Чой, кофе ташишдан кинорежиссёрликкача – “даҳшатлар қироли”дан 1 долларга ҳикоя сотиб олган ўзбек қизи
Гулнора Иванова 10 йилдан бери кино соҳасида. Аслида жуда кўплаб фестивалларда мукофотланган қаҳрамонимиз ҳозирги даражасигача анча йўлни босиб ўтган. У Kun.uz'га берган интервюсида бир кун келиб ўзбек киноси ҳам Hollywood даражасига чиқишини айтади. “Бошқа киноларни ҳайрат билан француз, американча кино дейишади-ку, ўзбек киноси ҳам шундай эшитилишини хоҳлардим”, – дейди у.
Гулнора Иванова асли ўзбек, у 1989 йилда Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. Бошида суратга олиш майдончаларида кофе, чой ташиб юрган, ҳамма унга “ҳей, бу ердан қоч, халал берма”, – деб бақирган қиз айни вақт маълум ва машҳур режиссёрга айланган.
У яқинда “даҳшатлар қироли” номи билан кўпчиликка таниш бўлган, машҳур ёзувчи Стивен Кингнинг “One baby dollar” лойиҳасида қатнашиб, “Қўл сиқмаган одам” номли ҳикоясини экранлаштириш ҳуқуқини 1 долларга сотиб олди.
Солиштириш учун айтиб ўтамиз, ўта инжиқ характерга эга бу ёзувчи билан кўплаб режиссёрлар фильм суратга олиш учун 300 минг доллар атрофида ҳам шартнома тузади. Аслида Стивен Кинг муаллифлигидаги асарлар асосида жуда кўплаб дунёга танилган фильмлар ишланган. Улар қаторида “Шоушенкдан қочиш”, “Яшил макон” ҳам бор.
Гулнора Иванова Kun.uz'га берган интервюсида қандай қилиб бу лойиҳада қатнашгани, умуман кино соҳасига қачон кириб қолгани, фаолияти актрисаликдан режиссёрликка уланиб кетгани-ю, дастлаб ишлаган фильмлари ҳақида батафсил гапириб берди.
– Гулнора, аввало таклифимизга рози бўлиб келганингиз учун раҳмат. Дастлаб ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз. Исмингиздан ўзбек миллатига мансуб дейишимиз мумкин, аммо фамилия борасида бундай дейиш қийин. Аслида қаерда туғилгансиз, оилангиздагиларнинг кинога алоқаси борми, бу соҳага қандай қилиб қизиқиб қолгансиз?
– Биринчи навбатда, менинг персонамга эътибор қаратганингиз учун раҳмат. Хўп, саволга келсак, ҳа, мен асли ўзбекман. Лекин тоза ўзбек эмасман, метисман. Онам татар, отам ўзбек, бундан ташқари, авлодимизда тожик, бошқирд, мишарларнинг ҳам қони бор. Умуман олганда, мен “коктейл”ман. Ҳа, рус тилида яхши гаплаша оламан, лекин рус эмасман.
Ота-онам киносаноатга умуман алоқадор инсонлар эмас. Улар муҳандислик соҳасида бирга таҳсил олишган ва турмуш қуришган. Қисқа қилиб айтсам, оиламиз оддий, ўқимишли инсонлардан иборат, ота-онамнинг касби муҳандис. Оиламиздан фақат мен кино соҳасидаман.
Бу йўналишга бўлган қизиқишим болалигимдан бошланган. Ўша вақтларда фильмларни кўриб, болалар майдончасида ўйин тариқасида уни такрорлашга уринардик. Мен асосан режиссёр ёки оператор вазифасида бўлардим, қолганлар эса актёрлар жамоаси сифатида ишларди. Ўшанда ҳам аниқ киносаноатда ишлайман деб айтмаганман, шунчаки шундай қизиқиш бўлган холос.
Умуман олганда, мен болалигимдан ижодкор бўлганман, чизишни, китоб ўқишни ёқтирардим. Ҳатто, жуда кўп китоб ўқиганман ҳам. Лекин кинога тушиб қолишим бу билан боғлиқ эмас, фаолиятим актрисаликдан бошланган. Юзимдан кинога мос деб суратга олиш жараёнларига таклиф қилишган. Шу билан мана шу кинога кириб қолганман.
Биласизми, “съёмка”даги барча жараёнларни кўргач, менга у ёқди, соҳа ўзига жалб қила бошлади. Шу сабаб киноактриса сифатида ишлашда давом этдим, театрга қизиқардим, ишим учун ҳатто “Илҳом” театрига бориб ўқидим ҳам. Кейинроқ кинонинг яралиш жараёнига тўлиқ гувоҳ бўлиб, кузатгач, бу нарса айнан меники эканини, қолганлардан кўра шунга кўпроқ қизиқишимни англадим. Яъни нолдан бошлаб кинони суратга олиб, уни йиғиш – кадрда кўриниш, рол ижро этишдан кўра қизиқроқ эканини билдим.
