Ўзбекистон | 10:43 / 08.11.2023
14823
2 дақиқада ўқилади

«Дендропарк»да ноқонуний тарзда эгаллаб олинган бинолар бузилмоқда 

Бинолар тегишли суд қарори асосида бузилмоқда. Дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги «Дархон» илмий-тажриба станцияси («Дендропарк»)да ноқонуний тарзда эгаллаб олинган бинолар тегишли суд қарори асосида бузилмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа мутасадди давлат идоралари билан ҳамкорликда «Дендропарк»да дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланганди. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 198- (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 205-моддалари (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Октябр ойи бошида маҳкама матбуот хизмати Тошкент туманидаги мазкур манзарали боғдорчилик ва ўрмон илмий-тажриба хўжалиги ҳудудида экилган қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлар нобуд қилинаётгани ҳақида хабар берган. 85 туп қимматбаҳо навли ноёб ёнғоқ дарахтлари кесиб ташланган, дарахтларнинг 103 тупи эса масъулиятсизлик сабаб қуриб қолишига олиб келинган.

 

Мавзуга оид