Ўзбекистон | 09:42 / 10.11.2023
7568
6 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукуматни Болалар омбудсманига етарли шароитлар яратишга чақирди

Ҳуқуқ ҳимоячилари – Гулноз Мамарасулова, Абдураҳмон Ташанов ва Раззоқ Алтиев Kun.uz’га берган интервюсида ҳукуматнинг болалар ҳимояси йўлидаги ишлари етарли бўлмаётганини айтиб, болалар омбудсманига ишлаш учун керакли шароитларни яратиб беришга чақирди.

Kun.uz:

Ўзбекистонда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, тўлиқ давлат таъминотида турган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари билан боғлиқ муаммолар камаяётгани йўқ. Хўш, бу соҳадаги тизимли муаммо қаерда ўзи, ҳукумат нега ўз васийлигидаги болаларни ҳимоя қилолмаяпти? Нима қилиш керак бунинг учун?

Гулноз Мамарасулова:

— Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қанча ташкилотлар бор. Энг асосийси болалар ҳуқуқлари омбудсмани. Лекин яқинда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат ҳам бор: болалар омбудсмани – Алия Юнусова истеъфо берди. Бунга унинг самарали ишлаши учун ходимлар ва ресурслар етмаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Ростдан ҳам бутун республика ташкилоти учун бармоқ билан санарли 4-5 та ходим камлик қилади.

Яқинда вилоятлардан биридаги болалар боғчасида зўравонлик бўлган, менга бу ҳақда мурожаат келиб тушган. Болалар ҳуқуқлари омбудсманига боғландим. Лекин ўша пайт унинг раҳбари истеъфога чиққан. Шикоят қилиш учун тизим, қанақадир ишонч рақамлари борми, деб сўрадим. Лекин бундай рақам ишлатилмас экан. Веб-сайтидаги рақамлар ҳам ишламаган. Бутун бир республика миқёсидаги ташкилот бу. Очилаётган ҳолатлар ижтимоий фаоллар орқали юзага чиқяпти фақат. Ҳукумат томонидан болаларнинг хуқуқини ҳимоя қилувчи тизим ишламаяпти,бу оғир аҳволга олиб келади.

Kun.uz:

Бутун бошли болалар омбудсманида шундай ҳолат. Балки унга ёрдамни пул йиғиб, телефон аппарати олиб беришдан бошлармиз.

Гулноз Мамарасулова:

—Педофилияга қарши курашда дунё давлатларида турли оғир бўлган жазо чоралари, профилактик тизимлари бор. Умуман, турли йўл билан кураш олиб боришади, яъни қатъий, енгил бўлмаган чоралар билан.

Абдураҳмон Ташанов:

— Муаммони ҳал қилиш учун олдин уни тан олиш керак, кейин истак бўлиши керак. Ана ундан кейин ишлаш тизимлари ишлаб чиқилади. Аммо бундай тан олишни ҳам, истакни ҳам ҳукуматда кўраётганимиз йўқ. Kun.uz ёки бошқа бир нечта сайтлар бу катта муаммо ҳақида гапиряпти холос. Дейлик, давлат даражасидаги жамоатчилик фаоли Саида Мирзиёевадан бошқалар буни кўтаргани йўқ. Яъни Ўзбекистон ҳукумати ҳали бу масалага муаммо деб қараётгани йўқ. Қачонки шуни тан олса, давлат дастури тузилса, шунда ечимга қараб боришимиз мумкин. Ҳали бундан ташқари кўпгина муаммолар кутиб турибди. Ҳукумат терлаб ишлаши керак. Қанақадир мусиқий фестиваллар учун миллион-миллиардлаб харажат кетади. Лекин болалар ҳуқуқлари омбудсманига шароит йўқ, маблағ йўқ.

Нафақат бола ҳуқуқлари, балки инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам чуқур кўриб чиқиш керак. Мактабда ўқитилмайди, олий таълимда ўқитилмайди, дарсликлар йўқ. Жамиятда, доираларда бу нарса бўйича тушунча йўқ. Бирорта судга бориб, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисиман, десангиз, омбудсманми, дейди, билмайди ҳам. Мана шундай муаммолар борлигини тан олса ва масалани ўртага қўйса, шунда ҳал бўлиши мумкин, бўлмаса — йўқ.

Жамоатчилик жазони кучайтиришни сўрайди, адолат талаб қилади — улар ҳақли. Жамоатчиликнинг талаби — бу масалалар бўйича яхлит сиёсат ишлаб чиқиш. Омбудсманни кучайтириш, фақат тарғибот билан машғул Республика инсон ҳуқуқлари маркази фаолиятини қайта кўриш керак. Биз гапираверамиз, лекин натижа бўлаётгани йўқ.

Гулноз Мамарасулова:

— Абдураҳмон аканинг фикрларини қўллайман. Омбудсман ваколатини ошириш, қонунчилик ва жазони кучайтириш билан ҳам муаммо ҳал бўлиб қолмаслиги мумкин. Жаҳон тажрибасида кузатилган бу. Бизда педофилия, жинсий дахлсизлик мавзуларига табу сифатида қарашади. Керак бу нарсалар.

Раззоқ Алтиев:

— Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган болалар 35 фоиздан ортиқ. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари фақат ва фақат давлат ҳимоясидаги болалар ҳисобланади. Чет давлатларда бир оилада бола асраб олмоқчи бўлса, жуда қаттиқ текширувдан ўтади кўпгина категориялар бўйича. Бизда ҳам тартиблари бор. Лекин мана бундай ҳолатлар кўпайиши биз учун, тизим учун уятли ҳолат.

Назорат масаласи муҳим бу ерда. Болалар омбудсманига янги тайинланган раҳбар ҳам яхши мутахассис, лекин керакли ресурслар, кадрлар бўлмаса, республика бўйича назорат имкони бўлмаса, нима қилсин улар? Биз фақат прокуратурага ишониб қолганмиз. Лекин кўриняптики, қандайдир сабабларга кўра прокуратура вояга етмаганлар билан тўлиқ шуғуллана олмаяпти. Шунинг учун омбудсманга керакли шароитларни яратиб бериш лозим. Жамоатчилик вакиллари учун ҳам болалар билан психолог ёрдамида суҳбатлашиш, ҳолатни кўриш имкони бўлиш керак. Болаларга ҳам жамиятга кириш имконини бериш керакдир, ҳамма борадиган мактабга борсин, муҳитда бўлсин. Бир ҳудуд қилиб, уларга қулайлик яратяпмиз деймиз, лекин у ерда нима бўлаётганидан жамоатчиликнинг, давлат органларининг хабари йўқ. Мана шу ҳолатларга чуқурроқ кириб бориш керак.

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид