Ўзбекистон | 10:36 / 08.11.2023
9040
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда айрим мансабдорларнинг Сенат томонидан сайланиши тартиби белгиланди

Судялар олий кенгаши раиси ва аъзоларини, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини ҳамда Рақобат қўмитаси раисини президент тақдимига биноан Сенат томонидан сайлаш тартиби белгиланди.

Фото: Kun.uz

Президент фармони билан айрим қонунчилик ҳужжатларини янги таҳрирдаги конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Судялар олий кенгаши раиси ва аъзоларини, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини президентнинг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайлаш тартиби белгиланди.

Янги таҳрирдаги конституциядаги давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланишига оид талабдан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлардаги бундай чекловлар бекор қилинади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинади.

Вазирликлар, Бош прокуратура ва Олий суд 2024 йил 1 январгача ўзларига бириктирилган соҳа ва тармоқлар кесимида қонуности ҳужжатларни янги таҳрирдаги конституцияга мувофиқлаштириш бўйича Адлия вазирлигига таклиф киритади. 

Бунда, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини таъминлаш, шу жумладан, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, ушбу масалаларни фақат қонунлар билан белгилаш;

инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ чекланиши мумкинлиги тўғрисидаги конституциявий талаб асосида барча қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;

давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги тўғрисидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқиш;

уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлаш, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигига оид конституциявий нормалардан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши тўғрисидаги конституциявий нормага мувофиқ қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш.

Мавзуга оид