Фан-техника | 00:53 / 05.10.2023
126893
2 дақиқада ўқилади

Дунёда биринчи марта фазода чиқинди қолдирган компания жаримага тортилди

Dish Network компанияси сунъий йўлдошни «фазовий чиқиндига» айлантиргани сабабли 150 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Фото: ESA

АҚШ Федерал алоқа комиссияси (FCC) EchoStar-7 сунъий йўлдошини нотўғри эксплуатация қилгани учун Dish Network компаниясига 150 минг доллар миқдорида жарима солди. Компания 2002 йилдан бери коинотда бўлган сунъий йўлдошни «орбитадан тўғри тушириб юбора олмаганликда» айбланган.

FCC маълумотларига кўра, Dish компанияси сунъий йўлдошни ишлаш муддати тугаши билан орбитасини кўпроқ пасайтириб юборган, оқибатда «орбитал чиқинди сифатида хавф туғдириши» таҳдиди юзага келган. Бунга сунъий йўлдошда ёқилғи тугагани сабаб қилиб кўрсатилган. Ҳозир қурилма «фазовий чиқиндига» айланиб қолган.

FCC Мажбурий ижро бюроси раҳбари Лоян Игалнинг таъкидлашича, бу одамларнинг фазони тез ўзлаштириши билан боғлиқ қарор. Унинг сўзларига кўра, FCC фазовий чиқиндилар тарқалишига қарши агрессив курашни давом эттиради.

Қайд қилинишича, жарима компания фаолиятига жиддий зарар етказиши даргумон — Dish Network 2022 йилда 16,7 миллиард доллар даромад олган. Жарима кўпроқ «огоҳлантириш» хусусиятига эга экани айтилмоқда.

Европа космик агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Ер орбитасида 1 см дан кичик бўлган тахминан 128 миллион парча, 1–10 см ўлчамдаги 900 минг ва 10 см дан каттароқ тахминан 34 минг бўлак бор. Уларнинг ҳар бири фазовий аппаратлар билан тўқнашиб, аварияга сабаб бўлиши мумкин. Кундалик хизматлар учун сунъий йўлдошларга қарамлик кучайиб бораётгани ҳисобга олинса, бундай тўқнашувлар Ер учун жиддий оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Мавзуга оид