Ўзбекистон | 13:49 / 29.09.2023
6309
5 дақиқада ўқилади

Педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қонун билан тақиқланмоқда

Сенаторлар томонидан “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун маъқулланди.

Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди

Мазкур қонун асосида педагогларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар берилиши кўзда тутилган.  

Қонунда педагоглар ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун уларнинг ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, педагоглар касбий фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиши, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олиши, таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиши, ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш ҳамда таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишини талаб қилиш ҳуқуқларга эга бўлади.

Қонунга педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши чоғида унинг касбий фаолиятига аралашиш, касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш, куз-қиш даврида ва ишланмайдиган байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш, педагогнинг зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан лавозим маошидан унинг розилигисиз товарлар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш каби тақиқланадиган ҳолатлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда педагогик этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, улар аттестациядан ўтиши ва малака тоифаларини олишлари белгиланмоқда. Педагогик этика қоидалари таълим ташкилотлари учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Шунингдек, қонун билан педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича қоидалар мустаҳкамланяпти. Унга кўра, меҳнатнинг алоҳида шароитларида, республиканинг олис ҳудудларида ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ишлайдиган педагогга устамалар белгилаш назарда тутилмоқда. Жумладан, фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) учун базавий лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (DSc) ва профессор илмий унвонига эга шахслар учун базавий лавозим маошининг 60 фоизигача ҳар ойлик устама тўланиши алоҳида кўрсатиб ўтилмоқда.

Шунингдек, педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари назарда тутиляпти. Хусусан, педагоглар учун қисқартирилган иш вақти, давомийлиги кўпи билан эллик олти календар кундан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътили берилади. Қолаверса, уларга республиканинг олис ҳудудларида уй-жойларни ижарага олганлик учун ҳар ойлик компенсация тўланиши, касб эгаларининг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли рўйхатга асосан қабул қилиниши, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида давлат таълим ташкилотлари педагогларини мажбурий бепул тиббий кўрикдан ўтказиш белгиланмоқда.   

Муҳим ва кутилган қонун. Биз бугун бир миллат, бир давлат бўлиб ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришишда айнан таълим-тарбия стратегик аҳамиятга эга.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида жами 640 минг нафардан зиёд ўз ишининг жонкуяри бўлмиш педагоглар фаолият олиб бормоқда.

Қонун биринчи навбатда ана шу миллат фидойиларининг ҳақ-ҳуқуқларини, жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтиришга, қолаверса улар орқали миллионлаб фарзандларимизни қамраб олган таълим даргоҳларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, таълим-тарбия сифати ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Афсуски, яқин тарихимизда устоз-мураббийларга эътибор сусайиб кетган даврлар ҳам бўлди ва бунинг оқибатлари ҳозиргача сезилади.

Ўтган қисқа давр мобайнида таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз доирасида ўқитувчи-мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, ўқитувчиларни уларга хос бўлмаган ортиқча ишларга жалб қилишга нисбатан муросасиз сиёсат шакллангани – инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Кимда-ким бунга журъат қилса, лавозими-ю мақомидан қатъи назар қонун олдида жавоб бериши таъминланмоқда.

Ўқитувчиларимизни таълим жараёнида ортиқча юкламалардан, кераксиз қоғозбозликдан халос қилиш бўйича ҳам қатъий чоралар кўрилди. Уларни моддий тарафлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлмоқда. 

Мазкур қонун педагог мақомини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаши баробарида, ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга оид ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонамиз.

Бунинг учун эса энг аввало уларнинг қонундан хабардорлиги даражасини ошириш, нафақат ўқитувчи-педагоглар ўртасида, балки бутун жамиятимизда мазкур қонун тарғиботини кучайтириш биринчи галдаги вазифа бўлиши керак.

Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган 1 октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан юртимиздаги барча устоз-мураббийларни муборакбод этамиз. Ўйлаймизки, қонуннинг қабул қилиниши улар учун байрам олдидан муносиб туҳфа бўлади”, дея таъкидлади Сенат раиси Танзила Норбоева қонун муҳокамасида.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид