Исроил Ғазода қуруқлик амалиётига тайёрланмоқда. Эҳтимолий сценарийлар
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракатига қарши кенг кўламли юриш амалиёти ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. «Ғазо сектори энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди», — деди Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҳарбийларга мурожаат қилиб.
Исроил секторга озиқ-овқат, сув, ёнилғи ва электр етказиб беришни тўхтатган, унинг армияси эса ҲАМАС объектлари бўйлаб ёппасига артиллерия зарбалари ва авиазарбалар йўлламоқда. Ҳаракат вакиллари эса Исроил бомбардимонни давом эттирадиган бўлса, гаровга олинган исроилликлар ва хорижликларни қатл қилиш билан таҳдид солган.
Исроилнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрданга кўра, Ғазода ҲАМАС аъзоларининг Исроил ҳудудига рейди вақтида гаровга олинган 100-150 киши тутиб турилибди. Бугунги кунга келиб ҳужум қурбонлари сони 1300 кишига етган — уларнинг катта қисми чегарадаги аҳоли яшаш манзилларида яшаган тинч аҳоли вакиллари ва мусиқа фестивалида иштирок этган хорижликлардир. Исроилнинг жавоб зарбалари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони эса 1400 дан ошди.
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори билан чегарага бир неча юз минг кишидан иборат пиёдалар ва зирҳли танк қисмларини жойлаштирган.
Аммо, афтидан, ҳарбий қўмондонлик воқеалар ривожини жадаллаштирмоқчи эмас — расмийлар бу уруш узоқ давом этиши ва ҲАМАС устидан ғалаба бир неча кун ёки ҳафтада ҳал бўладиган иш эмаслигидан огоҳлантирган.
Ғазода бошланиши кутилаётган қуруқлик амалиёти учун қандай сценарийлар бор ва Исроил армияси қандай қийинчиликларга дуч келиши муқаррар?
Ғазо сектори — Фаластиннинг Ўрта Ер денгизи соҳилидаги анклави бўлиб, шимол ва шарқда Исроилдан, жанубда Мисрдан тўсиқлар тизими билан ўраб олинган. Унинг майдони 363 кв. км.ни ташкил этади, аммо аҳолиси сони — 2,2 миллион кишидан ортиқ.
Осмонўпар бинолар йўқлигини ҳисобга олиб, бу ердаги аҳоли яшаш уйлари қанчалик тиғиз қурилганини тасаввур қилиш мумкин. Қолаверса, секторда далалар ва яйловлардан иборат қишлоқ хўжалиги ҳудудлари ҳам бор.
Ҳудуд ўн минглаб қуролланган жангчиларга эга ва маҳаллий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланадиган ҲАМАС гуруҳи томонидан назорат қилинади.
«ҲАМАС кучишлатар тузилмаларида 40 минг жангчига эга ва бу армия типидаги тузилма — интизом, мудофаага узоқ тайёргарлик, Ғазо остида ўнлаб километрлик туннел ва бункерлар қазилган», — деган BBC билан суҳбатда исроиллик ҳарбий эксперт Давид Шарп. Унинг баҳоларига кўра, Ғазодаги иккинчи йирик гуруҳ «Ислом жиҳоди» гуруҳида эса яна 10 минг жангчи мавжуд.
«Уларнинг қуроллари ёмон эмас, ўқотар қуроллардан ташқари, уларда кўплаб портловчи қурилмалар, гранатомётлар, танкка қарши ракета комплекслари, жумладан россияликларнинг „Корнет“ тизимлари мавжуд, улар беҳисоб миқдорда елкада олиб юриладиган зенит-ракета комплексларига, 120 мм калибрли миномётларга эга. „Ислом жиҳоди“ ва ҲАМАСнинг ракета арсенали 15 минг ва ундан ортиқ, бу ракеталар етти километрдан 150 километргача ҳаракатланиши мумкин», – дейди у.
«Жуда қийин вазифа»
Исроил қўшини Ғазодан олиб чиқилган ва яҳудийларнинг қишлоқлари кўчирилган 2005 йилдан буён ЦАҲАЛ кучлари бу ерда камида саккиз бор ҳарбий амалиёт ўтказган — 2006 йилда икки бор, 2008, 2008 йил охири ва 2009 йил бошларида, 2012 йилда, 2014, 2021 ва 2023 йил майида.
Буларнинг барчаси вақт жиҳатдан ҳам, кўлам жиҳатдан ҳам чекланган ва ракета зарбалари ҳамда Исроил ҳудудига ҳужум қилишга уринишларга жавобан тинчликка мажбур қилиш мақсадига қаратилганди. Узоқ вақтга бўлмаса ҳам бу амалиётлар муаммони ҳал қиларди.
