Иқтисодиёт | 19:00 / 06.11.2023
48943
3 дақиқада ўқилади

МБ: Икки томонлама дефицит таркибий ислоҳотларга заруратни кучайтирмоқда

Ўзбекистонда давлат харажатларининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши нафақат бюджет тақчиллигини оширяпти, балки импортга қўшимча талаб яратиб, ташқи савдо балансидаги тақчилликнинг ортишига ҳам туртки беряпти. Икки томонлама дефицитнинг узоқ давом этиши дефолт хавфини юзага келтириши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки давлат харажатлари ўсишининг мамлакат ташқи савдо балансига таъсирини ўрганди. Ўрганиш натижалари МБ Бошқаруви томонидан тасдиқланган “Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг дастлабки концептуал лойиҳасига илова қилинган.

Монетар органнинг эътибор қаратишича, 2022 йилда Ўзбекистон ташқи савдо балансидаги тақчиллик (экспорт ва импорт миқдори ўртасидаги манфий фарқ) ЯИМга нисбатан 14,2 фоизга етган. Бу кўрсаткич 2017 йилда валюта эркинлаштирилганидан кейин 2018 йилдан буён 10 фоиздан кам бўлмай келяпти.

Статагент маълумотлари асосида Марказий банк ҳисоб-китоблари

Ташқи савдодаги манфий дисбаланс ортиб бориши – сўнгги йилларда бюджет тақчиллигининг ҳам ортиши фонида рўй бермоқда. Давлат харажатларининг ошиши импортга қўшимча талабни юзага келтирмоқда, импортнинг ўсиши эса мамлакат ташқи савдо балансига босим ўтказяпти.

“Давлат бюджети таркибида жорий харажатларнинг салмоқли улуши (ўртача 75-80 фоиз) иқтисодиётда қўшимча талабнинг шаклланишига билвосита таъсир кўрсатиб, маҳаллий ишлаб чиқаришнинг чекланганлиги шароитида бюджет харажатлари ўзгаришига импортнинг таъсирчанлигини оширмоқда.

Давлат харажатлари ва импорт ҳажми ўртасидаги боғлиқлик (корреляция коэффициенти) 84 фоизни ташкил этиб, улар ўртасида сезиларли боғлиқлик мавжудлигини кўрсатмоқда.

Эмпирик таҳлилларга кўра, фискал харажатларнинг 1 фоизга оширилишининг импорт ҳажми ўсишига яхлит таъсир давридаги кумулятив мультипликатор эффекти 0,6 фоизга етиши мумкин”, – дейилади Марказий банк ахборотида.

Монетар сиёсат органига кўра, мамлакатда нисбатан узоқ даврда икки томонлама (ташқи савдо баланси ва давлат бюджети) тақчилликнинг давоми этиши кузатилмоқда, бу эса келгусида  фискал харажатлар самарадорлигини ошириш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган таркибий ислоҳотларни изчил давом эттириш заруриятини янада кучайтирмоқда.

Марказий банк мутахассислари бюджет тақчиллигининг жорий ҳисоб тақчиллигига таъсирини Шри-Ланка мисолида ўрганган.

Қайд этилишича, Шри-Ланки ҳукуматининг йиллар давомида бюджет харажатларининг катта қисми ижтимоий соҳа ва норентабел инфратузилма лойиҳаларига йўналтиргани бюджет тақчиллиги ўсишига сабаб бўлган. Вужудга келган тақчилликнинг ташқи қарз ҳисобига молиялаштирилиши эса, ўз ўрнида, жорий ҳисоб тақчиллиги ошишига олиб келган. Узоқ йиллар давом этган икки томонлама тақчиллик мамлакатнинг 2022 йилда ташқи мажбуриятлар бўйича дефолт эълон қилишига сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тақчиллиги мўлжалдагидан 2 баробарга ошиб кетиб, ЯИМга нисбатан қарийб 6 фоизга етган. Йил якунида бу кўрсаткич 5,5 фоизни ташкил этиши кутиляпти.

Эндиликда ҳукумат 2024 йилда 4 фоизлик, 2025-2026 йилларда 3 фоизлик дефицитни прогноз қилмоқда.

Мавзуга оид