Ўзбекистон | 15:21 / 27.09.2023
29154
7 дақиқада ўқилади

Меҳнат бозорининг бузуқ тарозиси: 43 миллион сўмгача маош бор – номзод йўқми ёки акси?..

Ўзбекистонда 1,4 млн ишсиз бор, аммо ярим млнга яқин иш таклифлари ҳам ўз эгаларини кутмоқда. Давлат, нодавлат ҳамда хорижий компаниялар ва ташкилотлар томонидан минимал маошдан тортиб 43 млн сўмгача ойликлар ваъда қилинаётган бир пайтда иш қидирувчи ва иш берувчи манфаатлари нега ўзаро кесишмаяпти? Kun.uz турли платформаларда таклиф этилаётган бўш иш ўринлари ва ойликларни ўрганиб, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни таҳлил қилди.

Фото: Kun.uz

Интернет ривожланган бугунги дунёда исталган маълумотларни қидириб топиш мумкин бўлиб қолди. Жумладан, иш таклифларини ҳам. Telegram ёки Google, Yandex каби қидирув платформалари орқали “иш керак”, “иш бор” ёки “вакансия” деб қидирсангиз, боғбонликдан тортиб йирик компаниялар менежерлигигача таклифларни топасиз. Ойликлар ҳам шунга яраша: 500 минг сўмлиги ҳам бор, 20 млн сўмлиги ҳам топилади.

Талаблар ҳам маошларнинг катта-кичиклигига қараб қўйилаверади – иш тажрибаси талаб этилади ёки этилмайди, дам олиш куни бор ёки йўқ, тўлиқ ёки қисман иш куни, “онлайн” ёки “офлайн”, талабаларга ёхуд ишсизларга ва ҳоказо... Булардан ташқари давлат томонидан турли идоралардаги масъул лавозимлар ҳамда бўш иш ўринларига танловлар эълон қилиб борувчи махсус сайтлар ҳам фаолият юритади.

“The global economy” таҳлилий порталининг Жаҳон банки маълумотларига таяниб маълумот беришича, 1991 йилдан 2022 йилгача бўлган давр ичида Ўзбекистондаги ишсизлик даражасининг ўртача кўрсаткичи 6,94 фоизни ташкил қилган бўлса, шундан 1991 йилда минимал 1,9 фоиз, 1998 йилда эса максимал 13,3 фоиз қайд этилган. 2022 йилдаги ишсизлик даражаси эса 6,01 фоиз (Ўзбекистондаги расмий манбаларга кўра 9,6 фоиз) билан 176 та давлат рўйхатида Ўзбекистон 81-ўринни банд этган.

Ўтган йили ишга муҳтож бўлганларнинг сони эса 1,4 млн киши бўлган. Ишсизлар сони маълум. Энди иш таклифларига юзлансак. Ўзбекистонда қандай мутахассисликларга эҳтиёж бор? Бўш иш ўринлари ҳам кўп, ишга муҳтожлар ҳам. Нега бу секторда талаб ва таклиф қонуни ишламаяпти? Шу саволларга жавоб топишга уринамиз.

Миллий вакансиялар базасида республика бўйлаб 100 мингдан ортиқ корхоналар (шундан 85 мингга яқини давлат ташкилотлари) томонидан қарийб 284 минг бўш иш ўринлари бўйича таклиф берилган (маълумотлар 26.09.2023 ҳолатига кўра). Платформада иш қидирувчи ўзига маъқул бўлган шартларни белгилаб олиб, вакансиялар билан танишиши мумкин.

Деярли 284 минг таклифлар орасида:

  1. 1 млн сўмдан ортиқ маошлар учун 36 мингдан ортиқ;
  2. 2 млн сўмдан ортиқ маошлар учун 15 мингдан ортиқ;
  3. 3 млн сўмдан ортиқ маошлар учун 5,5 мингдан ортиқ;
  4. 4 млн сўмдан ортиқ маошлар учун 2,3 мингга яқин давлат ва хусусий секторларда бўш иш ўринлари бор ва бу маълумотлар ҳар дақиқада янгиланиб туради.

5 млн сўм атрофидаги маошли вакансиялар энг кўпи автобус ҳайдовчилари, иш бошқарувчилар, ўқитувчилар, муҳандислар каби мутахассислар учун таклиф қилинмоқда (бошқа мутахассисликлар ҳам бор). Платформада ҳатто 22 млн сўм ойликли директор ўринбосарлигига номзод қидирилаётганини ҳам кўриш мумкин.