Ҳозирги вазият эса мутлақо фарқ қилади. Исроил араб-исроил уруши давридан буён бир вақтнинг ўзида бунча одамини йўқотмаганди, шунинг учун исроилликлар шанба кунги ҳужумга шунчаки фаластинликларнинг навбатдаги диверсияси эмас, давлатнинг мавжудлигига жиддий таҳдид сифатида қарашмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда мисли кўрилмаган даражадаги жавоб қайтаришга аҳд қилинган — Исроил ҲАМАС ҳаракатини, биринчи навбатда унинг нафақат Исроилда, балки АҚШ, Буюк Британия ва Европа иттифоқида террорчи ташкилот деб тан олинган ҳарбий қанотини йўқ қилишни режалаштирмоқда.
«Гап узоқни кўзлаган ва аниқ мақсад — секторни бутунлай ёки деярли бутунлай назорат остига олиш ҳақида бормоқда. Бу жуда мураккаб вазифа», – дейди Давид Шарп.
Исроилга таҳдидлар бошқа йўналишлардан ҳам бўлмоқда — биринчи навбатда Ливан жанубидан, бу ерда Эрон таъсиридаги ва ҲАМАСдан қудратлироқ бўлган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи жойлашган, шунингдек, яҳудийлар давлати билан душманона муносабатда бўлган Сурия ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидан ҳам.
Исроил армияси ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш тажрибасига эга, яхши қуролланган, технологик жиҳатдан илғор ҳамда бир вақтнинг ўзида бир неча фронтларда жанг қила олади. Бу армия ўтмишда ёлғиз ўзи кўп сонли мунтазам тузилмаларга қарши тура олган. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Ғазода қандай ҳаракатланиш керак — масала шунда.
Биринчи сценарий – анъанавий
Аввал ҳам бўлганидек, Исроил армияси қуруқликдан бостириб киришдан олдин кучли артиллерия тайёргарлигини ўтказади. Бунда биринчи навбатда ҳарбий объектлар — бошқарув ва алоқа марказлари, омборхоналар, рақиб жонли кучлари тўпланган жойлар ва бошқалар йўқ қилинади.
Оловли қўллаб-қувватлаш давом эттирилган ҳолда зирҳли танк қисмлари ва пиёдалар турли йўналишлардан ҳужумга ўтиб, мудофаа чизиғини кесиб ўтади ва қаршилик ўчоқларини бостиради, бунда артиллерия зарбалари учун нишонлар ҳаводан туриб ҳам тўғрилаб берилади. Кучли радиоэлектрон уруш орқали рақибнинг симсиз радиоалоқаси ишдан чиқарилади.
Асосий кўп қаватли бинолар, шунингдек ерости туннелларига кириш жойлари яксон этилади ёки блокланади. Якуний босқичда Исроил махсус топшириқли кучлари вайрон бўлган бинолар орасига ва ертўлаларга яширинган тарқоқ отрядларни тугатишади ва уларнинг қўмондонларини қўлга олишади.
Айтишга осон…
Исроилга ҳужум ташкилотчилари воқеаларнинг бундай ривожини инобатга олишган ва унга яхши тайёрланишган.
Ғазо сектори атрофидаги ҳудудлар очиқликдан иборат ва энг оддий аэроразведка воситалари, масалан, хитойликларнинг арзон дронлари орқали ҳам рақиб қўшинлари ва техникалари тўпланишини аниқлаш мумкин. Шундай экан, қуруқлик амалиёти режалаштиришда қўққисдан ҳужум қилиш омилига таяниб бўлмайди.
Асосий зарбалар йўналишидаги миналанган майдонлар, агар йирик қуруқлик амалиёти ўтказишга қарор қилинса, жиддий хавф туғдириши даргумон — Исроил армиясида бундай тўсиқларни енгиб ўтиш учун миналардан тозаловчи замонавий воситалар етарлича. Лекин бундан ёмонроғи бор.
Замонавий ҳужум ҳаракатлари классик картинаси қуйидагича бўлади: зирҳли техника ва унинг ортидан борувчи пиёдалар биринчи хандақларга 200-300 метргача яқин бормагунича артиллерия рақибнинг олдинги чизиқлари бўйлаб ўт очади, шундан кейин зарбалар душманнинг ички ҳудудларига йўналтирилади.
Исроил армияси бунга ўргатилганми? Шубҳасиз. Душман позициялари аҳоли зич яшайдиган туманлар бўйлаб тарқалиб кетган шароитда у ўзига бундай тактикани қўллашни эп кўрадими? Бу кўпроқ риторик савол.
Шаҳар ичкарисидаги жангларда енгил қуролланган мобил гуруҳлар билан ҳаракатланиш самарадорлиги юқори — ҳужум қилаётган томон учун ҳам, ҳимояланаётган томон учун ҳам.
Мудофааланаётган томон ҳудудни яхшироқ билади, ўқ-дори омборларига эга, маҳаллий аҳоли ёрдамига таяниши, зарур ҳолатларда уларнинг ортига яшириниши мумкин. Ҳужум қилаётган томон кўпроқ жанговар техника кўмагига таянишга мажбур, шаҳарлардаги тор кўчаларда эса бу техникалар осон нишонга айланади.
Ерости туннеллари ҳам ЦАҲАЛ учун алоҳида муаммо туғдиради. Фаластинлик муҳандисларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли энди бу қурилмалар олдинги каби оддий эмас. Ғазо сектори остида бутун бир ерости шаҳри барпо этилган — йўлакларнинг мураккаб тизими казармаларни ўқ-дори омборлари билан улайди ва юқорига олиб чиқувчи юзлаб йўлларга эга. Масалан, бирор ёлғиз кампирнинг омборчаси орқали.
Фаластинликлар гаровдагиларни айнан шундай жойларда ушлаб турган бўлиши мумкин ва бу ҳолда уларни озод этиш ўта мураккаб вазифа бўлади.
Иккинчи сценарий – қамал
Аслида, қамал аллақачон бошланиб кетди — сектор ёнилғи ва электр таъминотидан узилди.
Бу мантиқий, аммо у ҳам олдиндан кутилган ҳаракат. Блокадага олдиндан тайёр бўлган комбатантлар (ҳарбийлар) ноқулайликни оддий аҳолига қараганда анча кечроқ ҳис қилади.
ҲАМАС аъзолари ихтиёрида бўлган озиқ-овқат ва ёнилғи уларга узоқроқ дош бериш имконини беради, Ғазонинг қолган аҳолиси ҳақида эса бундай деб бўлмайди.
Бундай шароитда, бир қарашда тинчроқ бўлиб кўринган қарор ҳарбий амалиётдагидан кўра оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин. Цивилизация воситаларидан узилиб қолган шаҳарда жуда тез фурсатда очлик ва эпидемия бошланиб кетади.
Бу ҳолда зудлик билан гуманитар йўлаклар очиш, филтрация лагерлари ўрнатиш, қочқинларни қаергадир жойлаштириш талаб этилади. Ғазо секторида икки миллиондан ортиқ киши яшаши инобатга олинса, Исроил ёлғиз ҳал қила олмайдиган гуманитар инқироз юзага келиши мумкин. Ва шунда калтак Исроилнинг бошида синади.
Шу билан бирга, блокада қуруқлик амалиётига муқобил бўла олмайди — Исроил барибир уни ўтказишига тўғри келади. ҲАМАС жангчилари оч қолиб, қўлларини кўтарган ҳолда таслим бўлишини кутиш соддалик бўлади.
Ёмон ва ўта ёмондан бирини танлаш
Иcроил айнан шундай вазиятга тушиб қолган. ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти муқаддам ҳеч қачон ҳозирги каби кучга эга бўлмаган. Унинг жангчилари ва қўмондонлари кўча жангларида тобланган ва яхши қуролланган.
ҲАМАС раҳбарияти ва унинг фаол аъзолари жисмонан йўқ қилиниши ҳам Исроилнинг араб дунёси билан муносабатларидаги муаммони бартараф қила олмаслиги тайин.
Аммо чегарадаги шаҳар ва кибуцларда кузатилган ҳолатлар Исроилни шошилинч чоралар кўришга ундамоқда.
Кўламига кўра Ғазодаги бўлажак амалиётни 2015–2016 йилларда Ироқнинг ИШИД жангарилари эгаллаб олган Мўсул шаҳрини озод этиш учун олиб борилган жангга қиёслаш мумкин. Икки миллион киши яшайдиган шаҳар учун жанглар тўққиз ой давом этган, минглаб кишилар ҳалок бўлган (айрим манбаларга кўра — ўн минглаб), миллиондан ортиқ киши қочқинга айланганди.
«Соф ҳарбий нуқтайи назардан қараганда, қуруқликдаги амалиёт қисқа муддатли муваффақиятга ва ҲАМАС қўмондонларининг кўпчилиги йўқ қилинишига олиб келиши мумкин. Аммо ҲАМАС билан узоқ муддатли тинчлик келишуви бўлмаслиги ҳисобга олинса, катта эҳтимол билан, у тикланиши, унинг сафларини радикал кайфиятдаги ёшларнинг янги авлоди тўлдириши мумкин», — дея ёзади BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича корреспонденти Фрэнк Гарднер.
Мавзуга оид
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
13:38 / 24.12.2024
“Болалар совуқдан музлаяпти” – БМТ вакиллари қиш фаластинликлар ҳаётини янада оғирлаштираётганини маълум қилди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024