– Ўзи қанчадан бери бу соҳадасиз?
– Менимча, 10 йилча бўлиб қолди. Тўғриси, ҳозир буни аниқ айтолмасам керак. Бошида шунчаки кино-кино ўйнаб юрган бир қизалоқ, кейин эса суратга олиш майдончаларида кофе, чой ташиб юрадиган, ҳамма унга “ҳей, бу ердан қоч, халал берма”, деб бақирадиган қиз эдим. Биласизми, биргина суратга олиш майдончаларида бўлиш учун ҳатто бепул ишлаб берган вақтларим бўлган. Шунчаки қизиққаним учун ҳам бунга рози бўлганман.
– Гулнора, ўзингиз суратга олган илк фильмни эслай оласизми?
– Мен олганимми? Ҳмм... Биринчи маротаба суратга олган фильмим, биласизми, максимал равишда “расво” эди. Йўқ, “расво” демайлик, бундай дейиш нотўғри. Биринчи маротаба олган фильмим... Нима десам экан, нопрофессионал эди. Ўшанда шунчаки дўстларимиз билан йиғилиб, кино олишга урингандик. Ҳатто, бунинг учун пул йиғиб, камера ҳам сотиб олгандим. Бу оддий видеокамера эди, фотоаппарат ҳам, профессионал видеокамера ҳам эмасди, тахминан 300 долларга сотиларди. Камера сотиб олгач, унда кинони суратга олганмиз. Эрта тонгда соат 6да туриб, жанговар фильм яратишга уринганмиз. Ҳатто, “съёмка” жараёнларида муштлашув ҳам бўлган. Тўғрисини айтсам, буни энг кулгили фильмим деб биламан.
– Тушунишимча, ўша вақтларда сиз ҳеч қаерда ўқимагансиз, тўғрими?
– Йўқ, албатта. Бизда фильм олишга истак бўлган холос. Бўлди... Биз жараён учун махсус чироқлар ҳам олиб келиб, уни соатлаб ушлаб турганмиз. Умуман олганда, бунга жуда жиддий ёндашганмиз, кино олишга муносабатимиз жиддий бўлган. Ўшанда кинога суратга тушиб юрган вақтларим эди, лекин режиссёр сифатида ҳали ҳеч қандай профессионал суратга олиш майдончаларида бўлмаган, ҳеч ким билан ишламаган пайтим бўлган.
Биласизми, кинода бир қизни автомобилнинг орқа юкхонасига солмоқчи бўлганмиз. Тасаввур қилинг, камерамиз жуда кичкина эди, биз эса қизни юкхонага солишимиз керак. Яъни “съёмка” бўлаётгани сезилмаганидан маҳаллада яшовчилар келиб, қизни қутқармоқчи бўлишган. Муштлашув бўлиб кетишига сал қолган. Кейин автомобилнинг айланишини ҳам суратга олганмиз, бу ҳам қизиқ бўлган. Ўшанда вилоятда эдик, жараён бир қишлоқда бўлган, тепаликда одамлар кузатиб томоша қилишган. Биринчи фильмни суратга олиш шунақа қизиқ ўтган, ҳа, биринчидаёқ жуда ажойиб тажрибани ўтказганмиз, ростан ҳам дастлабки ишимни жанрлардан бошлаганман, шунда ҳам жанговар фильм бўлган.
– Ана энди “One baby dollar” лойиҳаси ҳақида гапириб берсангиз. Дунёга машҳур америкалик ёзувчи, “даҳшатлар қироли”нинг ҳикоясини фильмга айлантириш ҳуқуқини 1 долларга сотиб олдингиз. Мана шу жараён ҳақида айтиб берасизми?
– Киносаноатга кириб келганимга анча вақт бўлгач, “Ўзбекфильм”га тушиб қолганман. Ўшанда кўзларим катта-катта бўлиб кетганди. Ҳамма тажрибали актёр-актрисалар, режиссёрлар ўтиб кетишяпти, бу ерда эса мен қандайдир мавзуга алоқаси йўқ инсондек эдим. Хабарингиз бўлса, “Ўзбеккино”нинг ўзида эмас, унинг ҳузурида ўқитадиган курслар бўлар эди. Ўша вақтларда раҳматли Шуҳрат Аббосов имтиҳонларни ўтказиб, ёшларни қабул қиларди. Мен ҳам шу курсга ўқишга кирганман.
Мана шу ўқиш давомида Рашид Маликов бизга дарс ўтарди. Курс давомида Рашид ака Стивен Кинг ва унинг дастурлари ҳақида кўп гапириб берган. Лекин мен унча ҳам қизиқмагандим, чунки арзиш ёки арзимаслигини билмагандим. Аммо кейинроқ барибир лойиҳада қатнашиб кўришга қарор қилдим ва Стивен Кингнинг бир ҳикоясини танлаб, режиссёрлик қарашларим ҳақида ёздим. У ерда атиги 20 тача ҳикоя бор эди, кўпчилик бу ёзувчи ҳамма асарларини барча учун дастурга қўяди деб ўйлайди, лекин адашишади, чунки бундай эмас.