Ҳар сонияда янгиланиб турувчи Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимлари ягона очиқ порталида 26.09.2023, соат 12:24 даги ҳолатда 550 та вакансия эълон қилинган бўлиб, асосий номзодлар ҳудудларда хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси каби лавозимлар учун қидирилмоқда. Ўзбекистонда 2023 йилнинг 6 ойлигидаги ўртача ойлик иш ҳақи 4,3 млн сўмни ташкил қилган бўлса, мазкур платформада ушбу қийматдан кўпроқ маошли бўлган 35 та вакансия таклиф этилмоқда.

Яна бир “онлайн” янгиланиб борувчи “Head hunter” сайтида 8 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари учун номзодлар қидирилмоқда. Ойлик таклифлари 43 млн сўмгача.

Энг “харидоргир” лавозимлар бўйича таклифларни таҳлил қилсак:

  1. менежерлик учун 2 мингдан ортиқ бўш иш ўринларига 1 млн сўмдан 24 млн сўмгача;
  2. қўшимча ишлар учун 700 дан ортиқ бўш иш ўринларига 1 млн сўмдан 27 млн сўмгача;
  3. дастурчилик ишлари учун 600 дан ортиқ бўш иш ўринларига 1 млн сўмдан 43 млн сўмгача ойликлар таклиф этилаётганини кўриш мумкин ва ҳоказо.

Муаммо нимада? Ишсизлик ва ходимсизлик сабабларига тўхталсак.

Нотенглик. 1,4 млн ишсизлик барча иш топиб берувчи платформалардаги вакансиялардан бир неча баробар кўп. Яъни талаб таклифдан сезиларли даражада юқори.

Кам маошлар. Таклиф этилаётган ойликларнинг асосий қисми жуда кам, яъни 1 млн сўмга ҳам етмайди. Ойликлар ошгани сари таклифлар сонининг камайиб боришини юқоридаги мисолларда ҳам кўрдик.

Иш тажрибаси. Яхши деб баҳолаш мумкин бўлган маошларнинг аксари иш тажрибасига эга бўлганлар учунгина таклиф этилади. Иш қидираётганлар орасида “ишни эплаб кетиш” маҳорати бўлса-да, тажрибаси йўқлиги боис ҳам бу таклифдан “қуруқ қолади”.

Локация. Иш берувчиларнинг катта фоизи асосан пойтахт – Тошкент шаҳри улушига тўғри келади. Ишсиз ўзига мос иш топгани, тажрибаси ҳам бўлгани билан бошқа ҳудудга бориб ишлай олмаслиги важидан вакансия ва ходим манфаатлари кесишмайди. Ҳар иккаласи ҳам тўғри келадиган вариантлар жуда кам бўлиши мумкин.

Энг маъқул иш. Бу категорияга айни пайтда энг мақбул вариант сифатида дастурчиликни келтириш мумкин. Бу бироз вақт, илм ўрганиш учун қунт ва харажат талаб этса-да, исталган ҳудудда яшаб, дунёнинг хоҳлаган нуқтасидан буюртмалар қабул қилиб, яхши даромад топиш имкониятини беради. Аксар юртдошларимиз одатланган, хорижга бориб ишлаш амалиётида ҳам аввало бормоқчи бўлган давлатнинг тили, ишламоқчи бўлган ишнинг ҳунари ва мигрантлар қонунчилиги ҳақида хабардор бўлиб бориш ойлик ҳамда шароитларда ҳам бирмунча устунликлар беради.

Муносиб номзод дефицити. Ҳамма бандлар тўғри келган ҳолатда, айрим лавозимлар етарли салоҳиятга эга номзодларнинг топилмаётгани эвазига узоқ муддат бўш қолмоқда. Талаб таклифдан юқори бўлгани билан салоҳиятли кадр масаласида кўп ҳолларда таклиф талабдан устунлик қилади. Илм ўрганиш, ўз устида ишлаш, хорижий тиллар ва касб ўрганиш эса фақат инсоннинг фойдасига ишлайди. Фақат олий маълумотли диплом эмас, шунга мос салоҳият билан Ўзбекистон ҳудудида ҳам муносиб иш топиш мумкинлиги иш ўринлари таклиф этаётган платформаларда ҳам маълум бўлиб турибди.

Шундай экан, ҳар қандай шароитда ҳам илм ва касб ўрганишдан тўхтаманг. Бу фақат фойдангизга ишлайди!

Сардорбек Усмоний, журналист 

Мавзуга оид