Ўзбекистон | 12:19 / 30.09.2023
16922
7 дақиқада ўқилади

Akfa (CAU) университети атрофида нималар бўлмоқда?   

Собиқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли лойиҳалардан бири бўлган Central Asian University (аввалги Akfa университети) Кузатув кенгашига унинг қудаси, собиқ маслаҳатчи Абдужаббор Абдувоҳидов раис этиб танланган. ОТМ раҳбарияти ўзгаргач аввалги ректорнинг фаолияти тафтиш қилина бошланган. Бу Part-time дастури талабаларининг статусига ҳам таъсир қилган. Янги ва собиқ раҳбарият ўртасидаги низо талабалар тақдирида акс эта бошлагач вазият янада чигаллашган.  

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Central Asian University (аввалги Akfa) университети раҳбарияти ва икки йиллик тайёргарлик курсларини тамомлаб, бирданига иккинчи курсга қабул қилинган талабалар ўртасида юзага келган можаро видеолари тарқалди.

Шунингдек, низоли вазият борасида Kun.uz'га университет талабалари ва уларнинг ота-оналаридан ҳам шикоятлар келиб тушди.

Маълум бўлишича, тузилган шартномага асосан, мактаб ўқувчилари бир вақтнинг ўзида Part-time дастури доирасида Akfa университетининг 1-курсини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-курсига қабул қилиниши керак бўлган.

Аммо 2022-2023 ўқув йилида мазкур дастурда ўқиган талабалар янги ўқув йилида университетнинг 2-курсига қабул қилинмаслиги ва 1-курсни қайтадан ўқишлари лозимлиги айтилган. Шундан сўнг маъмурият ва талабаларнинг ота-оналари ўртасида низо келиб чиққан.

Университет раҳбариятининг кўрсатмасига асосан, part-time дастурини тамомлаб, бу йил 2-курсда ўқишни бошлаши керак бўлган талабалар айни кунларда дарсларга қўйилмаяпти. Улар бир ўқув йили учун 40 млн сўм контракт тўлаган.

Университет бу ҳолатни собиқ ректор томонидан қонунбузарликлар содир этилгани ва 2-курсга қабул қилинган талабалар ўқишни давом эттира олмаслиги, чунки бу қонунда кўзда тутилмагани билан изоҳлаган.

Олий таълим муассасасининг Kun.uz'га тақдим этган маълумотида ҳам юзага келган ҳолатга университетнинг аввалги раҳбарияти айбдор қилиб кўрсатилган.

«Бундан икки йил аввал Akfa университетининг собиқ ректори – 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Бекзод Жалилов томонидан “Study for the success” МЧЖни университет таъсисчисидан яширин ҳолда, фирибгарлик йўли билан ўзига қўшимча маблағ ишлаш мақсадида жалб қилган, амалдаги қонунларга хилоф йўл билан ушбу МЧЖ номидан ота-оналар билан шартномалар тузган. Шартномага мувофиқ, ота-оналарга уларнинг фарзандлари мактабнинг 10-11-синфларида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида Akfa университетининг 1-курсини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-курсига қабул қилиниши МЧЖ томонидан ваъда қилинган ва ота-оналар ушбу хизмат эвазига МЧЖ ҳисобрақамига муайян тўловларни қилишган".

Маълумот учун, “Central Asian University” МЧЖнинг банк ҳисобрақами «Ўзмиллийбанк» АЖ Яшнобод филиалида очилган. “Study for the success” МЧЖнинг банк ҳисобрақами эса Тошкент шаҳар Капиталбанк амалиёт бошқармасида очилган”, дейилади Central Asian University изоҳида.

Олийгоҳ маъмуриятига кўра, бу МЧЖнинг Akfa университетига ҳеч қандай алоқаси йўқ, уни собиқ ректорнинг яқин қариндоши очган.

ОТМ масъуллари, шунингдек, ўқувчиларни мактабда ўқиб турган вақтида университет дастурларига қабул қилишни қонунчиликка зид деб ҳисобламоқда. Уларнинг ота-оналарга маълум қилишича, юқоридаги дастурдан жабрланган ва қўлида шаҳодатномаси бор болалар учун тез кунларда 1-курсга қўшимча қабул очилади.

Central Asian University’нинг ушбу баёнотидан сўнг муассасанинг собиқ ректори Бекзод Жалилов бўлиб ўтган ҳодисаларга муносабат билдирди ва ўзига қўйилган айбловларни асоссиз деб атади.

“Study for the success МЧЖ 2015 йилдан бери таълим хизматларини (лицензия асосида) кўрсатиб келмоқда ва талабаларни Тошкент шаҳридаги етакчи олий ўқув юртларига ўқишга тайёрлаш билан шуғулланади.

2021 йилдан бошлаб Study for the success МЧЖ республиканинг бошқа кўплаб таълим марказлари сингари университет билан меморандум ва ҳамкорлик шартномаси асосида потенциал талабаларни университетга, жумладан, "Part-time" дастури доирасида тайёрлаган ҳамда қабул имтиҳонларини ташкил этган.

Юқорида қайд этилган ҳужжатларга кўра, Akfa университети International Foundation Diploma for Higher Education Studies дастурини (биз уни Part – time деб атаганимиздек) муваффақиятли тамомлаган талабаларга биринчи босқични ўқимасдан иккинчи босқичга қабул қилинишни кафолатлаган. Сабаби мазкур тайёргарлик курси foundation year’га тенглаштирилган.

Akfa университети муассислари, жумладан Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам таълим муассасасининг бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорлиги ҳақида хабардор эди. Бундан ташқари, Жаҳонгир Обидовичнинг жияни Ортиқхўжаева К. ҳам ушбу дастурда ўқиган ва ўқиш пулини университет ҳисобига эмас, балки Study for the success МЧЖ ҳисобига тўлаган. Юқоридагиларни инобатга олсак, муассислар бундан бехабар эди дейиш нотўғри”, – дейилади Бекзод Жалиловнинг баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, AKFA университети ва бошқа ўқув марказлари ўртасида ҳам Study for the success компанияси билан тузилган шартномага ўхшаш ҳужжатлар имзоланган. Шартномаларга кўра, ушбу ўқув муассасаларининг курсларини муваффақиятли тамомлаган талабалар Akfa Университетининг 2-босқичига қабул қилинган. Янги раҳбариятнинг тақиқи фақат Study for the success компаниясига қаратилгани айтиляпти.

Жалиловнинг айтишича, унинг ректор лавозимидан кетишига университет кузатув кенгаши раиси экани айтилаётган Абдужаббор Абдувоҳидов билан ўртасида юзага келган келишмовчиликлар сабаб бўлган. Унга кўра, Абдужаббор Абдувоҳидов унга қўйилган асоссиз барча айбловлар ва ҳақоратлар учун омма олдида кечирим сўраши керак.

Таъкидлаш лозим, Абдувоҳидов – қатор лавозимларда, хусусан 2018-2022 йилларда Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси лавозимида ишлагани билан жамоатчиликка таниш. АКФА университетининг собиқ ректори Бекзод Жалилов ўз баёнотида давлат раҳбаридан ўзи ва оиласи хавфсизлигини таъминлашни ҳам сўраган.

Kun.uz’га маълум бўлишича, айни пайтда иш доирасида тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва унга собиқ ректор Бекзод Жалилов ҳам жалб қилинган. 

Мавзуга оид