Ўзбекистон | 20:10 / 24.10.2023
12420
2 дақиқада ўқилади

Фарҳод Маннопов ўлими билан боғлиқ суд жараёни ОАВ орқали ёритилмайдиган бўлди

Бу ҳақдаги илтимоснома Фарҳод Манноповнинг адвокати томонидан судга берилган, марҳумнинг онаси ҳам адвокат таклифини қўллаб-қувватлаган. Айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари эса ОАВ ёритиши ёки ёритмаслиги масаласини ҳал қилишни судга ҳавола қилган.

Фото: Kun.uz

«Mittivine» тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими билан боғлиқ суд жараёни ОАВ орқали ёритилмайди. Қайд қилинишича, бу ҳақдаги илтимоснома Фарҳод Манноповнинг адвокати томонидан судга берилган, марҳумнинг онаси ҳам адвокат таклифини қўллаб-қувватлаган. Айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари эса ОАВ ёритиши ёки ёритмаслиги масаласини ҳал қилишни судга ҳавола қилган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Суд мазкур маcала очиқ суд мажлисида кўрилишини инобатга олиб, ОАВ ходимлари суд жараёнларида қатнашиши мумкинлиги, суд ҳукми ўқилиб, ҳукм қонуний кучга киргунига қадар жараён ОАВ орқали ёритилмаслиги ҳақида ажрим қилган.  

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 5 март куни «Mittivine» тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этди. У бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб, бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентдаги «Star med center» хусусий клиникасига мурожаат қилган. Блогер операция жараёнида кома ҳолатига тушиб қолиб, ўзига келмаган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

Кейинчалик, жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодекснинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) билан айблов эълон қилинган эди.

Мавзуга оид