Стивен Кингнинг 1 долларга сотиб олиб, фильмлаштириш мумкин бўлган маълум бир асарлар рўйхати бор. Ёш кинематографларни қўллаб-қувватлаш учун у шу нарсага рухсат берган. Мен мана шу рўйхатда ўзимга яқинроқ бўлган битта ҳикояни танлаб олдим ва уни фильмда қандай кўрсатишим, Ўзбекистонда уни суратга олиш қандай ўтиши ҳақида батафсил ёзиб, почта орқали хатни юбордим. Стивен менга жавоб юборишига умид ҳам қилмагандим, лекин жавоб беришди.
Менга алоқага чиқишди, шартномани юборишди. Шартномада қўйилган талаблардан бири – уларга тўланадиган бир долларнинг қоғоз вариантини почта орқали юбориш эди. Ҳа, бу қатъий ва шарт бўлган талаб эди. Менимча, Стивеннинг жавони ёш киночиларнинг бир долларига тўлиб кетган бўлса ҳам керак.
Унинг яна бир талаблардан бири бу – фильмнинг дискка ёзилган шаклини почта орқали юбориш эди. Билмайман-у, лекин бу DVD диск бўлиши керак эди. Стивен Кингнинг ўзи – бир қизиқ одам. Баъзилар ўзининг дунёсига эга, ўрмонда жойлашган уйида яшайдиган инсон дейишади. Балки катта эҳтимол билан шу сабаб ҳам ажойиб кўринар.
Хуллас, қоғоз доллар ва DVD диск шартноманинг талаби сифатида киритилганди. Тайёр фильмни шундоққина қандайдир кинофестивалга эмас, аввалига Стивен Кингга юбориш ҳам белгиланганди. У ҳатто шартномани бузиши ҳам мумкин. Агар муаллифга нимадир жуда ёқмай қолса, у алоқага чиқади ва шунчаки “йўқотинг”лар дейди. Шу билан катта меҳнат ўтмай қолади. Яъни Кинг шундай одамки, у катта маблағлар эвазига суратга олиниши керак бўлган фильм лойиҳаларини ҳам хотиржамлик билан тўхтата олади. Ҳа, унинг дастури шундай.
Лекин Стивен Кинг блан ишлашнинг ижобий томонлари ҳам бор. Агар ишларингиз унинг эътиборига тушса, кейинчалик у билан жиддийроқ лойиҳалар қилиш имконияти туғилади. Худди бир пайтлар суратга олиш майдончаларида кичкина одам ҳисобланган ва ҳозирда машҳурликка эришган режиссёр Френк Дарабонт билан бўлганидек. Буларга “Шоушенкадан қочиш”, “Яшил маскан” киноларини мисол сифатида келтириш мумкин. Умуман олганда, Стивен Кинг билан боғлиқ воқеа шундай содир бўлганди.
– Ўзи аслида бу ёзувчи кинорежссёрлар билан неча пулга шартнома тузади? Солиштириш учун айтиб кетоласизми?
– Тўғриси, Кингнинг кинорежиссёрлар билан неча пулга шартнома қилишини билмайман. Лекин шуни аниқ биламанки, бу жуда қиммат туради. Агар худо кўрсатмасин, унинг ҳикоясини рухсатисиз олиб, визуаллаштиришсангиз, ёзувчи шундай катта миқдорда жаримага тортиши мумкинки, кейин шу пулларни тўлаш учун сиз бутун умр давомида унга ишлаб беришга мажбур бўласиз.
Аниқроқ айтганда, шартноманинг қиймати жуда баланд, фильмлаштириш ҳуқуқи тахминан 350 минг доллар атрофида бўлиши мумкин. Ҳарҳолда шундай деб ўқиб қолгандим, лекин бу аниқ шундай сумма деб айтолмайман. Чунки Стивен ҳамма билан индивидуал тарзда шартнома тузади ва ишлайди. Кимгадир арзонроқ, кимгадир қимматроқ бўлади. Бу ҳикоянинг ҳажми ва ёзилиш мураккаблигига боғлиқ.
Бизнинг вазиятимизда мен 3-4 бет чиқадиган унча катта бўлмаган ҳикояни танлагандим. У ҳам лекин арзон турмайди, худди шу ҳажмдаги бошқа асар 1 доллар турмаслиги ҳам мумкин. Менимча, фильм бюджети Кингнинг фильмлаштириш ҳуқуқи учун берадиган рухсатидан арзонроқ бўлса керак.
Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси Шоҳруз Абдурайимов.
Мавзуга оид
19:33 / 24.12.2024
“Давлатнинг кино соҳасидан чиқиб кетишига ҳали вақт бор” – Озодбек Назарбеков
11:53 / 18.08.2024
Актёр Ален Делон вафот этди
12:16 / 21.06.2024
Актёр Доналд Сазерленд вафот этди
12:37 / 20.06.2024