Ўзбекистон | 12:23 / 30.10.2023
5439
2 дақиқада ўқилади

Рига шаҳрида Ўзбекистоннинг фахрий консуллиги очилди

Бу - Ўзбекистоннинг Болтиқбўйидаги биринчи фахрий консуллиги.

Фото: Дунё АА

27 октябр куни Рига шаҳрида мамлакат элчиси Қадамбой Султонов, Латвия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби ўринбосари Анжейс Вилумсонс, давлат идоралари ва бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистон Фахрий консуллигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ригадаги Ўзбекистон Савдо уйи раҳбари, Outdoor Media компанияси асосчиси ва директори Владимир Галперин мамлакат фахрий консули этиб тайинланди. Тантанали тадбирда унга тегишли консуллик патенти топширилди.

Бу Ўзбекистоннинг Болтиқбўйидаги биринчи фахрий консуллигидир.

Фото: Дунё АА

Янги фахрий консул Латвияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, латвиялик сармоядорлар ва сайёҳларни республикага жалб этиш, мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Латвия ва бошқа Болтиқбўйи давлатлари бозорларига экспортини кўпайтириш жараёнларида фаол иштирок этади. Шунингдек, меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, маданий-ҳуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашади.

Маълумот учун, ҳозирги кунда хорижда мамлакатнинг 30 га яқин фахрий консулликлари фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга оид