Жаҳон | 00:00 / 29.09.2023
13811
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда давлат байроғини ўзгартириш таклиф қилинди

Ташаббускорлар байроқдаги қуёшнинг тўлқинсимон нурлари тасвирини тўғри тасвирлаш лозимлигини таъкидламоқда.

Фото: АКИpress

28 сентябр куни Жогорку Кенеш «Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Ташаббускорлар Жогорку Кенеш депутатлари Нурланбек Шакиев ва Улан Примов бўлиб, уларнинг фикрича, қонун лойиҳаси Қирғизистон Республикаси байроғини такомиллаштиришга қаратилган.

Депутатлар Қирғизистон байроғи марказидаги қуёш нурлари тўлқинсимон бўлгани сабабли одамларни чалғитаётгани, жумладан, кунгабоқар гулига ўхшаб қолганини таъкидламоқда. Улар қуёш нурларини текис, тўғри қилиб тасвирлашни таклиф этмоқда.

Қирғизистон байроғидаги қуёш нурларининг янги эскизини ишлаб чиқиш учун дастлабки босқичда ушбу байроқ муаллифлари жалб қилинган, улар математик ҳисоб-китоблар, чизмалар ва тегишли ишларни амалга оширган.

Қирғизистон байроғи мамлакат Олий Кенгашининг 1992 йил 3 мартдаги қарори билан тасдиқланган. Унга мувофиқ, байроқ ранги қизил экани, марказида тасвирланган қуёшнинг олтинранг нурлари билан ўралган ўтовнинг туйнуги миллий рамз экани белгилаб қўйилган.

2004 йил 17 июлда «Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унинг 3-моддасида давлат байроғининг тавсифи, рангли ва схематик тасвири берилган.

Мавзуга оид