Жаҳон | 22:12 / 05.10.2023
11258
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда коронавируснинг янги «Эрис» штамми аниқланди 

Мамлакатнинг барча ҳудудларида янги штамм билан касалланганлар аниқланган. 

Фото: Getty Images

Қозоғистонда «Омикрон» коронавирусининг янги «Эрис» штамми аниқланди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният сўзларига кўра, яқинда ўтказилган генетик тадқиқотлар шундай натижани кўрсатган. 

«Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан касалланиш даражаси пасайиб бораётганига қарамай, ўтган ой натижаларига кўра, ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, «Эрис» штамми Қозоғистонга кириб келган. Умуман олганда, биз ҳар ойда COVID-19 генетик таҳлилини ўтказамиз», деди Гиният. 

Унинг қўшимча қилишича, вирус Қозоғистоннинг барча ҳудудларида аниқланган. 

«Агар биз ўтган ойда Қозоғистонда бундай тур йўқлигини айтган бўлсак, энди синов натижаларига кўра унинг борлигини аниқлаяпмиз», деди Ажар Гиният. 

Вазирнинг қўшимча қилишича, «Омикрон» ва унинг кичик турлари билан касалланиш енгил ёки ўртача даражада ўтмоқда. Ҳозир шифохоналарда COVID-19 ташхиси қўйилган 35 киши бор. 

«Эрис» биринчи марта 2023 йил февралида аниқланди. Янги штаммнинг аломатлари ўткир респиратор вирусли инфекциялар ёки коронавируснинг бошқа турларидан деярли фарқ қилмайди. Улар: бош оғриғи, тумов, йўтал, умумий заифлик, томоқ оғриғи, иситма. 

ЖССТ маълумотига кўра, вируснинг ушбу варианти аввалгиларга қараганда тезроқ тарқалади ва вақт ўтиши билан доминант бўлиб қолиши мумкин. Аммо, фаол тарқалиш тезлигига ва иммунитет тизимини «айланиб ўтиш» қобилиятига қарамай, бу штамм оғирлик даражасига кўра бошқаларидан фарқ қилмайди. 

Мавзуга оид