Ўзбекистон | 20:44 / 02.11.2023
11548
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон сув масаласида келишиб олди

2024 йил 1 апрелга қадар Қозоғистоннинг Чордара сув омборига 11,1 куб км сув қуйилиши прогноз қилинмоқда. Ўзбекистонга оид рақамлар маълум эмас.

Фото: Kun.uz

Қозоғистон уч давлат билан сув бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлигига таяниб Tengrinews хабар берди.

Қайд қилинишича, Тошкентда Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссияси йиғилишида Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидаги сув омборлари каскадининг прогноз режими тўғрисидаги баённомани имзолаган, шунингдек, дарёлардан сув олиш лимити тасдиқланган.

«2024 йил 1 апрелга қадар Қозоғистоннинг Чордара сув омборига 11,1 куб километр сув қуйилиши прогноз қилинмоқда, «Дўстлик» давлатлараро канали орқали кутилаётган сув олиш ҳажми эса 487 миллион куб метрни ташкил этади. Бу Қозоғистоннинг Туркистон ва Қизилўрда вилоятларида 2024 йилги вегетация даври учун зарур бўлган сув ҳажмини тўплаш ҳамда Орол денгизига 1,6 миллиард куб метр сув етказиш имконини беради», дейилади хабарда.

Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссиясининг Тошкентдаги йиғилиши ҳақида Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ҳам хабар берди. Бироқ, ҳеч қандай рақамларни келтирмади.

«Йиғилишда минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролбўйи ҳудудида сув ва экологик вазиятни яхшилаш, 2023-2024 йиллар кузги-қишки мавсум учун сув олиш бўйича прогноз лимитлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди ҳамда ҳисоботлар эшитилди. Комиссия аъзолари давлатларнинг Амударё ва Сирдарё ҳавзаси бўйича 2023-2024 йиллар кузги-қишки мавсум учун сув олиш бўйича прогноз лимитини тасдиқладилар», дейилади хабарда.

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши 2024 йил январ ойида Қозоғистонда ўтказилади.

Мавзуга оид