Иқтисодиёт | 12:56 / 09.10.2023
22083
3 дақиқада ўқилади

Нон ва ун нархларининг қимматлашиши сезилган инфляцияга таъсир қилган асосий омилга айланган

Аҳоли вакиллари ва тадбиркорлар валюта курси ўзгаришини нархларга энг кўп босим ўтказувчи омил сифатида келтириб ўтган. Нон ва ун нархларининг қимматлашиши даромадлари 10 млн сўмгача бўлган барча аҳоли қатламлари учун инфляцияга таъсир қилган асосий жиҳат сифатида қайд этилган.    

Фото: Shutterstock

Марказий банк сентябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 0,7 фоиз бандга пасайиб, 13,5 фоизни ташкил қилган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (65 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (45 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши(34 фоиз);
  • нархларнинг сунъий оширилиши (33 фоиз);
  • бозорда монополиянинг мавжудлиги(32 фоиз).

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Сентябр ойи якунлари бўйича респондент тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари 14,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,2 фоизга пасайган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (68 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашиши (42 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (31 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (29 фоиз);
  • транспорт қимматлашиши (28 фоиз).

Шунингдек, сентябр ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,3 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри – 14,8 фоиз, Бухоро – 14,6 фоиз ва Сурхондарё вилоятида – 14,4 фоиз, энг паст даражаси эса Қорақалпоғистон – 11,6 фоиз, Навоий – 11,8 фоиз ва Жиззах вилоятида – 12,1 фоиз сезилган. 

Истеъмолчилар томонидан нархлари юқори ўсганлиги қайд этилган товар ва хизматлар:

  • нон ва ун – 53 фоиз (жами респондентларнинг улушида);
  • гўшт ва сут маҳсулотлари – 43 фоиз;
  • бензин ва ёқилғи – 34 фоиз;
  • тухум – 31 фоиз;
  • мева-сабзавотлар – 25 фоиз;
  • қурилиш моллари – 24 фоиз.

Марказий банк даромадлар даражаси кесимида сезилган инфляция даражасини ҳам тақдим қилган. Унга кўра, даромади 15 млн сўмдан ошиқ бўлган аҳоли қолганларга қараганда инфляцияни кўпроқ сезмоқда – 15,2 фоиз. Инфляция бўйича энг паст ўртача кўрсаткич ойига 2-3 млн сўм даромадга эга бўлган фуқаролар томонидан қайд этилган – 12,2 фоиз.

Нон ва ун нархларининг ошиши даромадлари 10 млн сўмгача бўлган барча аҳоли қатламлари учун асосий қимматлашган маҳсулот сифатида қайд этилган. 10-15 млн сўмлик даромад эгалари учун бензин ва ёқилғи нархлари, 15 млн сўмдан кўп даромад эгаларига эса мева-сабзавотлар нархининг ўсиши энг кўп таъсир кўрсатган.

Аввалроқ, жорий йил август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,24 фоизга ошиб, йиллик инфляция 9,19 фоизга етгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид