз кўпчилик овоз билан маъқуллашди, энди ўша муаммоларни тўғрилаб, катта ишларнинг эшигини очиш керак.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид