Президент Чилонзор туманида ишга туширилган когенерация иншоотини кўздан кечирди
Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилиниши айтилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ишга туширилган когенерация иншоотини бориб кўрди.
Иншоот бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. У соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 гигакалориядан ортиқ иссиқлик ишлаб чиқариш қувватига эга.
Туркиянинг «Iltekno» компанияси билан биргаликда амалга оширилган лойиҳа учун Германиянинг газ-поршенлари ҳамда Bosch қозонлари ўрнатилган. Шунингдек, қозонхонадан истеъмолчиларгача бўлган барча иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинган. 13 минг метр узунликдаги иссиқлик тармоқлари янги, изоляцияли қувурларга алмаштирилган.
Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар 67 фоиз камаяди, оқова сув ташланмалари эса умуман бўлмайди. Лойиҳанинг яна бир самарали жиҳати - иссиқлик тақсимлаш пунктлари махсус датчиклар билан жиҳозланганида. Ҳаво совиб ёки исиб кетишига қараб, уй ичидаги ҳарорат мўътадил сақлаб турилади.
Қайд қилинишича, Тошкент шаҳри ва тегишли соҳалар мутасаддилари куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича президентга ахборот берди. Давлат раҳбари энергетика, коммунал, қурилиш ва сервис компаниялари каби барча воситаларни сафарбар қилиб, таъмирлаш ишларини якунига етказиш, энергия ва иссиқлик таъминоти барқарор қилиш, бу борада халқ назоратини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
16:20
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри юритилади
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27 / 24.12.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга ташриф буюради
20:43 / 23.12.2024