Интизомийдан жиноийгача: Қимор ўйнаганлик учун қандай жазо бор?
Учкўприк туман молия бўлими бошлиғи ва туман ҳокими ёрдамчиси иш жойида қимор ўйнагани акс этган фотосурат тармоқларда айланмоқда. Ҳолат ўз тасдиғини топса давлат хизматчилари жаримага тортилиши керак. Олдин кузатилган шу каби ҳолатларда қимор ўйнаган масъуллар лавозимдан олинган эди.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Учкўприк тумани молия бўлими бошлиғи ва туман ҳокими ёрдамчиси карта ўйнаётгани, ўртага пул тикилгани акс этган сурат тарқалди. Унда расмий идора хонаси экани кўриниб турган жойда бир гуруҳ шахслар кўрпача солиб, пул тиккан ҳолда карта ўйнаб ўтирганини кўриш мумкин.
Қимор ўйнаганга қандай жазо бор?
Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли қарори билан 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқлаб қўйилган.
Бундай қилмиш учун тегишли кодексларга маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари киритилган.
Интизомий жазо. Давлат хизматчисининг қимор ўйнаши, хусусан бу “иш”ни хизмат идорасида амалга ошириши аҳлоқ одоб ҳамда интизомга оид нормаларнинг қўпол бузилишини ҳам англатади.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”га кўра, давлат хизматчилари хизмат фаолияти давомида ўз хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол ва юксак профессионал даражада бажариш, расмиятчилик, сохтакорлик ва суиистеъмолчиликка йўл қўймаслиги, ҳар қандай қонунбузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасизлик билан курашиши зарур.
Мазкур ҳужжатда давлат хизматчилари ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шартлиги, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслиги ҳам белгилаб қўйилган.
Давлат хизматчисининг Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Маъмурий жавобгарлик. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 191-моддасига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш, ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан (990 минг сўм) 5 бараваригача (1 млн 650 минг сўм) миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
Ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса шу ўйинга тикилган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, БҲМнинг 10 бараваригача (3 млн 300 минг сўм) миқдорда жарима жазоси қўлланилади.
Жиноий жавобгарлик. Жиноят кодексининг 278-моддасига кўра қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш — 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Учкўприкдаги амалдорлар ишини ким ўрганади?
Ушбу ҳолатда қилмиш икки қисмга бўлиб ўрганилиши керак. Биринчи навбатда давлат хизматчилари қиморни қаерда ўйнагани аниқланиши ва бордию бу ҳолат хизмат хонасида содир этилгани тасдиқланса ҳокимлик (иш берувчи тимсолида) интизомий жазо қўллаш масаласини кўриб чиқиши лозим. Расмий изоҳга кўра, давлат хизматчиларининг қилмиши ҳокимлик хузуридаги одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишишида муҳокама қилинган (натижаси хозирча маълум эмас).
Интизомий жазо етарли бўлмайди. Оммавий ахборот воситаларида тарқалган фотосурат ички ишлар идорасида жиноят ҳақида хабар сифатида (Форма-1 китобига) рўйхатга олиниши ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиши лозим. Ҳолат тасдиғини топса иш маъмурий тартибда расмийлаштирилиб, МЖтКнинг 245-моддаси талаби асосида Жиноят ишлари бўйича туман судига чиқарилиши лозим.
Қандай жазо қўллаш эса суднинг ихтиёрида қолади.
Учкўприкдаги ҳолат биринчиси эмас...
Иш жойида қимор ўйнаш ҳолатлари кўп учраб туради. Аксарият ҳолатларда қимор ўйнаган масъуллар бу иши ўз тасдиғини топгач, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Жумладан, 2022 йилнинг ноябр ойида ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Нурота туманидаги 52-умумтаълим мактаби директори ва унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари мактаб қоровулхонасида карта ўйнаб ўтирган видеоси тарқалганди. Ҳолат тасдиқлангачмактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинганди.
Яна бир ҳолатда эса Паст Дарғом туманидаги Қозоқ Найман маҳалласи раиси Аҳрор Арслонов интернетда қимор ўйнаётгани акс этган суратлар тарқалиши ортидан лавозимидан озод этилганди.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
19:39 / 19.12.2024
Наманганда мактаб директори хизмат хонасини қиморхонага айлантирди
13:10 / 11.12.2024
Навоийда электромонтёр 12 кишининг номига кредит олиб, онлайн қиморга ютқазиб қўйди
16:43 / 27.11.2024
Самарқандда ҳисобчи тадбиркорнинг 6,4 млрд сўмини онлайн қиморда ютқазиб қўйди
16:39 / 27.11.2024