Жамият | 10:00 / 09.10.2023
29076
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мактаб синфхонасидан чаён топилгани бўйича расмий маълумот берилди

9-синф ўқувчиси ўзи билан қоғоз қутида мактабга жонсиз чаён олиб келган ва мактабдошларига ҳазиллашиш мақсадида чаённи коридорда қолдирган. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Юнусобод туманидаги 260-мактаб ўқувчилари синфхоналарнинг биридан чаён топгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Ҳолат Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ишчи гуруҳи томонидан аҳвол ўрганилган. 6 октябр куни 260-мактабда тахминан соат 10:20 ларда юқори синф ўқувчилари синфхонада эмас, коридорда жонсиз чаён топиб, видеотасвирга олган ва ижтимоий тармоққа жойлаштирган.

Ўрганишлар чоғида аниқланишича, мактабнинг 9-синф ўқувчиси Р.А. ўзи билан қоғоз қутида мактабга жонсиз чаён олиб келган ва мактабдошларига ҳазиллашиш мақсадида чаённи коридорда қолдирган. Бу хатти-ҳаракати учун ўқувчи Р.А. билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, бундай ҳол такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида мактаб ўқувчилари билан ИИБ инспектор-психологи иштирокида профилактик суҳбат ўтказилган.

7 октябр куни Юнусобод тумани Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассислари жалб этилиб, мактаб ошхонаси, спорт зали, коридорлар ҳамда синфхоналарида турли ҳашаротларга қарши дезинфекция ва дезинфекция ишлари амалга оширилган.

Мавзуга оид