Ўзбекистон | 12:12 / 28.10.2023
13676
2 дақиқада ўқилади

Сурайё Раҳмонова Болалар омбудсмани лавозимига сайланди 

Сенат ялпи мажлисида Сурайё Раҳмоновани Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Фото: Senat.uz

Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини (Болалар омбудсманини) сайлаш тўғрисидаги масаласи кўриб чиқилди.

Сенат томонидан Раҳмонова Сурайё Маҳмудовнани Болалар омбудсмани лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Маълумот учун, Сурайё Раҳмонова 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

У 2000 йилда Тошкент давлат юридик университетида бакалавр, 2002 йилда эса магистр даражасига эга бўлган. 2015 йилда доцент илмий унвони, 2018 йилда юридик фанлар доктори илмий даражасига эга бўлган.

Сурайё Раҳмонова 2018-2019 йилларда Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот хизматида бўлим бошлиғи ва раҳбари, 2019 йилдан АОКА бўлим бошлиғи бўлган, 2022 йилдан Сенатнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили сифатида ишлаб келган Алия Юнусова шу йилнинг сентябр ойида ўз хоҳишига кўра истеъфо берди. “Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимидаги фаолиятимга якун ясаётганимни маълум қиламан”, – деб ёзганди Юнусова Facebook'даги саҳифасида. У “ҳозирги вазият” деб нимани назарда тутганини очиқламаган.

 

Мавзуга оид